Жаҳон | 16:30 / 04.02.2026
5561
7 дақиқада ўқилади

Эрон дронини уриб туширган АҚШ, Муаамар Қаззофийнинг ўғлига суиқасд ва болаларни ҳимоя қилаётган Испания – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ Эрон дронини уриб туширди

АҚШ ҳарбийлари сешанба куни Араб денгизида турган Абраҳам Линколн авиация ташувчисига «агрессив тарзда» яқинлашган Эрон дронини уриб туширди.

АҚШ ҳарбийларига кўра, эронлик Shaheed-139 дрони авиация ташувчига «номаълум ният билан» яқинлашаётган бўлган.

«Абраҳам Линколн бортидаги F-35C қирувчи самолёти дронни ўзини ҳимоя қилиш ва авиация ташувчиси ҳамда бортдаги шахсий таркибни ҳимоя қилиш мақсадида уриб туширди», - дейилади Centcom расмийси баёнотида.

Ҳодиса давомида АҚШ ҳарбий техникасига зарар етмагани айтилмоқда.

Бу воқеа Эрон ва АҚШ ўртасида ядровий музокараларни йўлга қўйиш ҳаракатлари фонида юз берди. АҚШ президенти Доналд Трамп эса келишувга эришилмаса «ёмон оқибатлар» бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Эроннинг БМТдаги миссияси бу борада изоҳ бермади.

Дрон уриб туширилгани ҳақидаги хабардан сўнг нефт фючерслари нархи ҳар баррелига 1 доллардан кўпроққа ошди.

Греция соҳилларида 14 муҳожир ҳалок бўлди

Эгей денгизида ичида муҳожирлар бўлган қайиқ Греция Соҳилни қўриқлаш хизмати кемаси билан тўқнашиб кетиши оқибатида 14 нафар муҳожир ҳалок бўлди.

Греция қўриқлаш хизмати вакилининг айтишича, улар Хиос ороли томон йўл олаётган муҳожирларни ташиётган резина қайиқни пайқаб, уларга орқага қайтиш буйруғини берган.

«Контрабандачилар қирғоқ қўриқлаш кемаси томон манёвр қилиб, тўқнашувга сабаб бўлди», - дейилади баёнотда. Тўқнашув айнан қандай содир бўлгани ва муҳожирларнинг фуқаролиги очиқланмаган.

Reuters манбаларига кўра, яна икки нафар қирғоқ қўриқлаш ходими жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган, 24 нафар муҳожир эса қутқариб олинган.

Қидирув-қутқарув амалиёти давом этмоқда, унда қирғоқ қўриқлаш кемалари, хусусий қайиқлар ва ғаввослар иштирок этмоқда.

Греция узоқ йиллардан буён Яқин Шарқ, Африка ва Осиёдан келаётган муҳожирлар ва қочқинлар учун Европага киришнинг асосий йўлларидан бири бўлиб келган. Сўнгги йилларда келувчилар сони камайган ва Греция муҳожирларга нисбатан сиёсатини қатъийлаштирган.

Испания ҳам болалар ҳимоясига киришди

Испания 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш режасини эълон қилган Европанинг навбатдаги давлатига айланди.

«Биз уларни рақамли ёввойи ғарбдан ҳимоя қиламиз», - деди БААда ўтаётган саммитда Испания бош вазири Педро Санчез. Ҳозирча парламент тасдиғини талаб қиладиган мазкур тақиқ — платформалардаги «ноқонуний ёки зарарли контент» учун компания раҳбарларини шахсан жавобгар қилишни ҳам ўз ичига олади.

«Бугун болаларимиз ҳеч қачон ёлғиз ўзлари юриши кўзда тутилмаган маконга дуч келмоқда», - деди Санчез ижтимоий тармоқларни «қарамлик, зўравонлик, порнография, манипуляция ва зўравонлик» майдони сифатида таърифларкан. «Биз энди бунга кўз юмолмаймиз. Уларни ҳимоя қиламиз».

Ўзгаришларга кўра, ижтимоий тармоқлар самарали ёшни текшириш тизимларини жорий этиши шарт бўлади — «оддий белги қўйиш эмас, балки ҳақиқатан ишлайдиган реал тўсиқлар», деди бош вазир.

Шунингдек, янги қонунлар ноқонуний контентни кучайтириш учун алгоритмларни манипуляция қилишни жиноят деб белгилайди.

Ўтган йили Австралия бундай тақиқни жорий қилган дунёдаги биринчи давлат бўлди. Энди бошқа мамлакатлар: Франция, Дания ва Австрия ҳам миллий ёш чегараларини белгилаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Буюк Британия ҳукумати эса 16 ёшгача бўлганлар учун тақиқ жорий этиш масаласида жамоатчилик билан маслаҳатлашув жараёнини бошлаган.

Ижтимоий тармоқ компаниялари эса бундай тақиқлар самарасиз, амалга ошириш қийин бўлиши ва ўсмирларни янада яккалаб қўйиши мумкинлигини таъкидлаб келмоқда.

Трамп ва Петро учрашуви

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Колумбия президенти Густаво Петро сешанба куни илк бор юзма-юз учрашди.

Петро Оқ уйга оммавий тантаналарсиз ташриф буюрди, тахминан икки соат давом этган учрашувга ОАВ вакиллари киритилмади. Учрашувдан кейин айтилган алоҳида баёнотларда томонлар аниқ келишувларга эришилганини очиқ айтмади, бироқ учрашувни ижобий оҳангда баҳолади.

Журналистлар Колумбиядан келаётган наркотик оқимини жиловлаш бўйича келишувга эришилгани ҳақида сўраган.

«Ҳа, шундай. Биз бу устида ишладик ва жуда яхши чиқишдик», деди Трамп.

Петронинг айтишича, у Трампдан Колумбия ташқарисида яшаётган йирик наркожиноий гуруҳ етакчиларини қўлга олишга ёрдам беришни сўраган. Шунингдек, у АҚШ президентидан Колумбия ва қўшни Эквадор ўртасидаги дипломатик келишмовчиликда воситачилик қилишни илтимос қилган.

Икки етакчи орасида олдинроқ кўп келишмовчиликлар бўлган. Трампга кўра, айнан Мадурога қарши рейддан кейин Петронинг оҳанги ўзгарган ва муросага мойил бўлиб қолган.

Колумбия дунёдаги энг йирик кокаиннинг асосий хомашёсини ишлаб чиқарувчиси. Шу билан бирга, Колумбия минтақада Вашингтоннинг энг содиқ иттифоқчиларидан бири ва гиёҳванд моддалар оқимини шимолга йўналтирмаслик учун кетма-кет маъмуриятлар билан яқиндан ҳамкорлик қилган.

Муаммар Қаззофийнинг ўғли ўлдирилди

Саиф ал-Ислом Қаззофий — Ливия собиқ етакчиси Муаммар Қаззофийнинг ўғли отиб ўлдирилгани ҳақида хабар қилинмоқда.

Бир пайтлар отасининг эҳтимолий вориси сифатида кўрилган 53 ёшли Саиф ал-Исломнинг ўлимини сешанба куни унинг сиёсий жамоаси раҳбари тасдиқлаган.

Унинг адвокатига кўра, тўрт кишидан иборат гуруҳ Зинтан шаҳридаги уйида унга суиқасд уюштирган. Бироқ ҳужум ортида ким тургани номаълум.

Бошқа бир версияда унинг синглиси Ливия телевидениесига Саиф ал-Ислом мамлакатнинг Жазоир билан чегараси яқинида ҳалок бўлганини билдирган.

Қаззофий ағдарилганидан бери Ливия турли қуролли гуруҳлар назоратидаги ҳудудларга бўлинган бўлиб, ҳозирда мамлакатда икки рақиб ҳукумат мавжуд.

Саиф ал-Ислом Қаззофий отасидан кейин мамлакатдаги энг таъсирли шахс сифатида қаралган. Отаси ҳокимиятдан четлатилгач, ҳукуматга қарши намойишларни шафқатсиз бостиришда айбланган Саиф ал-Ислом қарийб олти йил қамоқда сақланган.

2015 йилда мамлакат ғарбида ҳукумат назоратидаги Триполи суди томонидан у сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинганди.

Бироқ икки йил ўтиб, Саиф ал-Ислом Тобрукда фаолият юритувчи қуролли гуруҳлар томонидан амнистия тўғрисидаги қонун асосида озод қилинган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид