Кам даромадли аҳолига уй-жой олишда қўшимча имтиёзлар берилади — Тимур Ишметов
Молия вазири Тимур Ишметов аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини уй-жой билан таъминлашга доир янги чоралар ҳақида маълумот берди.
3 март куни президент раислигида уй-жой қурилиши ва ипотека бозори масаласида селектор бўлиб ўтди. Мажлисдан сўнг молия вазири Темур Ишметов берилган топшириқлар юзасидан журналистларга интервью берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум бўлишича, уй-жой қурилишида бозор тамойилларига асосланган жорий тизимга айрим ўзгартишлар киритилади. Бунда аҳоли ва қурилиш соҳасидаги тадбиркорларга қатор имтиёзлар кўзда тутилмоқда.
«Бу йил уй-жой қурилиши учун бюджетдан 11 триллион сўм маблағ ажратилади. Мазкур маблағларнинг асосий қисми тижорат банкларига ипотека кредитлари беришлари учун 20 йилга ресурс сифатида жойлаштирилади.
Бунда асосий ўзгариш – бозор тамойилларига ўтиш. Уй-жой қурилишини хоҳлаган хусусий тадбиркор амалга оширади. Аввалги йилларда фақатгина давлат ва 1-2 та ташкилотлар томонидан ташкиллаштирилган бўлса, энди хусусий пудратчилар қурилишни бемалол амалга оширса бўлади. Улар учун давлат томонидан кафолат бериляптики, ҳар битта қуриб бераётган уйи харидорни қизиқтира олса, уй сотиб олувчи фуқарога 20 йил ипотека таъминланади. Албатта, бу қурувчилар учун жудаям қулай шароит.
Иккинчидан, қурувчилар 12-18 ойда уйини қуриб битириши мумкин, лекин айланма маблағларига тижорат банкларидан бозор шартларида кредит олиши керак. Қурилган уйнинг сотувчисига ресурс тайин бўлганидан кейин, албатта, кредит олиш осонроқ бўлади. Банк ҳам бемалол кредит беради», – деди вазир.
Ишметовга кўра, 2020 йилда пандемия туфайли қурилиш ташкилотларига берилган қатор имтиёзлар 2021 йил охиригача узайтирилмоқда.
Вазир қанчалик арзон қилинмасин, уйнинг биринчи бадалини ҳам тўлашга қийналадиган аҳоли қатлами ҳақида гапирди. Улар бозор ставкаларидаги фоизни тўлашга ҳам қийналишлари мумкин. Тимур Ишметовнинг айтишича, шуни инобатга олиб давлат томонидан икки йўналишда ижтимоий ёрдам белгиланмоқда.
«Биринчиси, айнан даромади пастроқ ва уй-жойини янгилашга ёки янги олишга муҳтож аҳоли қатламларига ипотека олишда дастлабки бадалнинг бир қисмини (10 фоизгача бўлган миқдорда) компенсация қилиш.
Иккинчиси, кредитнинг фоизини компенсация қилиш. Тошкент шаҳрида кредит ставкасининг 12 фоиздан юқори қисмини давлат компенсация қилади. Бошқа ҳудудларда 10 фоиздан тепаси компенсация қилинади. Яъни фуқаро банкдан кредитни неча фоиз ставкада олишидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида 12 фоиз ставка тўлайди. Қолганини давлат тўлаб боради. Бошқа ҳудудларда эса 10 фоиз.
Бошланғич бадал қисмига келадиган бўлсак, ўтган йили 15 йиллик кредитга шаҳарларда 20 фоизини, қишлоқ жойларда 10 фоизи тўланарди. Янги тартибга кўра, бошланғич бадал 15 фоиз этиб белгиланади.
Яъни шаҳарлардаги кредитларнинг биринчи бадали 20 фоиз ўрнига 15 фоиз туширилади. Савол туғилиши мумкин, қишлоқ жойларда 10 фоиздан 15 фоизга ошяпти, деб. Қишлоқ жойларда 10 фоиз бадал ўрнига 15 фоиз тўланади, лекин шу билан бирга, 15 фоизнинг 10 фоизгача миқдорини давлат қоплаб беради. Яъни даромади паст аҳоли аслида 10 фоиз эмас, уй-жой нархининг бор-йўғи 5 фоизини бошланғич бадал сифатида тўлайди. Ёнига давлат 10 фоизини тўлаб беради», – деди Молия вазирлиги раҳбари.
Вазирга кўра, барча тоифадаги фуқароларга ипотека кредитлари Марказий банкнинг асосий ставкасига қисман боғланган ҳолда берилади. Яъни асосий ставка туширилса, кредит ставкаси ҳам тушади, кўтарилганда эса ўзгаришсиз қолади.
2022 йилда Ўзбекистонда камида 45 мингта хонадон қурилиши белгиланган. Субсидияга ажратилган маблағ 1 триллион сўм атрофида бўлиб, бу маблағ 23,5 минг фуқарога субсидия сифатида берилади. Яъни қурилаётган уйларнинг ярмидан ортиғи даромади паст аҳоли учун мўлжалланган.
Ишметовга кўра, охирги 3 йилда (2018-2019-2020 йилларда) давлат бюджетидан уй-жой қурилиш дастурига 15 триллион сўм маблағ ажратилган. Яъни йилига ўртача 5 триллион сўмдан маблағ ажратилган. Таққослаш учун, 2016-2017 йилларда бу дастурга йилига 2,5 триллион сўмдан маблағ йўналтирилган. Яъни уй-жой дастурига ажратилган маблағлар миқдори охирги уч йилда ундан аввалги йиллардан камида икки баробар кўп ошган.
2021 йилда эса охирги 3 йилликнинг ўртачасидан икки баробар кўпроқ маблағ – 11 триллион сўм ажратилмоқда. Бу маблағнинг асосий қисми банкларга ипотека кредит бериши учун ресурс сифатида жойлаштирилади.
Аввалроқ, президент иқтисодиёт ва молия вазирларига шу йил якунига қадар республика бўйича камида 6,5 мингта хонадон учун кредитга 1,5 триллион сўм ресурс ажратиш топшириғи бергани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
17:36 / 30.04.2024
Банклар Тошкентдаги 100 та маҳаллада кутубхона ташкил этади
17:55 / 07.06.2023
“Финишга яқинлашиш вақти келди” — Кристалина Георгиева ЖСТга аъзоликни тезлаштиришга чақирди
16:43 / 21.02.2023
Ўзбекистонда ходимларнинг 28 фоизи 1 млн сўмгача маош олади
19:03 / 19.12.2022