19:24 / 19.12.2020
3826

Норбоева: Барча қонунлар коррупция ҳолатларидан холилиги бўйича экспертизадан ўтказилади

Сенат раиси Танзила Норбоева қонунларни экспертизадан ўтказишда қандай жиҳатларга эътибор берилиши ҳақида гапирди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Сенатга келиб тушаётган барча қонунларни коррупция ҳолатларидан холими ёки йўқми, халқаро рейтинглардаги ўрнимизга салбий таъсир қиладими ёки йўқми, яъни халқаро стандартларга жавоб берадими ёки бу нарсага халақит берадими, деган нуқтайи-назардан экспертизадан ўтказяпмиз.

Чунки Сенат раҳбариятига мана шу комиссияларга раҳбарлик қилиш топширилган. Шунинг учун буни ҳамма яхшилаб эшитиб қўйиши керак, ҳар хил шубҳалар бўлиши керак эмас.

Қандайдир конвенцияга қўшилиш ёки бўлмасам, бундан олдинги қонунларни қабул қилдик: Сенат фаолиятига оид, оммавий ахборот воситалари, блогерларимиз фаолиятига оид. Бу ҳаммаси эркинлик, ошкоралик, стандартларга жавоб бериш нуқтайи-назаридан экспертизадан ўтказилади. Шунинг учун мен хотиржам бўлишларингни илтимос қиламан.

Агар ундай ҳолатлар бўладиган бўлса, унда биз қонунни қайтариш имкониятига эгамиз. Кеча 6та қонунни қайтарганимиз ҳақида айтиб ўтдим. Айрим ҳолатлари мана шу стандартларга жавоб бермаслиги туфайли қайтарилди.

Одамлар қайси қонунлар қайтарилгани бўйича савол беряпти. Сайтимизда қайси қонунлар қайтарилгани ёзиб қўйилган. Буни кеча ҳамманинг вақтини олмаслик учун айтиб бермагандим. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда қайси қонунлар қайтарилганди дейишяпти. Сайтимизга кириб, бунга бемалол жавоб олишлари мумкин бўлади», деди Танзила Норбоева Сенат ўнинчи ялпи мажлисининг иккинчи иш кунида.

Қайд этиш керакки, Сенат расмий веб-сайтида 2020 йилда сенаторлар томонидан 6та эмас, 5та қонун рад этилгани ҳақида маълумотларни топиш мумкин.

Булар:

«Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни

«Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни

«Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонуни

« Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни.

Top