Шу билан бирга, КХШТдаги аъзолик тўхтатиб турилганига қарамай, мамлакат Москва учун муҳим савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда ва Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)дан чиқишни режалаштирмаяпти. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Владимир Путин билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказади ва телефон орқали боғланиб туради. 2025 йил 21 январ куни ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Москвага ташриф буюрди.

Нега Ғарбга йўналган Арманистонга Россия барибир керак? «Медуза» шу саволларга жавоб излади.

Арманистон яқиндагина Россиянинг иттифоқчиси эди. Вазият нега ўзгарди?

Россия таъсир доирасига кирувчи давлатлар (айниқса, КХШТ ва ЕОИИ аъзолари) орасида Арманистон 2022 йилда Россия Украинага бостириб кирганда энг ноқулай вазиятда эди. Арманистон армияси КХШТ туфайли Москва билан чамбарчас боғланган бўлиб, Россиядан имтиёзли нархларда қурол-яроғ олиб турарди. Шунингдек, Арманистон экспортининг 48 фоизи ЕОИИ, биринчи навбатда Россия ва Беларус ҳиссасига тўғри келарди. Боз устига, Арманистон Россия газига кучли боғланиб қолган ва мамлакатнинг электр тармоқлари, темирйўллар ҳамда АЭС каби муҳим инфратузилмаси россияликлар қўлида ёки улар томонидан бошқариларди.

Шунингдек, Россия ўша пайтда Озарбойжон билан бўлган келишув кафолатчиси эди. Ушбу келишув туфайли Қорабоғдаги арманлар Россия тинчликпарвар кучлари ҳимоясида яшашда давом этарди. Украинадаги бомбардимонлар ва босиб олинган ҳудудлардаги воқеалар фонида россиялик ҳарбийлар мавжудлигидан хурсанд бўлиш ғалати туюларди. Аммо бу ҳақиқат эди — ҳатто «Дожд» телеканалига берилган интервюларда Қорабоғда яшаб турган арманлар «Россия мағлуб бўлса, биз ўз уйларимиздан айриламиз», деб айтишган.

Москва томонидан илгари сурилган Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик шартномаси лойиҳаси аввалига Ереван учун анча афзал кўринганди. Россия мантиғига кўра, тинчликпарвар кучлар Қорабоғда имкон қадар узоқ вақт — Днестрбўйидаги каби ўнлаб йиллар мобайнида қолса, шунчалик яхши эди. Буни асослаш учун келишувда ҳеч бўлмаганда бирор ноаниқ масала, масалан, Қорабоғнинг ҳал қилинмаган мақоми сақланиб қолиши лозим эди.

Бироқ Москва Украина уруши шароитида Озарбойжонга таъсир даражасини жуда паст баҳолади. Натижада, 2023 йил кузида Россия тинчликпарвар кучлари мавжудлигига қарамай, Озарбойжон Қорабоғ устидан тўлиқ назоратни тиклади. Бу эса Арманистон жамиятида Россиянинг позициясини бутунлай йўққа чиқарди.