Жаҳон | 07:20 / 26.11.2025
5458
3 дақиқада ўқилади

Дунё қаҳва харитаси: киши бошига истеъмол бўйича етакчи мамлакатлар

Жаҳон қаҳва бозори ўсишда давом этмоқда, бироқ ушбу ичимликни истеъмол қилиш моделлари дунёнинг турли бурчакларида кескин фарқ қилади. Шимолий Европа мамлакатлари, узоқ йиллик қаҳва анъаналари ва аҳолининг юқори даромадлари ҳисобидан, киши бошига тўғри келадиган истеъмол бўйича мутлақ етакчиликни сақлаб қолмоқда.

Фото: Pexels

Cafely компанияси маълумотларига асосланган янги инфографика 2025 йилда киши бошига кунлик қаҳва истеъмоли ҳажми бўйича 65 та мамлакатни рейтингга қўйган ҳолда, дунё бўйлаб ичимлик истеъмол қилиш одатларидаги фарқларни яққол намоён этади.

Шимолий Европа ҳали ҳам глобал қаҳвасеварлик маркази бўлиб қолмоқда. Люксембург киши бошига кунига 5,31 финжон кўрсаткич билан жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллаб, анча йирик иқтисодиётларни ҳам ортда қолдирмоқда.

Люксембургдаги бу кўрсаткичнинг сабаби сифатида «кросс-бордер»лар — мамлакатда ишлаб, аммо унинг ҳудудидан ташқарида яшаётган одамлар сонининг кўплиги кўрсатилади. Барча ишловчиларнинг деярли ярми (47 фоиз) чет элда истиқомат қилади ва уларнинг кунлик қаҳва истеъмоли Буюк Ҳерцоглик статистикасида ҳисобга олинади.

Фото: Visual Capitalist

Улардан сал орқада қаҳва маданияти кучлилиги билан аллақачон машҳур бўлган Финландия ва Швеция туради. Рейтингдаги биринчи ўнталик мамлакатларнинг барчаси Европа давлатлари бўлиб, бу ҳам тарихан шаклланган таъм-истеъмол афзалликларини, ҳам харид қуввати юқорилигини акс эттиради.

Абсолют ҳажм жиҳатидан катта истеъмолга эга бўлса-да, АҚШ, Япония ва Бразилия каби йирик мамлакатлар киши бошига ҳисобига кўра анча паст ўринларни эгаллайди.

АҚШда киши бошига кунига ўртача 1,22 финжон қаҳва тўғри келиб, мамлакатни 24-ўринга қўяди. Ривожланган қаҳвахона тармоқлари ва қаҳва маданиятига эга Японияда эса ўртача бир финжондан сал кам истеъмол қилинади. Дунёдаги энг йирик қаҳва ишлаб чиқарувчи мамлакат — Бразилия рейтингнинг ўрта қисмида, 18-ўринда жойлашган бўлиб, кунига киши бошига 1,58 финжон қаҳва истеъмол қилинади. Россия эса кунига киши бошига 0,5 финжон қаҳва кўрсаткичи билан рейтингда 46-поғонадан ўрин олган.

Рейтингнинг қуйи қисмида кундалик одатларда чой ёки бошқа ичимликлар устувор бўлган мамлакатлар жойлашган. Ҳиндистонда энг паст истеъмол даражаси қайд этилган — кунига атиги 0,02 финжон, бу тахминан ҳар етти ҳафтада бир финжон қаҳвага тенг. Африка ва Жанубий Осиёнинг бир қатор мамлакатлари ҳам одатда кунига 0,3 финжондан кам қаҳва ичиб, паст истеъмол кўрсаткичларини намоён этмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид