Жаҳон | 09:12 / 22.11.2024
19497
2 дақиқада ўқилади

Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди

Буюк Британия мудофаа вазири ва мамлакат бош вазири Украина ҳақиқатан ҳам Россия ҳудудига Британиянинг Storm Shadow ракеталарини учирдими, деган саволга жавоб бермади.

Фото: AP

Британия Мудофаа вазири Жон Хили 21 ноябр, пайшанба куни Британия парламентининг мудофаа бўйича қўмитаси йиғилишида сўзлаган нутқида: «Сўнгги ҳафталарда биз Путин ва унинг қуролли кучлари томонидан вазият кескинлаштирилганини кўрдик», дея Россия президенти Владимир Путинни Украинадаги вазият эскалациясида айблади. Вазирнинг таъкидлашича, Россия қиш арафасида Украина энергия таъминоти тизимига, шунингдек, тинч аҳоли нишонларига ҳужумларини кенгайтирган.

Британия мудофаа идораси раҳбарининг айтишича, «Россия камида 10 минг Шимолий Корея аскарини фронтга жўнатган. Ва бугун ОАВда Россия Украинага янги баллистик ракета учиргани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар бор. Биламан, улар бир неча ой давомида тайёргарлик кўришган». У фронтдаги вазиятнинг жиддийлигини таъкидлаб, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери унинг чизиғи шу қадар беқарор бўлмаганини таъкидлади.

Мудофаа вазири ва бош вазир Storm Shadow масаласига изоҳ бермади

Хили Украина қуролли кучлари томонидан Россия ҳудудига ҳужумлар учун Британиянинг Storm Shadow ракеталаридан фойдаланилгани эҳтимоли ҳақида изоҳ бермади. У «оператив хавфсизлик»ни хавф остига қўймаслик учун можаро тафсилотларига аниқлик киритмаслигини ва бундай оммавий муҳокама фақат Путинга фойда келтиришини айтди. Вазир, шунингдек, Британия ҳукумати Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтираётганига шубҳа бўлмаслиги кераклигини билдириб ўтди.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ҳам Жамоатлар палатасида сўзлаган нутқида Россияга Storm Shadow ҳужумлари ҳақидаги хабарларга тўғридан тўғри изоҳ бермади. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, Буюк Британиянинг Украинани қўллаб-қувватлаши «ҳар доим ўзини ҳимоя қилишга қаратилган, мутаносиб, мувофиқлаштирилган, мослашувчан ва Россия ҳаракатларига жавобдир. Бу халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келади».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид