Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин флот кунида Петербургга борди. Бу вақтда Ленинград областига дронлар ҳужум қилди
Бу сафар хавфсизлик нуқтайи назаридан Ҳарбий-денгиз флоти кунида ҳар йили ўтказиладиган парад бекор қилинган.
Алексей Даничев / РИА Новости / Спутник / Profimedia
Владимир Путин 27 июл – Ҳарбий-денгиз флоти кунида Петербургга ташриф буюрди ва 23-27 июл кунлари бўлиб ўтган «Июл бўрони» ҳарбий-денгиз флотининг тезкор машғулотларини текшириш учун Бош адмиралликда бўлди, деб хабар берди Кремл.
Ҳарбий-денгиз флоти куни анъанавий равишда июл ойининг сўнгги якшанбасида Санкт-Петербургда ўтказиладиган Бош денгиз паради билан бирга ўтади. Бироқ бу йил парад бекор қилинди. Июл ойи бошида «Фонтанка» ўз манбаларига таяниб, парад бекор бўлганини хабар қилганди, 25 июл куни эса буни шаҳар транспорт қўмитаси тасдиқлади. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков парад бекор қилинишини «умумий вазият» ва «хавфсизлик чоралари» билан изоҳлади.
Шу куни эрталабдан Ленинград областида дронлар ҳужуми хавфи эълон қилинди. Эрталаб соат 10 атрофида област губернатори Александр Дрозденко «ўндан ортиқ дронлар» йўқ қилинганини маълум қилди. Дрон парчалари Гатчина, Кингисепп ва Ломоносов районлари, Войсковицк аҳоли яшаш пункти ва Приморскдаги саноат зонаси ҳудудига қулаган. Дрозденконинг сўзларига кўра, Ломоносов районида ҳужум оқибатида бир аёл жароҳатланган.
Губернатор, шунингдек, «мобил интернет сигнали қисман пасайиши» мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Баҳордан бери Россиянинг турли ҳудудлари мунтазам равишда Украина дронлари ҳужумлари туфайли мобил алоқа узилишига дучор бўлмоқда. Расмийлар буни хавфсизлик нуқтайи назаридан изоҳлайди.
Бундан ташқари, учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумлари туфайли Пулково аэропортида чекловлар жорий этилди, бу беш соатдан кўпроқ давом этди. 50 дан ортиқ рейслар кечиктирилди, яна 22 таси захира аэродромларига йўналтирилган.
Соат 12:00 атрофида дронлар ҳужуми хавфи бекор қилинди. «Агентство» нашри бунгача Ленинград области бундай шиддатли ҳаво ҳужумларига дуч келмаганини таъкидлаб, бу сафарги ҳужумни уруш давридаги энг йириги деб атаган. Шунингдек, 47news нашри ёзишича, бир кунда Ленинград областига ҳужум қилган дронлар сони рекорд даражага етган. Аввалги рекорд январ ойида қайд этилганди – ўшанда регионга тўртта дрон ҳужум қилганди.
Мавзуга оид
22:02 / 01.01.2026
РФ Мудофаа вазирлиги «Путин қароргоҳига ҳужум» бўйича далилларга эгалигини даъво қилди
16:38 / 31.12.2025
Одессага дронлар ҳужум қилди
14:05 / 31.12.2025
РФда Путин фигуралари сабаб немис ҳайкалтароши устидан суд кейинга қолдирилди
12:35 / 31.12.2025