Иқтисодиёт | 16:44 / 25.08.2025
7128
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши минтақа давлатларига нисбатан ортда қоляпти – МБ

Жорий йилнинг II чораги якунлари бўйича, Ўзбекистонда иш ҳақининг реал ўсиш суръати 7,3 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич Марказий Осиё давлатларида 9,8 фоиз, айрим Кавказ давлатларини ҳисобга олганда эса 9,1 фоиз бўлган. Иқтисоди ўхшаш мамлакатларга нисбатан мазкур тафовутнинг узоқ вақт сақланиб қолиши келгусида Ўзбекистонда харид қобилияти пасайиши ва талабнинг сусайишига олиб келади, дейилади МБ шарҳида.

Фото: Kun.uz

2025 йилнинг II чорагида Ўзбекистонда иш ҳақининг номинал ўсиш суръати йиллик 17,2 фоизни, реал ўсиш суръати эса 7,3 фоизни ташкил этди. Бунда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 6 млн сўмга тенг бўлди, дейилади Марказий банкнинг меҳнат бозори шарҳида. 

Соҳалар кесимида, молия ва суғурта ҳамда ахборот ва коммуникация хизматлари йўналишларида ўртача иш ҳақининг бошқа соҳаларга нисбатан юқори шаклланиши сақланиб қолган (мос равишда 16,3 ва 14,8 млн сўм). Шу билан бирга, II чорак давомида ахборот, транспорт ва ижтимоий хизматлар йўналишларида фаолият юритувчи ходимларнинг иш ҳақи қолган тармоқларда фаолият юритувчиларникига нисбатан реал ва номинал қийматларда юқорироқ ўсган. Иш ҳақининг энг кам ўсиши қурилиш соҳасида кузатилиб, ушбу соҳада фаолият юритувчи ходимларнинг ўртача иш ҳақи номинал қийматда йиллик 6,1 фоизга ошган бўлса, реал қийматда 2,8 фоизга камайган. 

Жорий йилнинг январ-март ойлари давомида Марказий Осиё давлатларида реал иш ҳақининг ўртача ўсиши 9,8 фоизни, айрим Кавказ давлатларини ҳисобга олганда эса 9,1 фоизни ташкил этган. Ушбу даврда Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши 7,2 фоизга тенг бўлган

“Иқтисоди ўхшаш мамлакатларга нисбатан мазкур тафовутнинг узоқ муддат сақланиб қолиши келгусида Ўзбекистон меҳнат бозори иштирокчиларининг харид қобилияти пасайишига ва талабнинг сусайишига олиб келади”, дейилади МБ шарҳида.

Иккинчи чоракда Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 91 долларни ташкил этган. Минтақа давлатлари орасида минимал иш ҳақининг энг юқори миқдори Беларус (243 доллар), Озарбойжон (235 доллар) ва Монголияда (222 доллар) қайд этилган.

“Ўзбекистонда йиллик минимал иш ҳақининг аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмига нисбати 35 фоизга тенг бўлди. Ушбу кўрсаткичнинг юқорироқлиги мамлакатда даромадлар бошқа давлатларга нисбатан тенгроқ тақсимланганини кўрсатса, нисбатнинг пастлиги аксинча, даромадларнинг нотекис тақсимланганидан далолат беради. Минтақа давлатлари орасида Қозоғистон (14 фоиз), Қирғизистон (14 фоиз) ва Грузия (12 фоиз) давлатларини ҳисобга олмаганда, бошқа давлатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ушбу кўрсаткичлари юқорироқ ва бир-бирига яқин шаклланган”, дейилади шарҳда.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид