Жаҳон | 16:38
1120
3 дақиқада ўқилади

Одессага дронлар ҳужум қилди

Олти киши яраланган, улар орасида болалар ҳам бор.

DSNS Odessa

31 декабрга ўтар кечаси ва эрталаб Россия ҳарбийлари Одессага навбатдаги дронлар ҳужумини амалга оширди. Маҳаллий расмийлар ва қутқарувчиларнинг маълум қилишича, зарбалар нишони энергетика инфратузилмаси бўлган, бундан ташқари, дронлардан бири тўққиз қаватли турар жой биносига урилган. Бунинг оқибатида, олти киши, жумладан, уч бола яраланган.

Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати тунда бу ҳудуддаги турар жой биносига учувчисиз учоқ келиб урилиши оқибатида бинонинг 2-қаватдан 6-қаватгача бўлган квартираларида ёнғин чиққанини маълум қилди.

Бундан ташқари, яна бир нечта кўп қаватли турар жой биноларининг фасад ва ойналари шикастланган, шунингдек, бир нечта автомобиллар ёниб кетган.

Одесса области маъмурияти раҳбари Сергей Лисак ярим тунда уч нафар бола: етти ойлик чақалоқ ва 8 ҳамда 14 ёшли болалар жароҳатланганини маълум қилганди.

Тонгда қутқарувчилар ва шифокорлар аниқлик киритиб, ҳужум пайтида бир оила аъзолари: ота-она ва уларнинг икки фарзанди жабрланганини маълум қилди.

Одессадаги маҳаллий телеграм каналлар ёзишича, 42 ёшли ота куйиш оқибатида оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. 38 ёшли онада ҳам куйиш жароҳатлари, шунингдек, ёпиқ бош мия жароҳати ва синиши қайд этилган, у 14 ёшли ўғли ва 8 ёшли қизи каби ўртача оғир аҳволда қолмоқда.

Маҳаллий вақт билан эрталаб соат тўққизларда Сергей Лисак ҳужум натижасида Одессанинг бир қисмида яна электр энергияси йўқлигини маълум қилди.

«Айрим муҳим инфратузилма объектларида тиклаш ишлари олиб борилмоқда, шу сабабли аҳолининг бир қисми вақтинча сув ва иссиқлик таъминотидан ҳам маҳрум», – дея қўшимча қилди ҳудуд раҳбари.

«Нова пошта» почта компанияси эрталаб Одессадаги саралаш терминали ҳовлисига дрон парчалари тушганини маълум қилди. Жабрланганлар йўқ, бироқ қиймати 2,3 млн гривна (тахминан 60 минг доллар) бўлган жўнатмалар ортилган юк машинаси ёниб кетган.

Эрталаб мониторинг телеграм-каналлари денгиздан Одесса областига дронларнинг янги учиб келгани ҳақида хабар берди. Ҳаво тревогаси маҳаллий вақт билан эрталаб соат тўққизлардагина тўхтаган. Соат ўн бир яримларда яна ҳаво тревогаси эълон қилинди: денгиз узра янги дронлар пайдо бўлганди.

Россия дронлари тунда нафақат Одессага, балки Украинанинг бошқа областларига ҳам ҳужум қилди.

Украина ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларга кўра, Россия ҳарбийлари кечқурун, кечаси ва эрталаб жанубдан ҳам, шимолдан ҳам 127 та зарбдор дрон учирган. Ҳарбий-ҳаво кучлари бу дронлардан 101 таси уриб туширилганини маълум қилган.

«11 та локацияда 20 та зарбдор учувчисиз учиш аппаратларининг зарбалари қайд этилди», – дея қўшимча қилди Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот хизмати.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид