Жаҳон | 09:20 / 22.04.2018
36795
4 дақиқада ўқилади

«Учтаси бирда» қаҳва ичидан қаҳвани топа олишмади

Фото: Росконтроль

«Росконтроль» «учтаси бирда» деб сотилувчи еттита бренддаги қаҳвани тадқиқ этиб, бундай маҳсулотлар ичида амалда қаҳва йўқлигинини аниқлади. Бу борада ўтказилган тадқиқот ҳақида ташкилот сайтида хулоса эълон қилинган.

Мутахассислар «БонКафе Classic», «Петровская Слобода», Jacobs, Express coffee mix plus+, MacCoffee, Nescafe «Классик» ва Clever каби маҳсулотларни текширувдан ўтказишган. Ушбу қаҳвалар таркибида асосий қўшимча шакар бўлиб, унинг омихтадаги улуши 42 фоиздан 72 фоизга бўлган, қаҳва эса 15 фоиздан ҳам ошмас экан.

«Учтаси бирда» қаҳваси ширин ва тез эрувчи ичимликни севувчилар учун максимал қулай форматда тайёрланган кўринишидир. Унинг таркиби оддий: эрувчан қаҳва, шакар ва қуруқ сут ёки айримларида қаймоқ (аслида, қаймоқ ўрнига мутлақо бошқа нарса солинар ҳам экан).

Барча намуналарда табиий қуруқ сут ўрнига унинг ўрнини босувчи сунъийси ишлатилган. Фақат бир ишлаб чиқарувчи табиий тоза қуруқ сут ишлатилганини даъво қилган, бироқ тадқиқот асносида унинг изи ҳам топилмаган.

Текширув натижасида фақат «БонКафе Classic» «Росконтроль»нинг қора рўйхатидан ўрин олган. Бунга сабаб қилиб, таркиб ёзувидаги чалкашликлар ва зарарли трансёғлар миқдори катта эканлиги айтилмоқда. Jacobs, Express coffee mix plus+ ва Nescafe «Классик» эътирозли маҳсулотлар рўйхатига киритилган. «Петровская слобода», MacCoffee ва Clever харид учун тавсия этилган маҳсулотлар бўлиб чиқди.

Бундай ичимлик кишига хуш кайфият ато эта оладими?

Лаборатория шароитларида намуналар таркибидаги кофеин фоизи ҳам аниқланган. У Jacobs таркибида энг кўп экан — 0,5 фоиз. Кейинги ўринларда Express coffee mix plus+, Nescafe «Классик», Clever — 0,4 фоиз. «БонКофе» ва «Петровская Слобода»да янада камроқ — 0,3%. Рўйхатни MacCoffee The original coffee mix 0,2 фоиз кофеин билан якунлаб берган.

Кофеин миқдорининг мавжудлигига қараб экспертлар табиий қаҳва қанча миқдорда иштирок этганига баҳо беришди. MacCoffee The original coffee mixда унинг миқдори 10 фоиздан кам, «БонКафе» ва «Петровская слобода»да 10 фоиздан, қолган намуналарда 15 фоиздан. Маркировкада табиий қаҳванинг миқдори фоизларда кўрсатилмаган.

Хўп, ичса бўладими?

Ниҳоят, харидорлар учун ўта муҳим савол юзага чиқмоқда: бундай қаҳвали ичимликни ичиш нечоғлиқ ёқимли?

Қаҳва миқдори бу қадар кам бўлишига қарамасдан, экспертларда намуналарнинг органолептик кўрсаткичларига эътироз туғилмаган. Қуруқ маҳсулотнинг таъми ва ҳиди — етарли тарзда билинади, тайёр бўлган ичимликники эса — шу каби маҳсулотлар учун хос.

Бироқ бундай «омихта» аралашмадан хуш кайфият улашишини кутиб бўлмайди, чунки кофеин миқдори ўта паст. Бу кўпроқ аччиғини ёқтирмайдиган, ширин қаҳвани хуш кўрувчилар учун мўлжалланган бўлса керак.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид