Жамият | 19:01 / 28.09.2020
4513
9 дақиқада ўқилади

Чўзилаётган муаммо: жисмоний имконияти чекланган болаларнинг мусиқа таълимини олиш имкони чекланганича қоладими?

Kun.uz таҳририятига мусиқа ва санъат мактабларида ўқийдиган кўзи ожиз болаларни тўлов пулидан озод қилиш масаласида мурожаатлар келишда давом этмоқда. Орада бир неча марта бу масалани ҳал қилиш муаммо эмаслиги ҳақида ваъдалар берилди. Лекин масала очиқ қолмоқда.

Биринчи мурожаат

2019 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳридаги 77-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчилари ва ўқувчиларнинг ота-оналаридан биринчи мурожаат келган эди. Мурожаатда мактаб ўқувчилари мактаб ҳудудида очилган Яшнобод тумани 17-сонли мусиқа ва санъат мактаби филиалида ҳам ўқиши, лекин кўпчилик болалар мусиқа мактаби тўловини тўлашга қийналиши ёки тўлов муаммоси туфайли ўқий олмаслиги айтилган эди.

«Кўзи ожиз болаларнинг аксари мусиқа таълимини олишга қизиқади. Сабаби улар бошқа соғлом болалар каби ўзлари хоҳлаган жойга бора олмайди, турли спорт турлари билан шуғуллана олмайди. Шунинг учун улар мусиқага меҳр беради. Кўпчилик кўзи ожиз болаларнинг ота-оналари ҳам имконияти чекланган кишилар ва уларнинг даромади ҳам юқори эмас. Бундан ташқари, айрим болаларнинг даволаниб туриши учун ҳам маълум маблағ керак бўлади.

Кўзи ожиз болаларга мусиқа ва санъат мактабларида бепул ўқиш имкониятини яратишни сўраб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Омбудсман, Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлигига ҳам мурожаат қилдик. Уларнинг кўпчилиги масалани кўриб чиқяпмиз, деган жавобни беришади», – дейишган эди мурожаатчилар.

Жавоб: «Лойиҳа ишлаб чиқиляпти»

Мурожаатга жавобан Маданият вазирлигининг Таълим муассасалари ва тармоқларни методик таъминлаш бошқармаси бу масала бир неча йиллардан бери муҳокама этилаётгани, имконияти чекланган болаларни тўлов пулидан озод қилиш бўйича норматив ҳужжат лойиҳаси Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилаётганини айтган эди.

«Республика бўйича [мусиқа мактабларида] тахминан 350 нафар имконияти чекланган болалар ўқийди. Агар лойиҳа январь ойида тасдиқланса, нафақат кўзи ожиз болалар, балки бошқа жиҳатдан имконияти чекланган болаларга ҳам 100 фоиз имтиёз берилади. Чунки тиббиёт ходимлари ҳам имконияти чекланган болалар учун мусиқа билан шуғулланиш муҳим экани ҳақида таъкидлашади», – дея маълумот берган эди ўшанда вазирлик масъул ходими Муҳаббат Муҳиддинова.

Иккинчи мурожаат

Кўзи ожиз болаларни мусиқа мактабларининг тўлов пулидан озод қилиш масаласи бўйича 2020 йилнинг июнь ойида Kun.uz’га яна бир мурожаат келди.

Мана шу муддат оралиғида «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори билан имконияти чекланган болалар мусиқа ва санъат мактаблари тўлов пулидан озод қилинувчи 25 фоизлик имтиёзли квотага киритилди. Бундан олдин фақат кам таъминланган оилалар фарзандларига бундай имкон берилган эди.

«Бироқ мен ишлаётган Тошкент шаҳридаги 17-сонли мусиқа ва санъат мактабида 280 нафар бола таълим олади. Уларнинг 133 нафари – кўзи ожизлар. Демак, фақат кўзи ожиз ўқувчиларнинг ўзи 25 фоиздан анча юқори. Лекин имконияти чекланган ва кам таъминланган болаларнинг фақат 25 фоизигина тўлов пулидан озод қилиниши мумкин. Бунинг билан имконияти чекланган болаларнинг мусиқа таълимини олиш имкони чекланади», – дея вазият ҳақида тушунтирган эди мурожаатчи-ўқитувчи Баҳодир Қурбонов.

Жавоб: «Янги қарор лойиҳаси тайёрланяпти»

Бу мурожаатга жавобан Маданият вазирлиги айни пайтда республика бўйича жами 340 нафар (уларнинг 320 нафари кўзи ожиз болалар) имконияти чекланган болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим олишини маълум қилган эди.

Вазирлик «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан имконияти чекланган болалар ҳам мусиқа мактаблари тўловидан озод қилинувчи 25 фоизлик квотага киритилганини, бунинг билан республика бўйича мусиқа мактабларида таълим оладиган барча имконияти чекланган болалар 25 фоизлик квота асосида тўловдан озод қилинганини, бироқ фақат Тошкент шаҳридаги мусиқа мактабларида таълим олувчи 60 нафар ўқувчига мазкур квота етмаганини айтган эди.

«Эндиликда янги қарор лойиҳаси ҳам тайёрланяпти. Унга кўра, имконияти чекланган болаларнинг барчаси мусиқа мактаблари учун тўловдан 100 фоиз озод қилиниши кўзда тутилган. Қарор лойиҳаси тасдиқланмагунча, унинг билан қандай енгилликлар бўлиши ҳақида бирор нарса дея олмаймиз», – дея изоҳ берилган эди.

Собиқ Маданият вазири муносабати

Айни пайтда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, собиқ маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев кўзи ожиз болаларни мусиқа ва санъат мактаблари тўловидан озод қилиш масаласида матбуот анжуманларидан бирида муносабат билдирган эди.

«Куни кеча кўзи ожиз болалар мусиқа ва санъат мактабларида бепул таҳсил олиши бўйича қарор чиқардим. Улар янги йилдан тўлов амалга оширмай ўқиш имкониятига эга бўлишади», – деган эди собиқ маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев 2019 йил ноябрь ойида ўтказилган матбуот анжуманида.

Лекин 2020 йилда ҳам бу муаммо ҳануз тўлиқ ечилганича йўқ.

Маданият вазири муносабати

Шу йилнинг май ойида Kun.uz мухбири Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан суҳбатда агар маълум ҳудудда мусиқа билан шуғулланувчи имконияти чекланган болалар кўп бўлса, шароитдан келиб чиқиб, квота оширилиши мумкин ёки йўқлиги ҳақида савол берган эди.

«Албатта, буни Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб қийинчиликсиз ҳал қилса, бўлади», – деган эди вазир.

Учинчи мурожаат

Кўзи ожиз болаларни мусиқа ва санъат мактабларининг тўлов пулидан озод қилиш масаласи бўйича навбатдаги мурожаат Kun.uz'га Яшнобод туманидаги 17-сонли мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Баҳодир Қурбонов ва ота-оналардан келиб тушди.

Баҳодир Қурбоновга кўра, унга Маданият вазирлиги Таълим муассасалари ва тармоқларни методик таъминлаш бошқармаси ходими Собир Мадиев томонидан кўзи ожиз болаларни тўлов пулидан озод қилиш бўйича қарор лойиҳаси Молия вазирлиги тасдиғидан ўтмагани айтилган.

«Мен яқинда Маданият вазири билан ҳам учрашдим, вазир бу масалани ечишга ҳаракат қиляпти, назаримда. Бироқ бошқа тегишли ташкилотлар ҳали рози эмас.

Лекин кўзи ожиз болалар мусиқа ва санъат мактабларида бепул ўқиш орқали кейинчалик бир касбнинг эгаси бўлишлари мумкин. Бу уларни даромадга эга бўлишга ва мустақил шахсга айланишларига ёрдам беради. Масъуллардан бу борада вазиятни кенгроқ таҳлил қилишларини сўрайман», – дейди Баҳодир Қурбонов.

Учинчи мурожаатга жавоб йўқ

Kun.uz мухбири мурожаат бўйича маълумот олиш учун, қарор лойиҳаси билан боғлиқ қанақа янгилик борлигини аниқлаштириш мақсадида Маданият вазирлиги ахборот хизмати орқали вазирликнинг Маданият вазирлиги Таълим муассасалари ва тармоқларни методик таъминлаш бошқармаси билан боғланишга ҳаракат қилди.

Бироқ бошқарма орқали мавзу бўйича маълумот олишнинг имкони бўлмади. Телефон қўнғироғига жавоб берган масъуллар бу мавзуда фақатгина бошқарма ходими Собир Мадиев изоҳ бера олишини, лекин у банд эканини айтишди.

Собир Мадиев билан эса турли ишлар билан бандлиги туфайли боғланиш ва ундан жавоб олишнинг имкони бўлмади. «Қайта қўнғироқ қиламиз, маълумот берилади», дея жавоб берган бошқарма вакиллари қўнғироқ қилиб мавзуга аниқлик киритгани йўқ.

Хулоса

Бир неча йиллардан бери муҳокама қилиб келинаётган, ота-оналар ва ўқитувчилардан доимий равишда мурожаат бўлиб келаётган мавзу нима сабабдан ҳал бўлмай қолмоқда?

Давлат бюджети 400 нафар кўзи ожиз бола тўлайдиган пулга қараб қолмагандир ахир?

Агар ҳақиқатан мактабни бепул қилиш имкони бўлмаса, бу ҳақида нега очиқ тарзда маълумот, тушунтириш берилмаяпти?

Мавзу юзасидан Маданият вазирлигидан тўлиқ изоҳ ва муносабат кутамиз. Бундан ташқари, Сенатнинг ёшлар масалаларига масъул қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳам мавзу билан қизиқиб кўради, деган умиддамиз.

Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz мухбири

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид