Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Грузия маданият кунлари бўлиб ўтмоқда
2017 йил 23-27 май кунлари Тошкентда Грузия республикаси маданият кунлари бўлиб ўтади. Дастур Алишер Навоий номидаги кино саройида “Грузия киноси кунлари” билан бошланди. Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган Грузиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Жгенти икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча жабҳалар қатори маданият ва санъат соҳаларида ҳам изчил ривожланаётганини таъкидлади.
“Ушбу тадбир Ўзбекистон аҳолисини, айниқса ёшларни Грузиянинг маданияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди. Умид қиламанки, маданий дастурдан ўрин олган барча тадбирлар катта ва ёш авлодда катта қизиқиш уйғотади. Айтиш жоизки, дастур бежизга Грузия киноси кунлари билан очилмаяпти, сабаби ўзбек кино ихлосмандлари орасида Грузия киносига қизиқиш катта, телевидение орқали мунтазам равишда грузин киноижодкорлари томонидан олинган картиналар намойиш этилади. Бу албатта қувонарли ҳол”, - деди Грузиянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Жгенти.

Грузия киноси кунлари давомида халқаро танловларда кўплаб совринларга сазовор бўлган олтита фильм намойиш этилади.
24 май куни дастур лойиҳасида Тошкент фотосуратчилар уйида ёш фоторассом Натали Муржикнелининг шахсий кўргазмаси очилади.
“Ўзбекистонда мен тўрт йилдан буён яшаб ижод қилмоқдаман. Ушбу давр мобайнида бу ерда кўплаб дўстлар орттирдим, Тошкент Фотосуратлар уйи ҳузуридаги мактаб-студияда ўқимоқдаман, Зулфиқор Мусоқовдан кино олами сирларини ўрганмоқдаман. Кўргазмада Ўзбекистон бўйлаб қилган саёҳатларим давомида олган 39 фотосурат намойиш этилади”, - деган фоторассом Натали.

Грузия маданияти кунлари давомида, шунингдек, Тошкент Фотосуратлар уйида 19-20-асрларнинг машҳур рассоми Нико Пиросманининг асарлари кўргазмаси, “Street musicians” мусиқий ансамблининг концерти ҳамда Истиқлол санъат саройида Грузиянинг “Erisioni” халқ кўшиқ ва рақс Давлат академик ансамбли чиқишлари бўлиб ўтади.
Журналист ва фотограф: Нодира Мақсудова
Мавзуга оид
19:01 / 12.01.2026
АЭХА Ўзбекистонни уран чиқиндиларидан тозалаш режасини тасдиқлади
12:44 / 07.01.2026
Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз кириш давлатлари сони оширилади
18:02 / 05.01.2026
Ўзбекистонда бир йилда 4 000 та стандарт бекор қилинди
20:57 / 03.01.2026