Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўқитувчи тайёрлаш сифати давлат назоратига олинади
Ўзбекистонда педагог кадрлар тайёрлаш сифати давлат даражасида назоратга олинади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги низом лойиҳасига кўра, педагогика йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг билимлари ташқи диагностика орқали баҳоланади.
Сунъий интеллект яратган сурат
Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур тартиб давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларига татбиқ этилади. Ташқи диагностика орқали бўлажак ўқитувчиларнинг билим даражаси ягона методология асосида текширилади.
Ташқи диагностика ҳар йили баҳорги семестрда ўтказилади. Бунда педагогика йўналишида таҳсил олаётган 3-босқич талабалари иштирок этади. Қайси академик гуруҳ тестга жалб қилиниши махсус ишчи гуруҳ томонидан танланади.
Тест синовлари талабанинг таҳсил тилида ташкил этилади ва 50 та саволдан иборат бўлади. Унда талабаларнинг:
— фан ва уни ўқитиш методикаси;
— педагогик ва психологик компетенцияси;
— синфни бошқариш кўникмаси;
— баҳолаш компетенциялари текширилади.
Жами 100 балл берилади. Агар йўналиш бўйича талабаларнинг ўртача натижаси 56 балл ва ундан юқори бўлса, у “белгиланган талабларга жавоб берадиган” деб баҳоланади. 55 балл ёки ундан паст кўрсаткич қайд этилса, таълим сифати талаб даражасида эмас деб топилади.
Низомга кўра, ташқи диагностика натижалари талабаларнинг рейтинг баҳосига таъсир қилмайди. Бироқ паст натижа қайд этилган педагогика йўналишлари бўйича олий таълим муассасалари навбатдан ташқари текширувга тушиши мумкин. Бу ҳақдаги маълумотлар Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигига тақдим этилади.
Шунингдек, баҳолаш натижалари асосида таълим дастурларини янгилаш, педагоглар малакасини ошириш ва ўқув жараёнини модернизация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган.
Мавзуга оид
20:24 / 07.05.2026
Жаҳондаги зиддиятлар: талаба-ёшлар қандай фикрда?
13:19 / 20.04.2026
Зўравон педагогларга чеклов: улар 1 йил таълим тизимига ишга киролмайдиган бўлади
10:55 / 18.04.2026
Ўқитувчилар учун янги имтиёзлар жорий этилди
09:31 / 28.03.2026