Жаҳон | 18:58 / 01.03.2026
7699
11 дақиқада ўқилади

Америка Эронда уруш бошлади — ҳафта дайжести

Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 1 март, якшанба. Кеча қишнинг охирги куни дунёда яна бир уруш бошланди. Ўтган ҳафтадаги дайжест сарлавҳасини «АҚШ урушга тайёр» деб қўйгандик, воқеалар уруш пишиб келаётганини кўрсатаётганди-да. Шундай қилиб бу йилги 28 февралда ҳам дунё қандайдир катта воқеага гувоҳ бўлди. Бир йил аввал Зеленский Оқ уйда Трамп билан урушиб қолганди, бу йил Америка Эронда уруш бошлади.

Америка «СВО» бошлади

28 феврал куни АҚШ Эронга зарба беришни бошлади. Бир кун аввал Трамп Эроннинг ядровий келишув бўйича музокараларда танлаган позициясидан хурсанд эмаслиги, лекин ҳали зарба бериш бўйича қарор қабул қилмаганини айтганди. «Эрон ядро қуролига йўқ, деган сеҳрли сўзларни айтмаяпти», деганди, хусусан, Америка президенти.

Шанба куни бошланган ҳужумда Америка Яқин Шарққа юборган кемалардан туриб зарба йўллади. Хусусан, Эрон осмонида «Tomahawk» ракеталари учаётгани акс этган видеолар пайдо бўлди. Эрон пойтахтидаги портлаш кадрлари тарқалди. Исроил нашрларининг ёзишича, Америка ва Исроил Эрон бўйлаб тўрт кунлик интенсив зарбаларга тайёрланган. Шанба куни кечга бориб Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ўлгани маълум бўлди.

Кўп ўтмай Доналд Трамп уруш бошлангани ҳақида баёнот берди. «Эрондаги режим ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлолмайди. Улар 47 йил Америкага ўлим деб бақиришди, оммавий террор уюштиришди, биз ортиқ бунга тоқат қилолмаймиз», деди Трамп. Шунингдек, Америка президенти навбатдаги марта эронликларни ҳукуматни қўлга олишга чақирди. «Биз тугатганимиздан кейин ҳукуматни қўлга олинг, сиз бунга лойиқсиз. Эҳтимол бу сизнинг ягона имконингиз бўлади. Кўрамиз, сиз бунга қандай жавоб бераркансиз», деди Трамп.

Кун ярмида Эрон Исроил бўйлаб жавоб зарбалари йўллади. Исроилда барча куч тузилмалари жанговар шай ҳолатга келтирилган, одамлардан эҳтиёт чораларини кўриш, бомбапаналарга кириш буйруқларига амал қилиш сўралган. Давлатларнинг Исроилдаги элчихоналари фуқароларига эвакуация чораларини эслатиб хабарлар берди. Эрон жавоб зарбаси ўлароқ, АҚШнинг Яқин Шарқдаги базаларига зарба бериши кутилганди. Ҳужумдан кўп ўтмай БАА, Баҳрайн, Кувайт ва Қатарга ракета учирилган. Доналд Трамп бекорга Пентагонни уруш вазирлиги деб ўзгартирмаган кўринади.

Бу худди ўтган йил ёздаги Исроилнинг Эронга зарбаларини эслатмоқда, ўшанда Исроил аниқ одамларни ўлдиришга асосланган операциялар ўтказганди, ҳозир ҳам шунга ўхшаш зарбалар бўлди. Лекин Америка бу шунчаки зарбалар серияси эмас, «Эрон режимига қарши бутун бошли операция эканини» билдирди, унга «Epic fury», яъни «эпик ғазаб» деб ном ҳам беришди. Хуллас, Трамп Эронда «СВО» бошлади. Лекин америкаликлар Теҳронни уч кунда олмоқчи эмас, Америка ҳарбийлари Эронга кирмаса керак.

Покистон – «Толибон» уруши

Ҳафта давомида Покистон ва «Толибон» ўртасида тўқнашув бошланиб кетди. Мен буни Покистон – Афғонистон уруши эмас, Покистон – «Толибон» уруши деган бўлардим. Бу айнан толиблар ва Покистон ўртасидаги низо. Афғонларнинг покистонликлар билан муаммоси бўлмаган. Бир неча йил аввал толиблар Покистонга ҳужум қилишини тасаввур қилиш имконсиз эди. Чунки Америка Афғонистонга кирганда толиблар учун энг хавфсиз жой Покистон эди, уларнинг бу давлатда штаб-квартираси ҳам бор эди. Лекин толиблар Афғонистонда ҳукуматни қўлга олгач, Покистон билан тортишувлар бошланди, томонлар ҳар замонда бир-бирига зарбалар берди.

Охирги эскалация вақтида толиблар ҳатто Покистоннинг чегарадаги ҳудудларини эгаллаб олганини айтди. Покистон мудофаа вазири Ҳаваж Асиф «Толибон» «Ҳиндистоннинг қўғирчоғига айлангани» ҳақида айтиб, уларга қарши очиқ уруш бошланганини эълон қилди. Тўқнашувда ҳар икки томондан юзлаб одам ҳалок бўлган.

Толиблар Покистонга уларнинг ўтган ҳафтада Афғонистон бўйлаб зарбаларига жавобан операция бошлаганини айтмоқда. Покистон чиндан ўтган ҳафта Афғонистон бўйлаб зарбалар берган, нишон «ИШИД Хуросон» ва «Таҳриқ а Толибон Покистон» гуруҳининг лагерлари бўлганди. Хуллас, биздан унча узоқ бўлмаган сарҳадларда яна бир уруш бошланди. Шунчаки маълумот учун, Покистонда ядро қуроли бор.

Кубани «дўстона эгаллаш»

Ҳафта давомида Кубада ғалати ҳодиса юз берди. Флоридадан йўлга чиққан катер ва Куба чегарачилари ўртасида отишма чиқди. Оқибатда тўрт киши ҳалок бўлган. Куба томонининг айтишича, тезкор катерда қуролланган 10 киши бўлган. Кема Куба сувликларига киргач, чегарачилар уни идентификация қилиш учун яқинлашганда, катердагилар чегарачиларга қарата ўқ узган. Ҳарбийлар бунга жавобан ўқ узиб тўрт кишини ўлдирган. Кейинчалик ярадорлар Кубадаги касалхоналарга олиб кетилган.

Америка томони ҳодиса ўрганилаётгани ҳақида баёнот берди. Оқ уй вакиллари катердагилар ҳукуматга, ҳарбийларга алоқаси бўлмаганини айтмоқда. Катер воқеаси содир бўлгани фонида АҚШ президенти Трамп Кубани «дўстона эгаллаб олиш» ҳақида гапирди. «Куба ҳукумати биз билан гаплашмоқда, улар жиддий муаммога дуч келган. Уларда ҳозир пул ҳам, нефт ҳам йўқ. Эҳтимол биз Кубани дўстона эгаллаб олармиз. Марко Рубио бу билан юқори даражада шуғулланмоқда», деди Трамп. Маълумот учун, АҚШ давлат котиби ва айни дамда президентнинг миллий хавфсизлик бўйича бош маслаҳатчиси бўлган Марко Рубионинг келиб чиқиши кубалик.

Уруш бошланганига тўрт йил бўлди

Ҳафта давомида Украинада уруш бошланганига тўрт йил бўлди. 2022 йил 24 феврал куни Россия қўшинлари бир нечта йўналиш бўйлаб Украинага бостириб кирганди. Барчаси худди кеча содир бўлгандек, лекин бу вақт ичида юз минглаб одам ўлиб кетди, миллионлаб одам қочоққа айланди, минглаб оилалар бузилди. Россия урушни бир неча кунда тугатишни мақсад қилганди, лекин машъум уруш ҳамон давом этмоқда.

Тўрт йилдан кейин жиддий хулосалар қилиш мумкин. Россия урушни Украинани «демилитаризация» ва гўёки «денацификация» қилиш иддаоси билан бошлаганди. Уруш бошланганда бир неча минг кишилик армияга эга бўлган Украина бугун камида миллион кишилик қуролли кучларга эга, ўз ракетасигача ишлаб чиқарди. «Денацификация» энг абсурд даъво эканини ҳамма тушуниб бўлди, бу ҳақда уруш тарафдорларининг ёқимтойи Евгений Пригожин ҳам айтганди. Қайтага энди Украинада рус тилини чеклаш бошланди, Россияга нисбатан нафрат даҳшатли даражадан кучайди.

Россия Киевни уч кунда ололмади, у ерда ўзига бўйсунувчи раҳбар ҳам қўёлмади, ҳатто Украина шарқини тўлиқ эгаллай олгани йўқ. Донбассни куч билан ололмагач, музокаралар ёрдамида қўлга киритмоқчи. Бир сўз билан айтганда, мантиқсиз урушнинг бирор мақсадига эриша олмади.

Украинада туғилиш пасайди

Мутахассисларнинг аниқлашича, уруш бошланганидан буён Украинада туғилиш кўрсаткичлари кескин пасайиб кетган. Ҳозир туғиш ёшидаги бир аёлга бир нафардан камроқ бола тўғри келмоқда. Бу туғилиш юқори бўлмаган Европа Иттифоқидаги кўрсаткичлардан ҳам анча паст.

Уруш бошлангач, Украина камида 10 миллион фуқаросидан айрилган. Беш областининг фуқаролари Россия фуқаросига айланиб кетди. Юз минглаб ҳарбийлар ҳалок бўлди. Яна миллионлаб украинлар қочоққа айланиб, мамлакатни тарк этди. Урушда қатнашаётган ҳарбийлар ўртача 43 ёшда. Фронтда асосан оилали эркаклар ҳалок бўлаётгани туғилиш кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мексикада картел раҳбари ўлдирилди

Дунёга шунча уруш етмаганидай Мексикада Эл Менчо лақабли безори ўлдирилиши ортидан нотинчлик бошланиб кетди. Мексикадаги энг қудратли жиноий тўдалардан бирига раҳбарлик қилган Эл Менчо Америка қора рўйхатининг тепасида турган, уни ушлашга ёрдам берадиган маълумот учун 15 миллион доллар мукофот ваъда қилинган. Операцияни мексикалик ҳарбийлар ўтказган, лекин уларга Америка томони разведка маълумотлари билан ёрдам берган.

Безори Эл Менчо ўлдирилгач, нотинчлик бошланди. Картел аъзолари ҳукумат кучлари билан отишма содир этди. Гвадалараҳарада картел аъзолари тартибсизлик келтириб чиқарган. Ҳатто икки шаҳардаги аэропортларда 129 та авиарейс бекор қилинган. Бу тартибсизликлар фонида Мексикадаги жаҳон чемпионати хавф остида экани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. ФИФА ҳаммаси тинчигани, мусобақа кўчирилмаслигини маълум қилди.

Айтганча, ўлдирилган картел раҳбарининг исми Немесио Осегуера Сервантес. Номард Эл Менчо, Мигел Сервантес тарихга олтин ҳарфларда ёзган шунақа фамилия билан ҳам жиноятчи бўласанми?..

Ҳафта суратлари

Демак янги анъанамизга кўра, роликда ҳафта суратлари билан якунлаймиз. Бугун ҳамкасбларимиз олган уч суратга эътиборингизни қаратмоқчиман. Биринчи сурат Жеҳад Алшрафи томонида Ғазода олинган. Унда ғазоликлар вайроналар орасида тузалган ифтор дастурхонида рўзасини очаётгани тасвирланган. Бир қарашда атайин сурат таъсири чиқиши учун шунақа жойни танлашгандек, лекин аслида Ғазода бутун бинонинг ўзи қолмаган. Исроил абсурд иддаоси билан секторнинг кулини кўкка совурган.

Шундай бўлса-да, ғазоликлар яшашда давом этмоқда. Бошга келганни кўз кўрар деб Аллоҳ фарз қилган ибодатни шараф билан адо этмоқда.

Иккинчи сурат Вашингтонда, Конгресс биносида суратга олинган. Кенни Ҳолстон Доналд Трампни жуда ажойиб кўринишда тарихга муҳрлаган. Кадрда Америка президенти қўлини икки томонга ёйган кўйи мағрур турибди. Худди «Ҳа, истаган давлатимга уруш очаман, нима қила оласизлар», дегандек.

Ҳафтанинг энг зўр кадри Япониядаги Ичигава ҳайвонот боғида олинган. Бутун дунёга машҳур бўлган маймунча Панч онаси ўрнида қабул қилгани ўйинчоққа меҳр билан қараб турибди. Менимча, бу маймунча ҳақида ҳамма эшитди, IKEA бу воқеа ортидан миллионлаб пул ишлаганини ҳам билиб бўлгансиз.

Бу ажойиб маймунча урушдан боши чиқмай қолган сайёрамиз одамларига дунёда ҳамон муқаддас туйғулар борлигини, дунё аслида мана шундай туйғулар учунгина омон эканини эслатди. Шунча уруш ичида ҳам одамлар мана шу маймунча ҳақида гапирмоқда. Чунки боланинг онага бўлган муҳаббатидан кучлироқ ҳеч нарса йўқ дунёда. Омон бўлинг, азизлар. Ҳамма болалар онасининг қучоғида ухласин.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид