Ўзбекистон | 10:59 / 29.11.2024
7061
2 дақиқада ўқилади

Банкларда доллар курси биринчи марта 12 925 сўмга кўтарилди

Ўзбек сўмининг йил бошидан буён Америка валютасига нисбатан қадрсизланиши 4,26 фоизга етди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки 29 ноябрдан бошлаб ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 12 865 сўм деб белгилади. Бу – бир кун олдингидан 16,67 сўмга юқори. Расмий курснинг ошиши фонида тижорат банкларида доллар курси илк марта 12 925 сўмгача кўтарилди.

Ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан йил бошидан буён (2024 йилнинг илк иш кунида курс 12 338,77 сўм эди) 4,26 фоизга қадрсизланди.

Расмий курс апрел ойида 12 700 сўмдан, октябр ойида эса 12 800 сўмдан ошганди. Маълумот учун, Марказий банк белгилайдиган хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан расмий курси Ўзбекистон ҳудудида бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ва бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун ишлатилади.

Аввалроқ, 2025 йил бюджет параметрларида доллар курси ўртача йиллик 13 250 сўмдан ҳисоблангани хабар қилинганди. Бу кўрсаткич 2026 йил учун 13 725 сўм, 2027 йил учун 14 150 сўм бўлиши прогноз қилиняпти. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовга кўра, валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин.

Маълумот учун, миллий валюта 2022 йилда 3,94 фоизга, 2023 йилда эса 9,7 фоизга қадрсизланганди.

Мавзуга оид