Жаҳон | 15:33 / 27.08.2025
6054
9 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларга «ов», Оқ уйда Ғазо бўйича йиғилиш ва Сурияда ўлдирилган аскарлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Оқ уйда Ғазо бўйича йиғилиш бўлади

АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Оқ уйда бўлиб ўтадиган Ғазо бўйича йиғилишга раислик қилади. Бу ҳақда маълумот берган АҚШ махсус вакили Стив Уиткоффнинг айтишича, расмий Вашингтон Исроилнинг Ғазодаги уруши йил охиригача якунланишини кутмоқда. Шунингдек, АҚШ давлат котиби Марко Рубио чоршанба куни Вашингтонда Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар билан учрашишини маълум қилди.

Reutersʼнинг ёзишича, Трамп 2024 йилги АҚШ сайлов кампанияси давомида ҳам, январь ойида лавозимни эгаллагач ҳам Ғазодаги урушни тезда тугатишга ваъда берганди, бироқ деярли етти ой ўтган бўлса-да, бу мақсад ҳали ҳам амалга ошгани йўқ.

Трампнинг президентлиги Ғазодаги сулҳ билан бошланганди, бироқ у икки ой давом этди. Сулҳ 18 март куни Исроил 400 га яқин фаластинликни ўлдиргач тугади. Сўнгги ҳафталарда Ғазодаги очликдан азият чекаётган фаластинликлар, жумладан, болалар суратлари дунёни ларзага солди ва Исроилга танқидни кучайтирмоқда.

«Эртага Оқ уйда президент раислигида катта йиғилишимиз бор ва биз эртаси кунига жуда кенг қамровли режа тайёрлаяпмиз», деди Fox News телеканалига интервью берган Уиткофф. У батафсил тушунтирмади ва йиғилиш иштирокчиларини санаб ўтмади.

Уиткофф, Исроил Ҳамас билан музокараларни давом эттиришга очиқлигини айтди. Унга кўра, Ҳамас ҳам келишувга очиқлигини билдирган. Маълумот учун, Исроилнинг 2023 йил октябрдан буён Ғазога уюштираётган ҳалокатли ҳужумлари 62 мингдан ортиқ фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлган. Бу ҳам очлик инқирозини келтириб чиқарди, Ғазо аҳолисини бутунлай ички кўчкинларга айлантирди ва Исроилни халқаро судларда геноцид ва уруш жиноятларида айблашга туртки берди.

Айни вақтда Исроилнинг ўзида гаровдагилар озод қилинишини ва Ғазодаги урушни тугатишни талаб қилиб, умумхалқ норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Россияда мигрантларга «ов»

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида одамларнинг «миллатини аниқловчи» камералар ишлай бошлади. Бу ҳақда Ахборотлаштириш ва алоқа қўмитаси раиси ўринбосари Игор Никонов маълум қилди.

«Бизда таҳлилнинг бир тури бор — ирқ ва миллатнинг бир нечта турларини аниқлаш. Олти хил. Бу шаҳарнинг маълум ҳудудларида маълум гуруҳларнинг тўпланишини аниқлаш имконини беради. Ушбу маълумотлар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тегишли қарорлар қабул қилади», деди у.

Никонов сўзларига кўра, полиция бундай тизим орқали мигрантлар тўпланган жойларни кузатиши ва «резина» квартираларни аниқлаши мумкин. Айни пайтда 50 мингга яқин камера этник мансубликни аниқлаш функцияси билан жиҳозланган, бироқ ҳозирча аниқ натижалар йўқ. «Жиноятларни очиш бўйича статистика фақат йил охирида аниқланади», деди Никонов.

Унинг сўзларига кўра, тизим ташқи кўринишнинг олтита шартли тоифасини таниб олишга қодир: Кавказ, Шарқий Осиё ва Марказий Осиё минтақалари аҳолиси, шунингдек, европаликлар, осиёликлар ва негроид ирқи вакиллари.

Бундан ташқари, жорий йил 1 сентябрдан Москва шаҳри ва Москва вилоятида «Амина» мобил иловаси ёрдамида хорижий фуқароларнинг турган жойини ҳисобга олишнинг экспериментал режими жорий этилади.

Иловани мажбурий ўрнатиш Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Гуржистон, Озарбойжон, Молдова ва Украинадан келган меҳнат мигрантларига тааллуқлидир.

Пойтахт минтақасида миграция рўйхатидан ўтиш фақат «Амина»дан фойдаланиш орқали амалга оширилади.

Мигрантлар иловани мустақил равишда ўрнатади. Аммо «Амина»да авторизациядан ўтиш учун хорижий фуқаронинг амалдаги картаси зарур бўлгани сабабли, уни расмийлаштириш учун Саҳаровога бориш керак бўлади.

Мобил иловада фойдаланувчининг геолокация маълумотлари автоматик равишда узатилади. Агар маълумотлар уч иш кунидан ортиқ вақт давомида узатилмаса, мигрант яшаш манзилини тасдиқлаш ёки унинг ўзгаргани ҳақида маълумот бериш сўралган хабарнома олади. Ҳисобга олиш шартларига риоя қилмаслик манзил бўйича рўйхатдан чиқарилишга ва Назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилишга сабаб бўлади.

АҚШ фуқароси Хитойга жосусликда айбланди

Германия федерал прокуратураси АҚШ фуқароси Мартин Д.га қарши жосусликда айблов қўйди. Уни хорижий разведка хизмати агенти сифатида ишлаганликда гумон қилиш учун етарли асослар бор, деб хабар берди Карлсруэдаги идора.

2017 йилдан 2023 йилнинг баҳоригача Мартин АҚШ Мудофаа вазирлигининг фуқаролик пудратчисида ишлаган. Немис расмийларига кўра, у 2020 йилдан бери Германиядаги АҚШ ҳарбий базасида меҳнат қилган. 2024 йил ёзида айбланувчи Хитой давлат идоралари билан бир неча бор боғланиб, АҚШ ҳарбийларига оид махфий маълумотларни Хитой разведкасига етказишни таклиф қилган, дея маълумот берилди.

Мартин Д. 2024 йил 7 ноябрдан бери ҳибсга олиш ордери асосида қамоқда сақланмоқда. Хабар эълон қилинган пайтда АҚШ ва Хитой расмийлари немис томони қўйган айбловларга изоҳ бермади.

Санкциялар Россиянинг нефть даромадини 30 фоизга камайтирди

Россия иқтисодиёти «оғир кунларни» бошдан кечирмоқда, Москва эса Украинага давом этаётган бостириб кириши учун Европа Иттифоқи киритган санкциялар туфайли ўзининг ҳарбий-саноат комплексини молиялаштириш учун пул йўқотмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Die Welt газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Европа дипломатияси раҳбари Европа Иттифоқи Россияга қарши 19-санкция пакети устида ишлашни давом эттираётганини қайд этди. Калласнинг таъкидлашича, Россия Федерациясининг «соя флоти»га қарши олдинги чекловлар «Россиянинг Болтиқ ва Қора денгизлар орқали нефть ташишдан келадиган даромадини бир ҳафта ичида 30 фоизга қисқартирди».

«Европа Иттифоқи санкциялари туфайли Россия миллиардлаб доллар йўқотди. Бу маблағлар энди Россия ҳарбий машинасини молиялаштириш учун мавжуд эмас», деб давом этди Каллас.

Трампдан янги таҳдид

Агар давлатлар рақамли хизматлар солиғини жорий этиш амалиётидан воз кечмаса, Вашингтон уларнинг экспортига қўшимча тарифлар киритади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг ижтимоий тармоғида баёнот берди.

Трамп — давлат раҳбари сифатида «Америка технологик компанияларига ҳужум қилаётган» мамлакатларга қарши туришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, рақамли солиқлар, рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунчилик ва рақамли бозорларга оид тартиблар Америка технологияларига зарар етказиш ёки уларни камситиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Трамп, шунингдек, бу чоралар Хитойнинг йирик технологик компаниялари учун ҳеч қандай тўсиқ яратмаслигини қайд этди ва бунга чек қўйиш зарурлигини билдирди.

«Рақамли солиқлар, қоидалар ёки тартиблар жорий этаётган барча мамлакатларга мурожаат қиламан: ушбу дискриминацион чоралар бекор қилинмагунча, мен, бу давлатларнинг Америкага экспортига сезиларли қўшимча тарифлар жорий қиламан ва уларнинг бизнинг юқори ҳимояланган технологияларимиз ва чипларимизга киришини чеклайман. Бизнинг ажойиб технологик компанияларимизни ҳурмат қилинг — акс ҳолда оқибатларига тайёр бўлинг», — дейилади Оқ уй раҳбарининг эълонида.

Исроил Суриянинг 6 нафар аскарини ўлдирди

Сурия давлат телеканалининг хабар беришича, Исроил дронлари Дамашқ жанубида Сурия армияси позицияларига ҳужум қилиши оқибатида олти нафар суриялик ҳарбий офицер ҳалок бўлди. Бу ҳужум Сурия пойтахти ташқарисида Исроилнинг янги «ҳарбий бостириб кириши» қоралангандан бир кун ўтиб содир бўлди.

Телеканалнинг хабар беришича, Исроил дронлари Дамашқ яқинидаги ал-Кисва шаҳри атрофида жойлашган Сурия армияси позицияларини нишонга олган. Ўтган йил декабрида Башар ал-Асад режими қулаганидан буён Исроил Сурия бўйлаб юзлаб зарбаларни амалга ошириб, ҳарбий объектлар ва инфратузилмани нишонга олиб келмоқда.

Исроил, шунингдек, Суриянинг Голан тепаликларидаги демилитаризация қилинган тампон зонасини эгаллаб, ўз назоратини кенгайтирди. Бу эса 1974 йилда Сурия билан имзоланган ажратиш келишувини бузди.

Душанба куни Сурия Ташқи ишлар вазирлиги Исроил Суриянинг ички ҳудудига — Жабал аш-Шайх (Ҳермон тоғи) атрофидаги ҳудудга 60 аскар юбориб, Беит Жинн шаҳарчаси яқинидаги стратегик тепаликни эгаллаганини билдирди. Бу ҳудуд Ливан чегарасига яқин жойлашган. Исроил эса айблов юзасидан изоҳ бермади.

Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбони Исроилни демилитаризация қилинган ҳудудларда разведка объектлари ва ҳарбий постлар барпо этишда айблаб, бу ҳаракатларни унинг «экспанционистик ва бўлиниш режаларининг» бир қисми деб атади. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид