Light | 12:09 / 20.10.2019
94926
5 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларга энг кўп маош тўланадиган давлат қайси?

Мактаб ўқитувчиларининг ойлиги энг юқори, лекин Европадаги «энг бахтсиз одамлар» яшайдиган давлат – Люксембург.

Люксембург – Европада жойлашган, ҳудуди жиҳатдан кичик мамлакатлардан бири экани кўпчиликка маълум. Аммо бу давлат хақида биз билмаган қизиқарли фактлар талайгина. Масалан, Люксембург – дунё миқёсида мактаб ўқитувчиларининг ойлиги энг юқори давлат ҳисобланади.

Adme ушбу мўъжаз юрт ҳақидаги шу ва бошқа қизиқарли маълумотларни тақдим этди.

1.  Ўрта таълим педагогларининг маоши 7 минг доллардан бошланади

© Depositphotos

Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт ташкилоти маълумотига кўра, Люксембург – мактаб ўқитувчиларига тўланадиган маош миқдори бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Бу ерда муаллимларнинг обрўси анча юқори ва бу касб эгаларининг ойлиги 7 минг доллардан бошланади.

Люксембургда 15 йиллик тажрибага эга мактаб ўқитувчиси ўртача 9700 доллар ойлик олади. Ўз касбининг ҳақиқий эгаси бўлган ўқитувчилар эса ойига 12200 долларгача маош олишлари мумкин.

2.  Минглаб кишилар ҳаётини сақлаб қолган истеҳкомлар 

© Philippe Clément / UIG Travel and Satelite / East News

Бок номли истеҳкомлар — ЮНЕСКО томонидан муҳофаза қилинадиган, узунлиги 17 км бўлган ерости туннеллари тармоғи. Илк секциялари 1644 йилда қурилган, кейин эса аста-секин кенгайиб борган. Улардан иккита жаҳон урушлари вақтида 35 минг нафаргача кишини сиғдира оладиган бомбадан сақланадиган жой сифатида фойдаланилган.

Люксембургдаги кўплаб қадимий уйлардан Бок истеҳкомлари ер ости йўналишларига ўтиш мумкин.

3.  Аҳолисининг катта қисми – хорижликлар

© Polina Sushko / Unsplash

Люксембургда беш юз мингдан ортиқ киши яшайди. Уларнинг 47 фоизи – бошқа мамлакат (асосан, Португалия, Франция ва Италия) фуқаролари.

Бу ерга ҳар куни қўшни давлатлар – Бельгия, Германия ва Франция фуқаролари ишлаш учун келишади. Иш шароитларининг қулайлиги уларни ўзига жалб этади. Жамоат транспорти ёки кўчадаги қаҳвахонага тушиб қолганингизда ўнлаб тилдаги суҳбатлар қулоғингизга чалинади.

4.  Люксембургликлар - полиглотлар

© The Coach Space / Pexels  

Агар люксембурглик бўлсангиз, ўз-ўзидан полиглотга айланасиз. Гап шундаки, мамлакатда учта давлат тили мавжуд: француз, немис ва люксембург тили (ҳа-ҳа, шундай тил мавжуд). Люксембург тили 1984 йилда тил мақомини олган мозельск-франк диалектидир.

Тиллар орасида тенг ҳуқуқлиликни кузатиш мумкин. Масалан, ОАВда сарлавҳаси немис тилида, матни эса люксембургчада бўлган материалга дуч келиш мумкин.

5.  Жон Леннон ва Люксембургни нима бирлаштириб туради?

© Wojtek Laski / East News

«Зулмга йўқ деймиз» ҳайкали 1980 йилда швед рассоми Карл Фредрик Рейтерсворд томонидан британиялик мусиқачи Жон Ленноннинг ўлдирилиши хотирасига атаб яратилган. Люксембург ҳукумати ҳайкални сотиб олиб, уни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳига ҳадя қилган. Лекин Люксембургнинг ўзи ҳам ҳайкалсиз қолмаган: Киршберг районида ҳам худди шундай ёдгорлик мавжуд.

Айтганча, дунёда бу ҳайкалнинг 30га яқин нусхалари бор.

6.  Люксембургликлар — Европадаги энг бахтсиз кишилар

© Francois Walschaerts / AFP / East News  

Ҳайратланарли, бироқ халқаро бахт индексида Люксембург – 2009 йилда 122-ўринни эгаллаган, 2016 йилда эса рейтингда иштирок этган 140 мамлакат ичида 139-ўриндан жой олган. Европанинг ҳеч бир мамлакати бундай паст ўринда қайд этилмаган.

Индексни ҳисоблашда учта кўрсаткич асос қилиб олинади: одамларнинг ҳаётдан қониққанлиги, фуқаролар ҳаётининг кутилаётган давомийлиги ва экология ҳолати.

Шунингдек, турли мамлакатлардаги турмуш даражасини таққослаш учун ЯИМнинг аҳоли жон бошига кўрсаткичидан ҳам фойдаланилади (Люксембургда мазкур кўрсаткич 2017 йилда 104 103,04 долларни ташкил қилган). Бироқ бу рақам ҳар доим ҳам кишилар бахтни тўлақонли ҳис этиб яшаётганини акс эттиравермайди. Ахир кўпчилик нафақат бой, балки бахтли ва соғлом бўлишга ҳам интилади.

7. Буни қарангки, Шенген Люксембургда жойлашган экан

© MilenaP / Photononstop / East News

Шенген зонаси, виза ва шу номдаги шартнома – Люксембургда жойлашган кичик шаҳарча шарафига шундай аталган.

Бунинг тарихи қуйидагича: 1985 йилнинг 14 июнь куни Шенген шаҳридан узоқ бўлмаган Мозель дарёсидаги «Малика Мария Астрид» кемасида 5та давлат вакиллари Шенген келишувини имзолашган. Бу жой бежиз танланмаган: бу ерда уч мамлакат – Люксембург, Франция ва Германия чегаралари туташган.

Мазкур келишув 1995 йилга келибгина кучга кирди, 1999 йилда эса Европа Иттифоқининг Шенген қонунчилигига айланиб, ўз кучини йўқотди.

Мавзуга оид