Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фермер мустақиллиги томон яна бир қадам. Пахтачиликда нималар ўзгармоқда?
Президент фармони билан, қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини жорий этишнинг навбатдаги босқичига ўтилди. Kun.uz бу фармонда назарда тутилган муҳим янгиликлар хусусида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг департамент ва бошқарма бошлиқлари ҳамда фермерчилик ҳаракати фаоли билан суҳбатлашди.
— Янги фармон бўйича нималар ўзгаради энди?
Соатмурод Қулмирзаев (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги департамент бошлиғи): — Бундан 2 йил олдин ғалла етиштиришда ҳам эркин бозор муносабатлари жорий қилинганди, фермерлар ортиқча етиштирган донини биржада сотиши мумкин бўлди. Шу тизим самарадорлиги, фермерлар учун даромадли эканини кўрсатди, шунинг учун пахтачиликда шу тизимни жорий қилишга қарор қилинди.
Ғаллачиликда эркин бозор жорий қилингач, биринчи йил фермерлар 300 минг тонна буғдой сотди, бу йил эса 1 млн тоннадан ошди. Энди пахтачилик тармоғида шундай бўлади, деган хулоса билан шу фармон тайёрланди. 2024 йилдан бошлаб фермерлар ўзлари етиштирган пахтани биржа орқали энг юқори нарх таклиф қилган ўз вилоятидаги исталган кластерга сотиши мумкин. Энди хомашё харид қилишда рақобат пайдо бўлади. Бундан ташқари, фермерлар шартномадан ташқари ортиқча етиштирган ёки ўз маблағи ҳисобига етиштирган пахтани биржа орқали эркин сотиши ҳам мумкин, уни исталган одам сотиб олиши мумкин. Чеклов йўқ бунда. Энди фермерлар ҳосилдорликни оширишга интилади, ишига илмий ёндашади.
Кластерлар учун ҳам хомашё сотиб олишда хомашё нархининг 80 фоизигача имтиёзли кредит бериладиган бўлди. Энди кластерлар маҳсулот ишлаб чиқаришдан уни чуқур қайта ишлаб чиқаришга ўтади, асосий урғуни экпорт қилиш, маҳсулотини сотишга қаратади. Яъни фермер ҳам, кластер ҳам ўз ишини қилади.
Суннаттилла Рашидов (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи): — Бу фармон орқали фермер ва кластерга тенг ҳуқуқли, адолатли шароит яратиляпти. Кластерга харид учун имтиёзли кредит берилиши ҳам фермер фойдасига бўлади аслида. Кластерлар 3 кун ичида харид қилган пахтасига пул тўлаб бериши керак, янги механизм бу. Фермер пахтани кластерга топшираётганда автоматлашган электрон тарозидан ўтказади, бу тарози барча органлар тизимига уланган бўлади. Онлайн тарзда топширилган пахта маълумотлари киритилади ва ўша вақтдан 3 иш куни ичида фермерга пул тўланиши керак. Кредит бертшда ҳам, бу тизимда ҳам фермерлар манфаати турибди. Умуман, кластерга ҳам, фермерга ҳам катта имконият бериляпти, фақат тўғри фойдаланилса бўлди.
Энди кластерлар бўйича ҳам самарадорлик рейтинги юритилади. Бу ҳам онлайн равишда алоҳида платформада бўлади. Бу амалиёт фермерлар қайси кластер билан ишлашини танлашга ёрдам беради: қайси кластер кўрсаткичлари яхши, молиявий имкониятлари юқори – буларни кўриб, хулоса қилиб, шартнома қилишлари мумкин бўлади. Кластерлар ҳам платформа орқали ўзининг фаолиятини назорат қилиб, қайси йўналишда яхши, қайсида оқсаётганини билиб боради, шунга кўра ҳаракат қилади. Бундан ташқари, якуний ҳисоб-китоблар, таннархлари ҳам кўринади ва шунга қараб иш кўради, керак бўлса мутахассислар жалб қилади, илмий ёндашувни оширади. Бу платформа орқали хорижий инвесторлар ҳам кластерларни кузатиши, яхши кластерни танлаши мумкин бўлади. Умуман, инсон омили камайтирилади бу платформа орқали, барча алоқадор тизимлар билан интеграция ҳам қилиняпти. Маълумотлар ҳар куни янгиланиб боради!
Бундан ташқари, кластерлар халқаро брендларни жалб қилиши, қайта ишлаш қувватини ошириш учун молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари жорий қилинади. 2024 йил давомида бунга босқичма-босқич ўтиб борилади. Кластерлар халқаро нуфузли аудит ташкилотларини жалб қилиб, ўз молиявий ҳолатини аудитдан ўтказади.
Фермерлар иложи борича пахта таннархини пасайтиришга ҳаракат қилади энди, чунки яхши даромад олиш мумкин бўлади бу орқали. Яхши даромад билан эса кредиларни тезроқ ва осонроқ ёпиши мумкин. Ҳосилдорликни оширишга интилган фермерлар энди олимлар, мутахассислар билан ишлайди, илмийлик киритади фаолиятига. Иш юритиш даражаси ўсади.
Камолиддин Икромов (фермер, фермерчилик ҳаракати фаоли): — Ўзи бутун дунёда шундай тизим ишлайди, Ўзбекистонда шу пайтгача ишлаб келаётган тизимдан келиб чиқсак, яхши юриш бўлди бу. Лўнда қилиб айтганда, бу фармон ҳукумат доирасидаги реформаторларимизнинг ғалабаси деса бўлади.
Энди фермер эркин бўлади, истаса маҳсулотни ўз маблағига етиштириб, ўзи қайта ишлаб, сотиши ҳам мумкин. Истаса, кооперативлар билан ишлайди, хоҳлаган одамига сотади.
Кластерлар билан шартнома қилиш шартми, деган савол ҳам бўляпти фермерларда. Ҳукуматни ҳам тушуниш керак, чунки кластер тизимига бир неча миллиард доллар тикилган, лекин бу маблағ ҳали қайтмади. Шунинг учун қайтишини тезлаштириш учун шундай ишлар қилиняпти. Фермерлар учун яхши бўлди бу, албатта, лекин айрим фермерлар ҳали бунинг аҳамиятини тушунмаган бўлиши мумкин, буғдой масаласида ҳам шундай бўлганди бошида. Янги фармон қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ўстиришига ишонамиз.
Соатмурод Қулмирзаев: — 2024 йилдан бошлаб имтиёзли кредитлар фермерларнинг ўз ҳисоб рақамига ўтказилади, уларни ихтиёрий ишлатади, ҳеч ким аралашмайди бунга. Ҳатто биржада ҳам фермерлар сотиб олиши учун қулай тарзда кичик лотлар яратилди, фермер бемалол ўғитни, ёқилғини исталган миқдорида сотиб олиши мумкин.
— Фармонда мажбуриятни бажармаган фермерларга нисбатан жазо чоралари айтилган, лекин кластерларга нисбатан бундай гап йўқ. Шунга ҳам изоҳ берсангизлар.
Соатмурод Қулмирзаев: — Кластерлар билан тузиладиган 3 томонлама шартномада кластер мажбуриятлари фермерникидан кам эмас.
Камолиддин Икромов: — Жазо чоралари қўллаш борасида комиссия тузилиши айтилган. Бу комиссия олдин ўрганади, сабабларни кўради. Яъни фермер бирдан жавобгарликка тортилмайди, шунга асос бўлса, жавобгарлик бўлади. Ҳар ҳолда мен шундай тушуняпман, шунга умид қиламиз.
Таклифим ҳам бор шу ўринда. Фермерларнинг аскариятида қарздорлик томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш ортидан келиб чиққан. Бунда кластерлар фермерларга кафил бўлган. Кластерлар ҳам биз кафил бўлганмиз, энди ким тўлайди, деган савол қўйяпти. Таклифимиз шуки, президентимиз иссиқхона кредитларини 15 йилга чўзиб берди, шу каби бу кредитларни ҳам чўзиб бериш керак деб ўйлайман. Шунда фермерлар янги тизимда ишлаб кетиши осонроқ бўлади. Инобатга олишса, яхши бўлар эди.
Бундан ташқари, фермерларнинг солиқдан хам қарзлари бор. Соғлиқни ҳам музлатиш ёки бўлиб тўлаш имкони берилса, янги тизим ишлаб кетиши яна ҳам тезлашган бўларди.
— Томчилатиб суғориш тизими ўрнатишда рақобат борми ўзи, монополия эмасми?
Соатмурод Қулмирзаев: — Рақобат бор, албатта. Томчилатиб суғориш тизимини ўрнатувчи компаниялар рўйхати шакллантирилган, фермерларда танлаш имконияти бор.
Камолиддин Икромов: — Баъзи ҳудудларда айрим мутассаддилар томчилатиб суғориш тизимини ўрнатишга аралашар эди, аммо янги фармон билан бунга ҳам чек қўйиляпти.
— Бир неча ўринда “штаб”, “назорат” деган сўзлар билан тузилган жумлалар бор фармонда. Маъмурий аралашувга олиб келмайдими бу?
Соатмурод Қулмирзаев: — Республика даражасида штаб тузиляпти. Бу штабнинг вазифаси – фармон ижросини назорат қилиш, таъминлаш. Умуман олганда, фармон ишлаб кетишида фермерларга, тегишли ташкилотларга кўмаклашиш мақсадида тузилган.
Назорат қилиш масаласига келсак, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Агроинспекция томонидан чигит экилгандан ҳосил олиниб сотилгунча назорат мониторинги юритилади, бу ҳам фермерга ёрдам бериш учун. Даладаги ҳолатлар ва шу кабиларни мониторинг қилади ва илмий тадқиқотлар институтларидан ёрдам олинади. Фермер устидан назорат назарда тутилмаган, балки жараён устидан назорат бўлади.
— Маҳаллий хокимликлар аралашуви, мажлислар – булар бизнинг фермерларни қийнайдиган доимий муаммолар. Бу фармон билан нима ўзгаради бу борда?
Суннаттилла Рашидов: — Фермер ўз пулига ёки ўзига берилган кредит асосида фаолият олиб борса, бу ерда ўз-ўзидан ҳокимият аралашуви йўқолади. Фермерга тўлиқ эркинлик бериляпти, айнан фармон билан белгиланди бу. Фермер ўз ишини, мажбуриятларини бажарса, унга ҳеч ким босим ҳам қилмайди, йўлини тўсмайди.
Илгари фермерлар ўз ҳудудидаги кластерга боғлаб қўйилиб, унга қарам қилиб қўйилганди. Бундан кейин фермер ҳеч кимга қарам эмас. Энди у ҳеч қандай мажбурловларсиз ўз даромадини ошириш учун ҳам ҳосилдорликни кўпайтиришга ҳаракат қилади.
Ҳозирги кунда фермерларда жуда кўп саволлар пайдо бўляпти: ўзимнинг пулимга етиштирсам, ўзим сотаманми, қаерда сотаман, қаерда сақлайман... Сотишда ҳам, сақлашда ҳам эркинлик бериляпти, бемалол бир нечта фермерлар бирикиб, сақлайдиган жой қилиб сақлашаверсин, фақат меъёрий талабларга жавоб берувчи шароитда.
Бундан ташқари, фермерлар кластерларнинг ёки бошқа бировнинг зоводларини ижарага олиб, пахтасини қайта ишлаб сотишлари ҳам мумкин. Шу тарзда босқичма-босқич бозор муносабатларига ўтиб бориляпти. Ғаллада, мева-сабзавотчиликда бунга ўтдик, энди пахтачиликда шундай бўлади.
Аввалида тўлиқ тушунмасликлар бўлиши мумкин. Лекин биз тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Фермерлар қандай сотиш, қандай сақлашни, рақамлаштиришни ўргатишга ҳаракат қиляпмиз. Agroplatforma'да фермерлар бемалол фаолиятини рақамлаштириб, шартномаларни онлайн тузишлари, кредит олишлари мумкин. Ортиқча оворагарчиликдан холос қилади бу.
Камолиддин Икромов: — Agroplatforma ҳокимлик аралашувларини ҳам тўхтатади. Олдиндан бу бўйича таклиф бериб келардик биз, ҳозир бу бўйича вазирлик яхши ишлаяпти.
Экин майдонлари платформага киритилгач, ўғит, уруғ, ёқилғи сарфи ҳисоб-китоблари аниқ чиқади. Бундан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлигини ҳам бу платформа орқали назорат қилиш мумкин. Яъни қанча майдонга қанақа экин экиляпти, қайсини қисқартириб, қайсини кўпайтириш керак – буларни бемалол назорат қилиб борса бўлади.
Фармонда чет эл тажрибасини ўрганиб жорий қилиш хам кўзда тутилган. Бу нарса ҳам муҳим деб биламан, фармоннинг яна бир яхши томони.
Соатмурод Қулмирзаев: — Фарморда белгиланяптики, пахта экиладиган майдонлар Agroplatforma'га жойлаштирилади. Бу амалга ошадиган бўлса, хокимликларнинг экин экиладиган майдонларни белгилашдаги аралашуви камаяди. Ва яна бир нарса, фермерлар қаерда қанча экин экилаётганини кўриб, қайси экин етишмаслигини ҳисоблаб, ўша экинни экишлари мумкин бўлади.
Ижтимоий тармоқларда турлича талқинлар билдирилиши керак, бу биз учуам, мутахассислар учун керак. Масалан, ўзингиз ҳам вазирликка келганингизда молиялаштиришни фермернинг ўзига топшириш керак деб, таклифингизни айтгандингиз. Мана энди бу таклифлар фармонга айланди. Янги босқич учун ҳам лойиҳа тайёрлаяпмиз, шунинг учун фикрлар муҳим ҳисобланади.
Энди фермерлар кластердан қарз бўлиб қолмайди. Кластерларни кредитлаш тизими ҳам ҳозирги босқичда керак. Чунки кластерлар инвестициясининг катта қисмини қайта ишлашга сарфлаяпти. Шунинг учун етиштириш ва харид қилишни қўллаш керак бўлади, шунда қайта ишлаш жараёни ривожланади. Шу сабабли механизм тўлиқ ишга тушиб кетгунча бир неча йил фермерлар ва кластерларга имтиёзли кредитлар бериш сиёсатини амалга ошириш керак деб ўйлайман.
Айтганимдек, ҳар қандай фикрларни тўғри қабул қиламиз, таклифларни ўрганамиз ва кейинги тайёрланадиган ҳужжатларда улардан фойдаланамиз.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
16:52 / 02.01.2026
Эртанги кун технологияси – бугун. Супер замонавий 5-авлод иссиқхонасига саёҳат
09:42 / 31.12.2025
“Корхона–олийгоҳ–илмий ташкилот” кластер тизими жорий этилади
08:50 / 25.12.2025
Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш тартибига ўзгартиришлар киритилди
21:33 / 22.12.2025