Ўзбекистон | 17:38 / 15.05.2020
33291
3 дақиқада ўқилади

Йўловчилар коронавирусга тест топширади: авиа ва темир йўл қатновлари бўйича вақтинчалик тартиб эълон қилинди

Ўзбекистонда карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартиби эълон қилинди.

Махсус комиссия томонидан тасдиқланган тартиб ҳақида Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Ўрнатилган тартибга мувофиқ:

  • Авиа ва темир йўл рейсларига чиқиш истагида бўлган йўловчилар коронавирус инфекциясига тест топшириши лозим.
  • Бунда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси манфий экани ҳақидаги маълумотномага эга бўлган йўловчилар рейсларга қўйилади.
  • Барча йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудига киришдан олдин тана ҳарорати ўлчанади.
  • Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлмаган йўловчилар дезинфектор ёрдамида зарарсизлантирилади ҳамда ҳаво ва темир йўл транспортларига бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда киритилади.
  • Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлган йўловчиларга авиа ва темир йўл хизматларидан фойдаланишга рухсат берилмайди. Бундай ҳолатларда йўловчига чипта пули белгиланган тартибда қайтариб берилади.
  • Йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт.
  • Аэропорт ва темир йўл вокзалларида умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаларининг фаолият юритишига йўл қўйилмайди. Йўловчилар савдо автоматларидан фойдаланишлари мумкин.
  • Йўловчилар ҳаво кемаларига ва темир йўл вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади.
  • Авиа ва темир йўл қатновларига электрон чипталар онлайн тарзда сотилади.

Қатнов вақтида:

  • йўловчилар қатнов вақтида самолёт салонида ва вагонлар бўйлаб ҳаракатланиши тақиқланади (ҳожатхонадан фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно);
  • парвоз вақтида йўловчиларга фақатгина 250 мл ҳажмдаги қадоқланган ичимлик сувлари берилади — озиқ-овқат маҳсулотлари, турли хил журнал ва газеталар тарқатилмайди (авария ҳолатидаги ҳаракат йўриқномаси бундан мустасно);
  • поезд вагонларида йўловчиларга берилган бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларини ечишга рухсат берилмайди (йўловчиларнинг сув ичиш ҳолатлари бундан мустасно);
  • вагонларнинг ҳожатхона ҳамда тамбурларида йўловчиларнинг тўпланишларига йўл қўйилмайди;
  • йўловчилар учун ҳожатхоналар санитария ва гигиена тозаловчи воситалари, антисептик воситалари билан тўлиқ таъминланади.

Йўловчиларнинг ҳаво кемаси бортида ва темир йўл вагонларида жойлашуви ижтимоий масофани сақлаш тамойили асосида қуйидаги кўринишда амалга оширилади:

Таъкидланишича, мазкур вақтинчалик тартиб талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳудудлараро транспорт ҳаракатига 18 май, душанба кунидан бошлаб рухсат берилган.

Махсус комиссия қарори билан, 18 майдан эътиборан Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновлар (бориш ва қайтиш) тикланади. Шунингдек, Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилади.

Мамлакатда карантин муддати 1 июнга қадар узайтирилган.

Мавзуга оид