Жаҳон | 11:26 / 19.02.2026
3178
3 дақиқада ўқилади

Украина Паралимпиада-2026га сиёсий бойкот эълон қилди

Украина ҳукумати вакиллари Паралимпия ўйинларининг очилиш маросими ва расмий тадбирларида иштирок этмайди. Бу — россиялик спортчиларни миллий байроқ остида қатнашишига рухсат берилганига жавоб.

Фото: Claudia Greco/REUTERS

Украина ҳокимияти Италияда бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларини сиёсий бойкот қилишини эълон қилди. Бунга сабаб — россиялик ва беларуслик спортчиларга ушбу ўйинларда ўз давлатларининг байроқлари остида иштирок этишга рухсат берилгани. Украина ҳукумат делегацияси Паралимпиада-2026нинг очилиш маросимида ва бошқа расмий тадбирларда қатнашмайди, деб хабар қилди Украина спорт вазири Матвей Бедний 18 феврал, чоршанба куни ижтимоий тармоқларда.

«Паралимпиада ташкилотчиларининг қотиллар ва уларнинг шерикларига ўйинларда миллий байроқ остида иштирок этишга рухсат берган қарори ғазаб уйғотади», — деб таъкидлади Бедний.

Ўз навбатида Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха X ижтимоий тармоғида шундай деб ёзди: «Россия ва Беларусни миллий рамзлар остида қўйиш ҳақидаги қарор оддий ҳақиқатни инкор этади: бу байроқлар ва мадҳиялар тажовуз олиб бораётган, шаҳарларни вайрон қилаётган ва спортни пропаганда қуроли сифатида ишлатаётган режимларни ифодалайди. Уларни шу байроқ остида содир этилган жиноятлардан ажратиб бўлмайди. Бугунги Россияда ҳатто паралимпия спорти ҳам Украинага қарши уруш иштирокчиларини улуғлаш учун ишлатилмоқда».

Сибиха қўшимча қилишича, у Украина элчиларига хизмат қилаётган давлатларидаги расмий шахслар билан музокаралар ўтказишни ва агар россиялик ҳамда беларусликларни қабул қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинмаса, 6 март куни бўладиган Паралимпиада очилиш маросимига бормасликка чақиришни топширган.

Аввалроқ Халқаро паралимпия қўмитаси олти нафар россиялик ва тўрт нафар беларуслик спортчига Паралимпиада-2026 мусобақаларида РФ ва Беларус байроқлари остида иштирок этишга рухсат берилганини билдирган эди. Бу Украинада уруш бошланган 2022 йил февралдан бери биринчи марта шундай қарор ҳисобланади.

Киритишга асос сифатида ХПҚ Бош ассамблеяси томонидан ўтган йил сентябрда қабул қилинган резолюция кўрсатилди. У кутилмаганда Россияни четлатиш қарорини бекор қилди ва спортчиларга Италиядаги Паралимпиадада ўз давлат рамзлари остида қатнашиш имконини берди.

Қишки Паралимпия ўйинлари 6 мартда бошланиб, 15 мартгача давом этади. Мусобақаларни Милан, Кортина-д’Ампеццо ва Вал-ди-Фемме қабул қилади. Россия ва Беларус Паралимпиадалардан 2022 йилги Пекин қишки ўйинларидан бошлаб четлатилган эди. Италияда ҳозир ўтаётган Олимпиадада эса РФ ва Беларус спортчилари фақат нейтрал мақомда ва давлат рамзларисиз қатнашмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид