Жаҳон | 07:41
9198
3 дақиқада ўқилади

Дунёда қайси ичимлик устун: чойми ёки қаҳва?

Кўпчилик учун тонг оддий танловдан бошланади — қаҳва ёки чой. Бироқ бу ичимликлардан бири дунё бўйлаб истеъмол ҳажми бўйича ишончли етакчилик қилади ва бу манзара фақат маданий одатларни эмас, балки иқтисодий ўзгаришлар ҳамда таъминотдаги глобал муаммоларни ҳам акс эттиради.

Фото: Shutterstock

Халқаро қаҳва ташкилоти (ICO) маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили қаҳва истеъмоли 170 миллион қопдан ошади, Европадаги давлатлар эса киши бошига тўғри келадиган қаҳва истеъмоли бўйича етакчи бўлиб қолмоқда. Айниқса, Шимолий Европа мамлакатлари ажралиб туради: масалан, Финландия аҳолиси ўртача ҳар бир киши учун кунига қарийб тўрт финжондан қаҳва ичади.

Шунга қарамай, чой дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган иссиқ ичимлик бўлиб қолмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) тадқиқотлари глобал чой истеъмоли ўсишда давом этаётганини кўрсатган — бу, аввало, чой маданий анъаналарга чуқур сингиб кетган Хитой, Ҳиндистон ва бошқа Осиё бозорлари ҳисобига рўй бермоқда.

Дунёдаги бу “тақсимланиш” харитада яққол кўринади: Шимолий Америка, Жанубий Американинг катта қисми ва Ғарбий Европа қаҳвани очиқ-ойдин афзал кўради, Осиё, Африка, Шарқий Европа ва Яқин Шарқ эса чойга содиқ қолмоқда.

Фото: World Visualized

Буюк Британия ва Ирландия Европадаги асосий “чойхўр” мамлакатлар сифатидаги анъанавий мақомини сақлаб келмоқда, Бразилия ва АҚШ эса ўзини қаҳвага йўналтирилган иқтисодиётлар сифатида янада мустаҳкамламоқда.

Қаҳва ишлаб чиқарувчи асосий мамлакатлардаги иқлим ўзгаришлари — масалан, Бразилиядаги совуқ уришлар (музлашлар) ва Эфиопияда ёғингарчилик мавсуми барқарор эмаслиги ичимликлар таъминот занжирларининг заиф томонларига эътиборни кучайтирди.

Шу билан бирга, истеъмолчилар хулқ-атвори ҳам ўзгармоқда. Халқаро савдо маркази қайд этишича, ёш харидорлар тобора кўпроқ ишлаб чиқариш барқарорлиги, этик келиб чиқиш ва сифатга эътибор қаратмоқда: бу — маълум бир ҳудуд қаҳваси бўладими ёки ҳунармандчилик усулида тайёрланган чой навларими. Ана шу афзалликлар брендларнинг маҳсулотни қандай тарғиб қилиши ва истеъмолчиларнинг улар билан қандай муносабатда бўлишини ўзгартиряпти.

Ўзбекистонда кундалик ҳаёт ва меҳмондорчилик маданиятида чой алоҳида ўрин тутади. Уйда ҳам, ишхонада ҳам, айниқса чойхона анъаналарида чой — суҳбат, дам олиш ва меҳмон кутишнинг “асосий ичимлиги”. Кўп жойларда, хусусан, кўк чой кенг тарқалган (айрим ҳудудларда қора чой ҳам кўп ичилади) ва чой дастурхоннинг табиий қисми ҳисобланади.

Сўнгги йилларда катта шаҳарларда қаҳва маданияти ҳам тез ўсди: қаҳвахоналар сони кўпайди, эспрессо, капучино каби турлар оммалашди, ёшлар орасида “кафеда қаҳва” одати кучаймоқда. Лекин умумий манзарада Ўзбекистон ҳали ҳам, айниқса уй шароитида ва анъанавий муҳитда, чойни биринчи ўринда қўяди — қаҳва эса кўпроқ шаҳарлар, тезкор ҳаёт тарзи ва замонавий сервис билан боғлиқ истеъмол сифатида кўринади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид