Ўзбекистон | 15:07 / 09.09.2020
27194
2 дақиқада ўқилади

Хўжаобод туманига янги ҳоким тайинланди

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида ҳоким ўзгарди.

Бугун, 9 сентябрь куни Халқ депутатлари Хўжаобод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди ва маъруза қилди.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилиб янги туман ҳокими тайинланди. 

Kun.uz мухбири хабар беришича, Зоҳиджон Зокиржонович Аҳмадалиев Хўжаобод тумани ҳокими лавозимини эгаллаган.

Зоҳиджон Аҳмадалиев

Зоҳиджон Аҳмадалиев 1974 йилда Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида туғилган. 1996 йилда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтини, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – иқтисодчи (қишлоқ хўжалигида бухгалтерия ҳисоби, назорат ва хўжалик фаолиятининг таҳлили).

У 1996-2002 йилларда Олтинкўл тумани ҳокимлигида, 2002-2010 йилларда Андижон вилояти ҳокимлигида турли лавозимларда ишлаган, 2010-2013 йилларда Шаҳрихон тумани ҳокими ўринбосари бўлган, 2013-2017 йилларда яна вилоят ҳокимлигида турли лавозимларда фаолият кўрсатган, 2017 йилда Андижон тумани ҳокими биринчи ўринбосари бўлган, 2018-2019 йилларда Андижон вилояти иқтисодиёт ва худудларни комплекс ривожлантириш Бош бошқармаси бошлиғи, 2019-2020 йилларда Андижон вилояти иқтисодиёт ва саноат Бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган, 2020 йилнинг 9 апрелидан буён Андижон вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

У янги лавозимда туманга 2018 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Отабек Расуловнинг ўрнини эгаллади.

Отабек Расулов

Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида Халқ депутатлари Хўжаобод туман Кенгашининг бир гуруҳ депутатлари президент ва қатор давлат идораларига туман ҳокими Отабек Расуловнинг олиб бораётган ишларидан норози бўлиб мурожаат йўллагани хабар қилинганди. Шундан сўнг туман ҳокими лавозимидан озод этилган.

Бундан аввалроқ Андижон вилоятининг Асака туманига янги ҳоким тайинлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид