Ўзбекистон | 19:05 / 04.10.2019
31930
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон КХШТга қайтиш масаласи кўриб чиқилмаётганини тасдиқлади

Фото: РИА Новости / Михаил Воскресенски

Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайтиш масаласини кўриб чиқаётгани йўқ, деб маълум қилди Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

«КХШТ масаласи кун тартибига қўйилмаган. Биз мавзуни муҳокама қилганимиз йўқ», – деди у жума кунги матбуот анжуманида.

Россия Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифига бағишлаб ўтказилган анжуманда билдирилишича, Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш масаласини 3 йилдан буён кўриб чиқмоқда ва бу борада ҳозирча якуний қарорга келинмаган. Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокаралар эса фаол давом этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон томони Европа Иттифоқи билан янги ҳамкорлик келишувини 2020 йил бошида имзолашга умид қиляпти.

Эслатиб ўтамиз, 2 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган Валентина Матвиенко ҳам учрашувда КХШТ масаласи кўтарилмаганини айтган эди. Шундай бўлса-да, у «ташкилот эшиклари Ўзбекистон учун очиқ»лигини қўшимча қилиб ўтган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон МДҲ хавфсизлигини таъминлашни назарда тутган ушбу ташкилотдан 1999 йилда чиқиб кетган ва 2006 йил августида яна қайта аъзо бўлиб кирган эди.

КХШТни барпо этиш ҳақидаги битим 1992 йилнинг май ойида Тошкентда имзоланган, унга собиқ Совет Иттифоқининг тўққиз республикаси аъзо бўлиб кирган. Ҳозирда бу ташкилотга Арманистон, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид