Ўзбекистон | 23:14 / 31.05.2021
21744
3 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортига элтувчи кўприк ўрнида айланма йўл ўтказгич қурилади

Бундан ташқари, Magic City парки қурилишининг 2-босқичи бошланади. Навбатдаги сити Чирчиқ дарёси бўйида қурилади. Лойиҳалар президентга тақдим этилди.

Кўприк лойиҳаси / Фото: "Ўзбекистон 24" телеканали эфиридан кадр

Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни туризм, шаҳар инфратузилмаси ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Лойиҳалардан бири – Тошкент халқаро аэропортидан шаҳар марказига ўтишдаги кўприкни кенгайтиришга қаратилган.

Ҳозирги йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган. Пойтахт ривожланиши ва транспортлар сони ошиши билан уни реконструкция қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу боис ушбу кўприкнинг Кичик ҳалқа йўли билан кесишган жойида айланма шаклидаги йўл ўтказгич қуриш режалаштирилган. Унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлиши мўлжалланган.

Кўприкнинг ҳозирги ҳолати / "Ўзбекистон 24" телеканали эфиридан кадр
"Ўзбекистон 24" телеканали эфиридан кадр

Миллий боғ ҳудудида барпо этилаётган Magic City маданият ва истироҳат боғининг 2-босқичи доирасида амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Лойиҳа концепциясига мувофиқ, боғ ҳудудида сунъий кўл ташкил этилади ва унинг атрофида мамлакатнинг тарихий ва диққатга сазовор масканларига бағишланган тематик шаҳарча қурилади.

Яна бир лойиҳа Чирчиқ дарёси бўйида турли инфратузилма объектлари барпо этишга оид.

Мазкур дарёнинг Тошкент шаҳридан ўтган қисми 16 километрни ташкил этади. Лойиҳага кўра, дарё ўзани қисқартирилиб, қирғоқлари ободонлаштирилади. Бунинг эвазига очиладиган майдонларда замонавий уй-жойлар, дам олиш масканлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилиши режалаштирилган.

Чирчиқ дарёси ўзани қисқартирилиб, бўшаган ер майдонида Дарё бўйи бизнес сити лойиҳалари амалга оширилади.
Фото: "Ўзбекистон 24" телеканали эфиридан кадр
"Ўзбекистон 24" телеканали эфиридан кадр

Шунингдек, давлат раҳбарига Тошкентдаги Технопаркда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари ҳам тақдим қилинди.

Хусусан, ушбу ҳудудда йилига 1 миллион дона кир ювиш машиналари, 15 минг тонна мис қувур, 3000 дона саноат сув иситиш ускуналари, 75 минг дона савдо совутгичлари ва музлатгичлари, 1 миллион квадрат метр HPL-панеллар ва полиизоцианурат қатламли сэндвич-панеллар, 30 минг тонна базальт тошдан изоляция маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қувватлар ташкил этиш режалаштирилган.

Жорий йил охиригача ишга тушириладиган лойиҳалар натижасида 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилади, дейилади расмий хабарда.

Тақдимот доирасида, Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида Алишер Навоий мақбарасини реконструкция қилиш лойиҳаси ҳам намойиш этилди.

Мавзуга оид