Жаҳон | 20:50 / 29.02.2020
111934
8 дақиқада ўқилади

Коронавирус Жанубий Кореяда: вазият чиндан ҳам оғирми?

«Кореяда коронавирус тарқалиши авж олмоқда», «Ҳозир Кореяда қолиш жуда хавфли, тезда Ўзбекистонга қайтиш керак», «Кореяда вирус юқтириб олган хорижликларга қандай ёрдам кўрсатишмоқда?», «Кореяда ҳозир ҳамма вирусга чалинмоқда...» Мана шундай ваҳимали сўзлар кўпчиликнинг қулоғига чалинган бўлса керак.

Фото: news.joins.com

Наҳотки, Жанубий Кореяда аҳвол шу қадар оғир? Одамлар интернетда тинимсиз муҳокама қилаётган хабарлар ҳақиқатга қанчалик яқин? Корея ҳукумати коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун қандай чора-тадбирларни амалга оширмоқда? Мана шу саволларга ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Фото: koreatimes.co.kr

Жанубий Кореяга ўқиш ва ишлаш мақсадида кетган Ўзбекистон фуқаролари кўпчиликни ташкил этади. Айни дамда бу ерда 75 мингдан ортиқ ўзбекистонлик яшайди.

Келинг, энди сизларга мамлакатдаги вазият ҳақида сўнгги маълумотларни таништирсам.

Коронавирус рақамларда

29 февраль, соат 16:00 даги ҳолатга қўра, Жанубий Кореяда коронавирусга чалинганлар сони 3100 нафардан ошган. Касалликка чалинганлар 28 февралдагига нисбатан 1100 кишига кўпайган. Беморлар билан яқин алоқада бўлиши мумкин бўлган яна 35 мингдан ортиқ киши текширувга олинган. Тузалганлар 28 нафар, вафот этганлар 17 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич ошиши эҳтимоли мавжуд.

Мамлакат ҳудудлари бўйича касалланганлар сони
Кореяда касаллиги тасдиқланган кишиларнинг умумий сони. Манба

Айни дамда, Жанубий Корея вирус авж олиши бўйича Хитойдан кейинги иккинчи давлат бўлиб қолмоқда.

70 дан ортиқ давлатлар коронавирус тарқалиши хавфининг олдини олиш мақсадида Жанубий кореяликларга мамлакатга кириш учун чекловлар қўйиб, қатъий карантин тартибларини жорий қилмоқда. Ўзбекистонда ҳам Кореяга бўлган қатновлар вақтинча тўхтатилмоқда.

Ҳукумат нима қилмоқда?

Аввало, қайд этиш жоизки, Жанубий Корея пандемия ва вирус ҳолатларига тайёр мамлакатлар орасида дунёда 9-ўринда туради. Бу рўйхатнинг энг юқорисида АҚШ, Буюк Британия ҳамда Нидерландия жойлашган. Мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими жуда ҳам самарали фаолият олиб боради.

Манба: Глобал саломатлик хавфсизлиги индекси, 2019

Тиббиёт маскалари

Коронавирус хавфи ошгани сайин тиббиёт ниқобларига бўлган талаб ҳам орта бошлади. Дорихона ва супермаркетларда сотиладиган ниқоблар деярли қолмади. Интернет дўконларда эса уларнинг нархи икки-уч баробар ошиб кетди. Ҳукумат аҳолининг тиббиёт ниқобларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида бутун Корея бўйлаб ниқобларни арзон нархларда тарқатишни бошлади. Айни дамда ҳар бир ҳудудда аҳолига навбат билан киши бошига беш донадан ниқоб сотилмоқда. Бугун биз ҳам оиламиз билан арзон ниқоблардан сотиб олдик.

Жанубий Корея ҳукумати энг аввало ички талабни қондириш учун тиббий ниқоблар экспортини чеклашини эълон қилди. Энди Кореядаги фирмалар май ойигача ўзлари ишлаб чиқарган ниқобларнинг кўпи билан 10 фоизгача бўлган қисминигина чет элга экспорт қила олади. Маҳсулотларнинг асосий қисми эса ички бозорга етказиб берилади.

Кундалик ҳисобот ва маълумотлар очиқлиги

Жанубий Корея ҳукумати ва тегишли идоралар мамлакатда тасдиқланган касалликларнинг тўлиқ рўйхати ҳамда коронавирусга тегишли барча маълумотлар билан аҳолини ҳар куни хабардор қилиб бормоқда. Вазирликларнинг расмий сайтларидаги маълумотлар соат сайин янгиланмоқда. Ҳаттоки, барча касалланганларнинг тўлиқ рўйхати ва инфографикаси очиқчасига эълон қилинмоқда.

Фото:news.joins.com

Кеча, 28 февраль куни биз яшайдиган Вонжу шаҳрида ҳам коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат аниқланди. Бундан ОАВ ёки ТВ орқали хабар топди, деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, бу ҳақда шаҳар ҳокимияти мобил СМС орқали тезкорлик билан хабар берди. Шунингдек, касалликка чалинган кишининг манзили, оила аъзолари, вирус аниқланишига қадар қаерда бўлгани тўғрисида барча батафсил маълумотлар ҳам юборилди.

Мобил телефонимга келган СМС-хабарлар

Бундан ташқари, уйимизда махсус спикер ўрнатилган. Унда хўжалик бошқаруви ходимлари муҳим ҳолатлар ва эслатмаларни эълон қилишади. Ҳар куни телефонимга коронавирусга оид энг сўнгги хабарлар келиб турибди. Корея бежизга Ҳукумат шаффофлиги индекси (Open Government Index) бўйича жаҳонда етакчи ўнталик рўйхатига киритилмаганига ишонч ҳосил қилдим.

Президент ва вазирлар

Сеулдан 300 км узоқликда жойлашган, 2,4 миллион аҳоли яшовчи Тэгу шаҳри Covid-19’нинг бу мамлакатдаги асосий ўчоғига айланганидан хабардорсиз. Корея президенти Мун Чжэ Ин Тэгу шаҳрида коронавирус билан боғлиқ ишлар қандай олиб борилаётганини бевосита текшириш учун шахсан ўзи ташриф буюрди.

Президент Тэгудаги учрашувлар вақтида. Фото: 연합뉴스

Тэгу шаҳар ҳокимиятида расмийлар билан бўлиб ўтган учрашувда ушбу шаҳар, ҳамда унга яқин бўлган шаҳарларга давлат томонидан барча зарурий ёрдамлар берилаётганини ва бу давом этишини яна бир бор таъкидлади.

Кун давомида бош вазир ҳам Тэгу шаҳрига етиб келди ва президентнинг топшириғига биноан шаҳарда олиб борилаётган ишларни назорат қилиб бориш учун шу ерда қоладиган бўлди.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ким Ган Нип вирус тарқалиши бўйича ҳар куни жонли брифинг ўтказмоқда. Шунингдек, ушбу брифинг бир вақтнинг ўзида инглиз тилидаги таржима билан Arirang канали ҳамда ҳукумат расмий веб-сайти Korea.net да ҳам намойиш этилмоқда.

Корея соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ким Ган Нип брифинг вақтида. Фото: Koreaherald.com

Кореяда шифокорлар томонидан гумонланган барча шахслар, жумладан хорижликлар ҳам бепул текширилмоқда. Шунингдек, коронавирус ташхиси қўйилса, беморларни даволаш ҳам тўлиқ давлат томонидан амалга оширилмоқда. Япония ҳозирга келиб, бор-йўғи 1800 дан ортиқ кишини текширувдан ўтказган бўлса, Кореяда бу рақам 40 мингни ташкил этади.

Корея касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (Korea Centers for Disease Control and Prevention) томонидан ҳам инфекцияни ўз вақтида олдини олиш ва эпидемик ҳолатда аҳоли хабардорлигини янада ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Турли сўровномалар ўтказилмоқда, давлат ташкилотлари ва муассасалари, хизмат кўрсатиш идоралари ва уйдаги лифтларга қўлларни дезинфекция қилиш воситалари ўрнатилмоқда, махсус эслатмалар тарқатилмоқда.

Шунингдек, мамлакат Адлия вазирлигига қарашли иммиграция хизмати ҳам Кореяда қонуний рўйхатдан ўтган ва ҳозирда Кореяда бўлиб турган чет эл фуқаролари учун уларнинг яшаш муддатини 2020 йилнинг 30 апрелига қадар автоматик тарзда узайтирилишини ва бунинг учун иммиграция хизмати бўлимларига бориш талаб қилинмаслигини маълум қилди. Бу чора-тадбирлар Кореядан ташқарида ҳам вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Маълумотларга қараганда, Кореядаги Samsung, Hyundai Motor, SK, LG, POSCO каби бир қанча йирик компаниялар мамлакат бўйлаб вирусга қарши кураш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлаш учун кундалик эҳтиёж ва шошилинч тиббий буюмларни хайр-эҳсон қилишни бошлади. Ёрдамнинг асосий қисми Тэгу ва Шимолий Гёнгсан вилоятига кўрсатилмоқда.

Samsung: $24.6 млн.

Hyundai: $4 млн.

SK Group: $4 млн.

LG Group: $4 млн.

POSCO: $4 млн.

Lotte Group, GS Group, Doosan Group ва CJ Group ҳар бири $800,000 дан.

Хавотирлар ўринлими?

Юқоридаги маълумотлардан шундай хулоса келиб чиқади: Жанубий Кореяда коронавирусга чалинганлар сони ошиб бораётган бўлса-да, унинг олдини олиш ва бартараф этишга оид ишлар ҳам бутун мамлакат бўйлаб катта кўламда олиб борилмоқда. Давлат раҳбарияти, вазирликлар, соғлиқни сақлаш ходимлари мамлакатда ҳолат ўнгланиши учун тинимсиз ҳаракат қилмоқда, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар қилмоқда. Кореяликларнинг ўзи ҳам вазиятни янада оғирлаштирмаслик учун эҳтиёт чораларини кўрмоқда.

Шундай экан, ваҳима ва хавотирга ўрин йўқ. Барчаси Аллоҳнинг иродасига боғлиқ. Ушбу вирус эртага яна қайси мамлакатга кириб келишини ҳеч ким билмайди. Агарда сиз Жанубий Кореяда яшаётган бўлсангиз, Ўзбекистонга қайтиб, юртдошларимизни ҳам хавф остига қўйгандан кўра, вазият ижобий томонга ўзгаришини кутишни маслаҳат берамиз.

Kun.uz’нинг Жанубий Кореядаги мухбири
Феруза Авазова

Мавзуга оид