Ўзбекистон | 16:50 / 19.11.2018
18779
6 дақиқада ўқилади

Тўрткўллик тадбиркор қалампир кўчатлари учун 1 миллиард сўмдан ортиқ пулини ололмаяпти

Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл тумани, Саробий ҚФЙ, Элликқалъа Поп маҳалласида истиқомат қилувчи Искандар Мамбетов контрактация шартномаси асосида етиштириб берилган қалампир кўчатларининг пулини ололмай, хуноб бўлаётгани ҳақида KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилди.

Аввалроқ, сайтда Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги Бўстон, Бирлик маҳаллалари, Полвош маҳалла фуқаролар йиғинидаги 30га яқин деҳқонларни қийнаётган айнан шундай муаммо ёритилган эди.

Сайт мухбири Искандар Мамбетов билан учрашиб, уни бир неча ойдан бери сарсон қилаётган муаммони ўрганди.

2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрганида, паст ҳосилли пахта далаларини қисқартириш, уларнинг ўрнида  60-80 кунда пишиб етиладиган экспортбоп аччиқ қалампирни экиш, буни республиканинг бошқа вилоятларида ҳам йўлга қўйиш бўйича топшириқ берганди.

2018 йил 27 январида Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда хорижий тажриба асосида ҳудудларда аччиқ қалампирни етиштириш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Қарорни бажариш учун, қалампир кўчатлари етиштиришни таъминлаш ва ҳудудларга етказиб бериш GENERAL MACHINERY GROUP (GMG) МЧЖ зиммасига юклатилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида илк маротаба аччиқ қалампир экиш бўйича оммавий кампания старт олди.

Искандар Мамбетов ўзининг ўғли Умрбек орқали GMG компанияси билан контрактация шартномаси имзолайди. Унга асосан буюртмачи ҳисобланмиш GMG компанияси деҳқонни қалампир уруғи билан таъминлаш, деҳқон эса 18 миллион дона қалампир кўчатини етиштириб бериш мажбуриятини олади.

«Президентимиз топшириғига лаббай деб жавоб қайтариб, 2018 йил февраль ойида ўғлим Умрбек орқали GMG компанияси билан контрактация шартномаси имзоладим. Ўзим 1-гуруҳ ногирониман, ревматоид артрит билан хасталаниб, ўрнимдан туролмайдиган ва юролмайдиган бўлиб қолганман. Ҳамма ишларни уйда, телефон орқали бажаришга ўрганганман», - дейди Мамбетов.

GMG компанияси контрактация шартига кўра, Мамбетовга 345 миллион сўм (30%) бўнак пули ажратади. Шундан сўнг, тадбиркор Тўрткўл туманида 1 гектар ерга янги иссиқхона барпо қилади, Нукус туманида 1 гектар, Хоразм вилоятининг Шовот туманида 2 гектар ҳудудли иссиқхоналарни таъмирлаб, ишга туширади. Ҳар куни 100га яқин ишчини ишлатиб, уруғ эктирди ва кўчат етиштиради.

«Янги иссиқхона қурдим, яна иккита эскисини таъмирлаб, ишга туширдим. 100га яқин ишчини ишлатдик. Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Риштон, Бешкепа қишлоқларидан, Наманганнинг Олмос, Янгиқўрғон, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларидан қалампир кўчатини етиштириш бўйича катта тажрибага эга мутахассисларни олиб келиб, шартнома асосида ишлатдик. Жуда катта ҳажмдаги ишларни бажардик», - дейди Мамбетов.

2018 йил 10 июнь куни нархи 1 миллиард 148 миллион сўмга яқин 18 миллион дона кўчат GMG компаниясига етказиб берилгани ҳақида олди-берди акти имзоланди. Бироқ, Мамбетов топширган кўчатларининг пулини ҳозиргача олмаган.

Контрактация шартномасида буюртмачи топширилган кўчатлар ҳақини тўлашдан асоссиз равишда бўйин товлагани учун, муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун умумий тўлов суммасининг 0,4% миқдорида, бироқ 50% дан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши кўрсатилган. Бугунги кунда, шуларни ҳисобга олган ҳолда GMG компаниясининг Мамбетовдан қарзи 1 миллиард сўмдан ошган.

«Қалампир экиш кампаниясига салмоқли ҳисса қўшдик. Тўрткўл туманида 130 фермерга 10 миллиондан ортиқ кўчат тарқатганмиз. Уларни ўзимиз етказиб берганмиз. Бундан ташқари, Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа, Амударё, Тахиатош, Кегейли туманларига, Бухоро вилоятига ҳам қалампир кўчатини етказиб берганмиз. Бироқ, ҳалигача GMG компаниясидан пул ололмаяпмиз. Ногирон бўлсам-да, бир неча маротаба бу компания офисига пулимизни сўраб борганман, сарсон бўлганман, аммо натижа бўлмади», - дейди у.    

Искандар Мамбетов бу масала бўйича кўплаб идораларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилган. Амалий ёрдам бўлмагач, муаммони матбуотда ёритиш орқали, унинг ечими топилишига умид қилмоқда.

Мавзуга доир:

Аввалроқ, бу масала бўйича GENERAL MACHINERY GROUP (GMG) компаниясига мурожаат қилганимизда, GMG деҳқонлар билан контрактация шартномалари тўловларини амалга оширишга тайёрлиги, аммо, компаниянинг ўзи бу тадбирда жуда катта миқдорда зарар кўргани, бу зарарни ундириш учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига ва судга мурожаат киритилиб, даъво аризалари берилгани, қарздорликни ундириш юзасидан қилинадиган ишлар натижасида, жамият ҳисоб маблағи шаклланган заҳоти барча деҳқонлар билан ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиши ҳақидаги жавобни олган эдик. Ҳозирча, бу ишларнинг қачон амалга оширилиши, деҳқонларнинг пули қачон берилиши маълум эмас.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид