Ўзбекистон | 17:51
1127
3 дақиқада ўқилади

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг Самарқанд вилоятида сайёр мажлиси бўлиб ўтди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигида ўтказилган мажлисда Самарқанд вилоятида коррупцияга қарши курашиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

19 февраль куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Миллий ва ҳудудий кенгашлар аъзолари, халқ депутатлари Самарқанд вилояти ҳамда туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари, вилоят ҳокими, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кун тартиби доирасида Самарқанд вилоятида коррупцияга қарши курашиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ҳудудда иқтисодий фаоллик, қурилиш, тадбиркорлик ва хизматлар соҳаси жадал ривожланиб бораётгани билан бирга, ушбу жараёнларда коррупцион хавф омилларини барвақт аниқлаш ҳамда бартараф этиш долзарб вазифа ҳисобланади. Сўзга чиққанлар коррупцияга қарши курашишда тизимли, очиқ ва рақамлаштирилган бошқарув механизмларини кенг жорий этиш муҳимлигига эътибор қаратди.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишларда коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижроси ҳудудларда сўзсиз таъминланиши лозимлиги таъкидланди. Уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ҳамда кибержиноятларга қарши курашишда самарали профилактика тизимини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Криминоген вазият таҳлилига кўра, вилоятда фирибгарлик, ўғрилик ва кибержиноятлар, айниқса ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар сақланиб қолаётгани танқид қилинди. Шунинг учун профилактика инспекторлари фаолиятини кучайтириш, маҳаллаларда манзилли ишларни ташкил қилиш, бандликни таъминлаш ҳамда рақамли хавфсизлик бўйича тарғиботни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ўрганишлар натижалари кўрсатганидек, сўнгги даврда вилоятда коррупциявий жиноятлар асосан энергетика, қурилиш, бандлик, соғлиқни сақлаш ҳамда банк соҳаларида учрамоқда. Хусусан, энергетика тизимида ноқонуний уланишлар, ҳисоб-китобларда инсон омилининг юқорилиги ва назорат жараёнларининг етарли даражада рақамлаштирилмагани мавжуд муаммолар сифатида кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, қурилиш ва ер муносабатлари соҳаларида рухсатнома бериш жараёнларининг мураккаблиги, шаффофлик етарли даражада эмаслиги, ноқонуний қурилишлар ҳамда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган. Бундан ташқари, бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишида имтиёзли кредитлар ажратиш жараёнларида айрим суиистеъмол ҳолатлари мавжуд ва назорат етарли даражада ташкил этилмаган.

Муҳокама якунида соҳалар кесимида аниқ чоралар, уларни амалга ошириш механизмлари ҳамда ижро муддатлари белгиланган қарор қабул қилинди. Мутасаддиларнинг зиммасига энергетика ва қурилиш йўналишларида жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш, давлат хизматларида инсон омилини қисқартириш, комплаенс-назорат тизимини кучайтириш, кредитлаш тизимида шаффоф ва автоматлаштирилган механизмларни жорий этиш бўйича қатор вазифалар юклатилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид