Ўзбекистон | 14:25 / 01.01.2026
4198
4 дақиқада ўқилади

2025 йилги инфляция: қайси маҳсулот қанчага қимматлашди?

Йил якунлари бўйича Ўзбекистонда инфялция 7,3 фоизга тушди, дея маълум қилди Статистика қўмитаси. Йил давомида суяксиз мол гўшти 25 фоизга, кунгабоқар ёғи 12,7 фоизга, помидор 25 фоизга қимматлади. Гуруч, тухум, шакар ва ун эса арзонлашди. Цитрус мевалар нархи кескин ошди. Тармоқ газ 39 фоиз, совуқ сув 35 фоиз, метан 30 фоиз, бензин 12 фоизга қимматлади; пропан 10,5 фоизга арзонлашди. Авиачипталар нархи 22 фоизга кўтарилди. Тиббий хизматлар баҳоси 6-8 фоизга ошди.

Фото: Getty Images

2025 йил декабр ойида инфляция 0,9 фоизни ташкил этиб, йиллик инфляция 7,3 фоизга тенг бўлди, дея маълум қилди Миллий статистика қўмитаси.

2024 йилги инфляция 9,8 фоиз бўлганди. Шунга кўра, 2025 йилда нарх-наволар ошиши 2,5 фоиз пунктига секинлашди.

Статқўм ҳисоботига кўра, 2025 йилда товарлар нархи 5,4 фоизга кўтарилди: бунда озиқ-овқат маҳсулотлари 5,5 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлар 5,1 фоизга қимматлашди.

Йил давомида хизматлар инфляцияси 13,9 фоизни ташкил этди.

Озиқ-овқатлар

2025 йилда қўй гўшти 26,8 фоизга, суяксиз мол гўшти 25,0 фоиз, суякли мол гўшти 23,9 фоизга қимматлашди.

Пахта ёғи нархи 17,7 фоизга, кунгабоқар ёғи нархи 12,7 фоизга кўтарилди.

Сут 5,7 фоизга қимматлашган бўлса, парранда гўшти нархи 3,7 фоиздан 4,2 фоизгача ошди.

Сабзавотлардан карам 31,8 фоиз, помидор 25,1 фоиз, бодринг 16,0 фоиз, сабзи 10,8 фоиз, бақлажон 8,0 фоизга қимматлади.

Цитрус мевалар нархи ўтган йили 33,6 фоизга кўтарилиб кетди. Хусусан, лимон нархи 96,4 фоизга кўтарилди.

Шу билан бирга, гуруч 16,6 фоизга, тухум 14,5 фоизга арзонлашди. Шакар нархи 4,8 фоиз, ун нархи 4,7 фоизга пасайди.

Булғор қалампири 14,9 фоизга арзонлади.

Ёқилғи-энергетика

2025 йилда коммунал инфляция қуйидагича бўлди:

  • тармоқ газ – 39,2 фоиз;
  • совуқ сув таъминоти ва канализация хизматлари – 35,1 фоиз;
  • маиший чиқиндиларни олиб кетиш 32,5 фоиз;
  • суюлтирилган газ – 25,0 фоиз;
  • электр энергияси – 18,8 фоиз
  • иссиқ сув таъминоти – 11,9 фоиз;
  • иситиш хизмати – 11,5 фоиз.

Турар жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун материаллар 5,4 фоизга қимматлади.

Транспорт

2025 йилда пропан 10,5 фоизга арзонлашгани қайд этилган бўлса, метан 29,9 фоизга, бензин ўртача 11,9 фоизга қимматлашди.

2025 йилнинг декабр ойида АИ–80 марка бензинининг нархи бир литри учун 9 500 дан 9 900 сўмгача, АИ–91 ва АИ–92 учун 10 500 дан 13 300 сўмгача, АИ–95 ва АИ–98 учун 12 500 дан 18 000 сўмгача оралиқда сотилди. Кузатувдаги энг қиммат маркадаги АИ–100 бензинининг нархи бир литри учун 21 000 сўмни ташкил қилди.

Йил давомида ички ва халқаро авиачипталар 21,7 фоизга қимматлади.

Шаҳар автобуслари чиптаси 21,1 фоизга, шаҳар атрофидаги поездларда йўл ҳақи 10,1 фоизга кўтарилди.

Курьерлик хизматлари нархи 18,3 фоизга ўсди.

Соғлиқни сақлаш

Ўтган йили дори воситалари нархи ўртача 4,6 фоизга ошди.

Стационар даволаш хизматлари 7,6 фоизга, амбулатор даволаш хизматлари 6,3 фоизга қимматлашди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа хизматлар инфляцияси 10,0 фоизни ташкил этди.

Таълим

2025 йилда боғча тўловлари 17,0 фоизга кўтарилди.

Чет тилини ўқитиш ва репетиторлик хизматлари 6,6 фоизга қимматлашди.

“Олий таълим соҳасидаги тарифлар 205 йил давомида барқарорлигини сақлаб қолди”, дейилади ҳисоботда.

Ҳайдовчиликка тайёрлов курслари нархи 59 фоизга ошди.

Умумий овқатланиш

2025 йилда ресторанлар ва меҳмонхона хизматлари 8,6 фоизга, тайёр овқатларни етказиб бериш хизматлари 6,3 фоизга қимматлашди.

Мобил алоқа

Мобил алоқа нархлари ўртача 15,1 фоизга кўтарилди. Тарифлар биргина декабр ойида 4,9 фоизга ошди.

Маиший товар ва хизматлар

“Маиший товарлар ва хизматлар, турли товарлар ва хизматлар” тоифасида йиллик нарх ошиши 8,2 фоизни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида

2025 йилда энг юқори инфляция Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятида қайд этилди: 7,7 фоиз. Сурхондарё вилоятида истеъмол нархлари ўртача 7,6 фоизга, Хоразм вилоятида 7,5 фоизга ўсди.

Энг паст инфляция Жиззах вилоятида: 6,7 фоиз. Қашқадарё вилоятида 7 фоизлик, Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида 7,1 фоизлик инфляция қайд этилди.

Мавзуга оид