«Крокус»га ҳужум бўйича ҳибсга олинганлар ҳақида нималар маълум?
26 март куни асли қирғизистонлик бўлган Алишер Қосимов терактга алоқадорликда гумонланиб судга келтирилди, айни вақтга келиб тергов изоляторига юборилганлар сони саккиз нафарни ташкил этмоқда.
ФХХ директори Александр Бортников РФ президенти Владимир Путинга «Крокус Сити Ҳолл»га уюштирилган ҳужумга алоқадорликда гумонланган 11 киши қўлга олингани ҳақида хабар берганидан буён судга навбати билан саккизинчи киши ҳам келтирилди. Тергов қўмитаси концерт залида одамларни ўққа тутишда бевосита иштирок этганини билдирган тўрт кишидан ташқари уларнинг шериклари сифатида гумонланаётган тўрт киши тергов изоляторига юборилган, улар ҳозирча айбига иқрор бўлмаган.
BBC ушбу одамлар ҳақида маълумот тўплади.
Ижрочиликда гумонланаётганлар
Далержон Мирзоев
32 ёшли Далержон Мирзоевни юзидаги кўкаришлар билан судга олиб келишган, қамоққа олиш тўғрисида қарор ўқиб эшиттирилаётганида у оёқда тура олмади ва «аквариум» деворига суяниб қолди. Москва шаҳри Басманний райони суди матбуот хизмати хабарига кўра, у айбига иқрор бўлган.
Россия ФХХ томонидан эълон қилинган, қўлга олиш ва сўроқ қилиш жараёни акс этган видеода Мирзоев ИШИДга алоқадор саналган Amaq News Agency телеграм-канали тарқатган видеодаги қотиллардан бири каби кийимда бўлган. Видеода кўк жинси шим ва яшил свитер кийган шахс ярадор одамнинг бўйнидан пичоқ тортаётгани акс этган.
Shot телеграм-канали маълумотига кўра, Мирзоев ҳужум қилган шахслар яширинишга уринган «Рено» автомобили рулида бўлган.
Суд материалларига кўра, у Тожикистон фуқароси, унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди бор. У Новосибирскда вақтинча пропискадан ўтган ва шу шаҳарда таксичи бўлиб ишлаган, аммо унинг яшаш учун рухсатномаси муддати ҳужумга қадар якунланиб бўлганди.
Новосибирскдаги НГС нашри мухбири Новосибирскда Мирзоев яшаган квартира эгаси билан гаплашган. У Мирзоевнинг Тожикистонда рафиқаси ва тўрт нафар фарзанди бўлганини тасдиқлаган.
Уй эгаси Мирзоевнинг ҳаракатларида шубҳали ҳеч нарса сезмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Мирзоев диний адабиётларни ўрганмаган, квартирага фақат тунаш учун келган. Ишлаган пулларини Тожикистондаги онасига юборишини айтган.
Шамсидин Фаридуни
25 ёшли Фаридуни судга юзи ва яноғи шишиб кетган ҳолда олиб келинган. Бундан олдинроқ кучишлатар тузилмаларга алоқадор саналган телеграм-каналлар ушбу шахс электр орқали қийноққа солинаётгани акс этган видеоёзувни тарқатганди.
У ҳам Тожикистон фуқароси, уйланган, саккиз ойлик чақалоғи бор. Фаридуни Красногорскда яшаш учун рўйхатдан ўтган. Россияга март ойи бошида келган ва Подолскдаги фабрикага ишга кирган.
Кучишлатар тузилмалар эълон қилган сўроқ жараёни видеосида Фаридуни 4 март куни Туркиядан учиб келгани, у ерга «ҳужжатлар учун боргани», «Крокус Сити Ҳолл»да эса 500 минг рубл эвазига «одамларни отгани»ни айтади. Сўроқ видеосида ҳужум қандайдир «тарғиботчининг ёрдамчиси» телеграм орқали буюртма қилингани айтилган. ОАВ манбалари уни ҳужум қилганларнинг раҳбари сифатида келтирган.
Россиядаги телеграм-каналлар тасдиқлашича, Фаридуни ҳужумдан олдин концерт залини ўрганиш учун бир неча бор «Крокус Сити Ҳолл»га келган. Жумладан, ВЧК-ОГПУ канали Фаридунининг 7 март куни «Крокус»да олингани айтилган фотосуратини намойиш этган.
Муҳаммадсобир Файзов
19 ёшли Муҳаммадсобир Файзов Басманний район судига жонлантириш бўлимидан келтирилган, залга уни жарроҳлик амалиётидан кейинги креслода катетерга (қовуқни бўшатиш ёки унга дори юбориш учун ишлатиладиган найча) уланган ҳолатда олиб киришган.
Унга икки нафар тиббий ходим ҳамкорлик қилган, суд мажлиси ёпиқ режимда ўтказилиши ҳақидаги қарордан кейин уларни залдан олиб чиқишган. ОАВнинг ёзишича, Файзов гапира олмайдиган ҳолатда бўлган.
Файзов — Тожикистон фуқароси, уйланмаган, Ивановская области Тейково шаҳридаги «Плошадка» барбершопида бир неча ой ишлаган.
Сартарошхона эгаси бўлган аёл «Московская комсомолец» нашрига берган изоҳида уни яхши сартарош сифатида таърифлаб, унда «ҳеч қандай ғалати нарса сезишмагани»ни айтган.
Саидакрами Ражабализода
Саидакрами Муродали Ражабализода — 30 ёшли ишсиз. Судда у Россиянинг қаерида рўйхатдан ўтганини эслай олмаслигини билдирган. Уйланган, бир нафар фарзанди бор.
У рус тилини тушунади, аммо бу тилда гапира олмайди, у жараён иштирокчилари билан таржимон орқали гаплашган. Айбини тан олган.
Суд мажлисидан олдинроқ Россиядаги ижтимоий тармоқларда Ражабализоданинг қўлга олиниши ва сўроқ қилиниши акс этгани айтилган видеоёзув тарқалганди. Видеода унинг бир қулоғи кесиб олингани ва оғзига солиб қўйилгани акс этган.
Запорижжя областининг оккупация қилинган қисми маъмурияти вакили Владимир Рогов 23 март куни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қонга беланган кишини машинага чиқараётгани акс этган видеони намойиш этди — унда Ражабализоданинг қўлга олиниши жараёни кўрсатилган. Видеога изоҳда шундай дейилган: «Брянск областидаги террорчилардан бири ўрмонга яширинишга уринди. Аммо бизнинг силовиклар уни қулоғидан тортиб қолишди».
«Важние истории» нашри маълумотига кўра, гумонланувчининг қулоғини ҳуқуқ-тартибот органларининг неонацистларнинг «Русич» диверсия-штурм разведка гуруҳи тарафдори бўлган вакили кесиб олган.
24 март кунги суд мажлисида Ражабализода боши боғланган, юзидаги кўкаришлар ва шиш билан кўриниш берди.
Автомобил эгаси ва унинг қариндошлари
25 март куни Басманний район суди яна уч кишини қамоққа олди: улардан бири, 24 ёшли Диловар Исломов — ҳужум қилганлар «Крокус»га келишда ва у ерни тарк этишда фойдаланган «Рено»нинг охирги эгаси бўлган.
Шунингдек, унинг акаси — 33 ёшли Аминжон Исломов ва уларнинг отаси Исроил Исломов қўлга олинган.
Уларнинг барчаси терактни ташкиллаштиришда ҳамкорлик қилиш ҳақидаги модда бўйича айбланмоқда.
Тергов версиясига кўра, олдинроқ ҳибсга олинган Шамсиддин Фаридуни январ ойидаёқ Аминжон Исломовни ҳужум тайёрлаган гуруҳга жалб этган, март ойида — Диловар Исломовни ҳам. Уларнинг отаси нимада гумонланаётгани Тергов қўмитаси баёнотида келтирилмаган.
Диловар Исломовнинг акаси Иам журналистлар билан суҳбатда у ҳужумга тайёргарлик кўрилгани ҳақида ҳеч нарса билмагани ва ҳодиса ҳақида хабар топгач, полицияга ўзи боргани ҳақида айтиб берган.
«Диловарнинг бунга алоқаси йўқ, у шунчаки ўз машинасини сотган, у айбдор эмас ва бу масалада ҳеч нарсадан хабари бўлмаган. Унда сотиб олиш-сотиш келишуви бор, унга машина такси учун кераклигини айтишган. У интернетда [бу машина] видеосини кўриши биланоқ участка нозирининг олдига йўл олди», — деган «Верстка» нашрига Иам Исломов.
Бунгача ҳам ҳужумдан бир неча соат ўтганидан кейин Диловар Исломов журналистларга ҳужум қилганлар фойдаланган автомобил тақдири ҳақида айтиб берганди. Ўзининг айтишича, «Крокус»га ҳужум қилинишидан бир ҳафтача олдин у «Рено»ни ўз қайноғасига сотганди.
Ижарага берувчи
26 март куни Москванинг Басманний район суди саккизинчи гумонланувчини қамоққа олди — бу 32 ёшли Алишер Қосимов, тергов версиясига кўра, у ўз квартирасини «Крокус Сити Ҳолл»га ҳужум қилишда иштирок этганларга ижарага берган.
Қосимов — Қирғизистон фуқароси, Красногорскда рўйхатга олинган, уч нафар фарзанди бор.
Қосимовнинг сўзларига кўра, у квартирантлари терроризм билан алоқадорлигидан бехабар бўлган — «Медиазона»нинг ёзишича, у шунчаки «Авито» сайтида квартирасини ижарага бериши ҳақида эълон берганди.
Қосимовнинг онаси журналистларга айтишича, ўғли квартирани ипотека тўловини амалга ошириш мақсадида ижарага берганди.
«Мен унга квартирани фақат русларга беришини айтдим, унга эса пул керак эди, унинг уч фарзанди ва ипотекаси бор, у тўлов қилиши керак эди ва [ҳужумни ижро этган] бу одамларга топширган», — деган у.
«Менинг ўғлим — яхши инсон», — дея қўшимча қилган у. «У оддий, содда, барчага ишонувчан одам. У ҳамиша одамларга ёрдам беришни хоҳлайди! Уларни „Авито“ орқали топган… У квартирани берган, буни биламан. Аммо у бу йигитларни танимаган», — деган аёл.
«Авито» сервиси аллақачон Қосимовнинг аккаунтини текширишгани ва тақиқланган сўров ва хабарлар аниқланмаганини маълум қилган.
«Крокус Сити Ҳолл»га ҳужум
22 март куни автомат кўтарган бир неча киши Москва чеккасидаги Красногорскда жойлашган «Крокус Сити Ҳолл» концерт залига бостириб киришди — бу вақтда «Пикник» гуруҳи концерти бошланишига бир неча дақиқа вақт қолганди. Улар ташриф буюрувчиларга қарата ўт очган ва бинога ўт қўйишган. Тергов қўмитаси теракт бўйича иш очган.
23 март тонгида ФХХ директори Александр Бортников Владимир Путинга 11 киши қўлга олингани тўғрисида хабар берди. Судга келтирилмаган уч киши нимада айбланаётгани ҳозирча маълум эмас.
Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 140 нафарга етган, терактдан кейинги кунларда шифохонада уч киши жон берди. Шунингдек, 360 киши жароҳатланган, шундан 11 нафари болалар.
27 март куни Тергов қўмитасига жабрланувчилардан «Крокус Сити Ҳолл»даги терактдан кейин яқинлари «йўқолгани» ҳақида 143 та ариза келиб тушгани маълум қилинди. Хабарда айтилишича, ҳозирга келиб 84 жасаднинг шахсига аниқлик киритилган.
Аввалроқ Baza телеграм-канали дастлабки маълумотларга кўра, терактдан кейин 95 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланаётгани ҳақида хабар тарқатганди. Бундай рўйхат қариндошларнинг мурожаатлари асосида оператив хизматлар томонидан тузилган.
Канал маълумотига кўра, бу рақамлар жабрланганлар ва қурбонлар рўйхатида бўлмаган одамларни ўз ичига олган.
Baza манбасига кўра, рўйхатдаги айрим одамлар қандайдир сабабларга кўра алоқага чиқмаган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, улардан айримлари, катта эҳтимол билан қурбонлар рўйхатида бўлади, булар ҳали жасад қолдиқлари топилган, аммо шахсига аниқлик киритилмаганлар.
Давлат думаси депутати ва Росгвардия раҳбарининг собиқ маслаҳатчиси Александр Хинштейн гумонланвчилар ҳаракатланган оқ «Рено»ни тунда Брянск областида кўришган — унинг сўзларига кўра, машина ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари талабларига бўйсунмаган ва шундан кейин унга қарата ўт очилган.
Ижтимоий тармоқларда йўл камералари орқали олинган тасвирлар тарқалган, унда «Рено Симбол» автомобили соатига 90 км тезлик ҳаракатланган жойда соатига 141 км тезликда ҳаракатлангани акс этган. Автомобил тўхтатилгунига қадар 300 км атрофида йўл босишга улгурган.
Мавзуга оид
22:10 / 25.10.2024
Туркия пойтахтида теракт уюштирганларнинг шахси аниқланди
01:02 / 24.10.2024
Анқарадаги теракт қурбонлари сони беш кишига етди. Эрдўған Қозонга ташрифини якунламоқда
20:55 / 23.10.2024
Анқара яқинидаги ҳарбий заводга ҳужум қилганлар йўқ қилинди
18:50 / 23.10.2024