Ўзбекистон | 20:27 / 26.06.2020
13956
5 дақиқада ўқилади

Адирдаги иссиқхоналар: лойиҳа мингта оила бандлигини таъминлайди

Наманганга сафар чоғида Чортоқ туманининг адирларида барпо этилаётган 1000та иссиқхона лойиҳаси билан танишдик. Қизиғи, иссиқхоналарнинг дастлабкиларида экинлар гулга кирган бўлса, сўнгги қурилаётганлари учун ажратилган ер ҳали тош ва қумлоқдан иборат.

Лойиҳа кўламини ҳис қилиш учун адирнинг юқори нуқтасига чиқиб кўрдик. Ёнма-ён жойлашиб, кичик шаҳарча кўринишига келган иссиқхоналарга жуда катта меҳнат сарфланган. Лекин кутилаётган натижа ҳам анча салмоқли. Чунки бу лойиҳанинг амалга ошиши асосан ёшлар ва аёллардан иборат минг кишини иш билан таъминлайди.

Айни пайтда 36 гектар майдонни эгаллаётган иссиқхоналарнинг 802таси битган, қурилиш узлуксиз кетяпти, қолганлари ҳам июль ойи давомида битказилиши режалаштирилган.

Иссиқхоналарда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган. Умумий қиймати 13 млрд сўм бўлган лойиҳанинг 6,7 млрд сўми Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан, 6,3 млрд сўм эса Ўзмиллийбанк имтиёзли кредити ҳисобидан молиялаштирилган.

Давлат раҳбари бу лойиҳа билан танишуви чоғида аҳоли бандлигини таъминлашда тизимли ишларни давом эттириш зарурлигини, шу йўналишда камида ўн мингта иш ўрни яратиш лозимлиги қайд этилди.

«Одамларимиз ислоҳотлар самарасини сезиши керак. Уларни рози қиладиган тизим яратишимиз лозим», деган президент.

«Баланд адир» ҳудудидаги ёшлар учун 1000та иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси тўғрисида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ва Ёшлар Иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев билан суҳбатлашдик.

«Энг минимал ҳисоблаганда бир иссиқхона 13-18 миллион сўм фойда қилади»

Нозим Ҳусанов – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири:

– Иссиқхоналарнинг эгалари ҳар бири бир оила саналади. Улар Чортоқ туманидаги аҳолининг деҳқончилик қилишга хоҳиш билдирганлари орасидан саралаб олинган. Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланмоқчи бўлган, лекин ўзларининг томорқаси кичик бўлганлар учун катта имконият бўлди.

Иссиқхоначилар билан ишлаш учун эса етакчи тадбиркор танлаб олинган. Улар кўчат экиш, агротехник тадбирлар учун маслаҳат бериш, дорилаш ишларини ташкил қилишга ёрдам беради ва охирида етиштирилган маҳсулотларни тўлиқ сотиб олади.

Чортоқда Наманган шаҳридаги мономарказнинг филиалини ҳам очдик ва одамларни иссиқхоначилик, балиқчилик, қуёнчилик каби турли йўналишларга қисқа муддатли 3-4 кунлик курсларда ўқитамиз.

Адирликка ишчиларни ташиш учун транспорт масаласини ҳал қилиш устида бош қотираётганимизда «Damas» автомашинасига эга тадбиркорлар ташаббус билан чиқишди. Йўналиш қўйилса бас – улар хизматга шай.

Иссиқхоналарда фаолият бошлаётган одамлар билан қандай маҳсулот етиштириш мумкинлигини, қайси сабзавотга талаб юқорилиги ҳақида маслаҳатлашдик. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, иссиқхоналардан ўртача бир марталик ҳосилдан 13-18 миллион сўм фойда кўриш мумкин. Бу энг минимал нархлар билан ҳисобланган. Демак, кўпроқ ҳаракат қилиб, иссиқхона орқасидан яхшироқ фойда олиш мумкин.

«1+1»нинг натижасини «11» қиладиган замонда яшаяпмиз – ёшлар тадбиркорлиги ҳақида

Алишер Саъдуллаев – Ёшлар иттифоқи раиси:

– Лойиҳа орқали қайси ёшнинг салоҳияти қанақа эканини билиб оламиз. Эҳтимол, иссиқхона қуриб берилган ёшларнинг 70 фоизи кейинчалик ишини эплаб кетиши мумкин. Мана шу 70 фоиз аҳолига камбағалликдан халос бўлиши учун ёрдам бериш ҳам катта натижа.

Энг муҳими, лойиҳада қатнашаётган ёшларнинг мулкка эга бўлишига эришамиз. Бу жуда муҳим, сабаби инсон ўзида мулкдорлик туйғусини ҳис қилса, уларда ўзига бўлган ишонч ортади, мотивация пайдо бўлади.

Лойиҳада маблағ кредит асосида берилаётганининг ҳам сабаблари бор. Бу унга эга бўлган ёшларга масъулият ҳиссини юклайди, улар ҳисоб-китоб асосида ишларини ташкиллаштиришади. Бунинг билан одамларда кузатилиши мумкин бўлган боқимандалик кайфиятининг олди олинади ва тадбиркорлик ҳисси уйғонади.

Ҳозир «1+1»нинг натижасини «11» қиладиган замонда яшаяпмиз. Буни тадбиркорлик асосида қилишимиз лозим. Биз мана шундай мазмундаги лойиҳаларни ҳам амалга ошириш учун ҳам ҳаракат қиламиз.

Акмалжон Мўйинов – иссиқхона эгаси, ёш тадбиркор:

– Бодрингнинг «Орзу» навини экдим. Худо хоҳласа, 70 кунда тайёр бўлади. Маҳсулотимизнинг харидори тайин, консерва учун олишади. Ўртача 3,5 тонна ҳосил олишни мўлжаллаяпман.

Яхши томони, шу ерга келиб кўчатларимиз қанақа касалликка чалиниши мумкинлиги, ерга қандай ишлов бериш кераклигини батафсил тушунтиришади.

Дилафруз Ғаффорова, иссиқхона эгаси:

– Ёшим 18да, шу лойиҳанинг энг ёш тадбиркорларидан бириман. 5 км жойдан оилавий келиб ишлаймиз. Ҳар бир кўчатдан ўртадан 7 кг.дан ҳосил олишни режалаштиряпмиз.

Адирлик бўлишига қарамай, ҳар бир иссиқхонага алоҳида суғориш тизими қилиб берилган. Насиб қилса, шу йилнинг ўзида 17,5 млн сўм даромад қилишни мўлжаллаяпман.

Аброр Зоҳидов

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид