Ўзбекистон | 17:48 / 18.02.2023
44088
3 дақиқада ўқилади

UzAuto раҳбари: “Автомобилга навбатлар йўқ бўлади, фақат озгина сабр қилинг”

“Ўзавтосаноат” раиси Шавкат Умрзоқов автомобил ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали навбатлар муаммосига барҳам берилишини айтди. “Навбат йўқ бўлади, ишонинг, фақат озгина сабр”, – деди у.

Шавкат Умрзоқов / Фото: Kun.uz

“Ўзавтосаноат” раиси Шавкат Умрзоқов Асака шаҳридаги заводда Chevrolet Onix автомобилининг тақдимоти вақтида UzAuto Motors томонидан харид қилинган машиналарни етказиб бериш билан боғлиқ муаммога тўхталиб ўтди.

Gazeta.uz хабарига кўра, у қўшимча пул тўлаб, автомобилни навбатсиз олиш имкони яратилиши, яъни халқ орасидаги “шапка”ни қонунийлаштириш мумкинлиги борасидаги саволга жавоб қайтарган.

“Мен бу таклифга қаршиман, нотўғри нарса. Бекорга ишлаб чиқаришда 500 минг билан чегараланмаймиз демадим. Автомашиналар навбати бутун дунёда бор. Мен бу билан уни тўғри ҳам демоқчимасман. Лекин бу нарса [автомобиль етказиб бериш муддатини камайтириш]ни фақат машина кўп ишлаб чиқариш билан енгамиз. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машинани тезроқ олиш учун кўпроқ пул тўланг, десак, нотўғри бўлади”, – деди “Ўзавтосаноат” раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, компания олдида жуда кўп ташқи ва ички муаммолар турибди. Умрзоқов бунга мисол сифатида 2018 йилда бир контейнер нархи 5 минг доллар бўлгани, ҳозир 15 минг долларгача ошганини келтирди.

“Машинамизни қимматлашяпти деймиз, лекин долларга чақсак, шу кунгача арзонлашди. Шунча солиқ тўлаяпмиз, лойиҳаларнинг бир сўмини ҳам давлатдан олмаяпмиз, ўзимизнинг даромадимиз ёки ривожланишимизни кўриб, пулларни ташқи молиявий институтлар беряпти”, – деди Шавкат Умрзоқов.

“Андижоннинг ўзида бу йил 250−300 млн долларлик тўртта янги завод қурадиган бўлдик. Бу нима беради? Тасаввур қилинг, 2016 йил 80 минг машина чиққан, 2017 йил 120 минг чиққан. Бугун 330 минг чиқаряпмиз. Бу йил 400 мингдан ошиқ чиқарамиз. Навбат йўқ бўлади, ишонинг, фақат озгина сабр [қилинг]”, – деди “Ўзавтосаноат” раиси.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг февраль ойида машинасозлик саноати бўйича йиғилиш ўтказиб, автомобиллар учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизга пасайтиришга ва 1 майгача автомобиль сотиб олишдаги навбатларни тўлиқ бартараф этишга кўрсатма берганди. Шунингдек, навбатда турган харидорларга автомобили етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўлланиши айтилганди.

Олдиндан тўлов миқдори 50 фоизга туширилган бўлса-да, бир неча ойлик навбатлар сақланиб қолмоқда.

Мавзуга оид