Декларациялаш бошлангач, қайси амалдорнинг қанча бойлиги борлиги ҳамма учун очиқ бўлади — Бурҳонов
Амалдорлар топширган декларациялар барча учун очиқ платформага жойланади, дея маълум қилди Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурҳонов. У мажбурий декларация топширадиганлар доирасига давлат хизматчиларининг ака-укаси ва бошқа яқин қариндошлари киритилмагани ҳақидаги эътирозларга жавобан, бу масала келгусида кўриб чиқилиши мумкинлигини айтди.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларининг активлари ва даромадларини декларациялаш йўлга қўйилади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари амалдорлар топширган декларациялар барча учун очиқ платформага жойланишини маълум қилди.
“Албатта, эълон қилинади. Ҳамма учун очиқ бўлган алоҳида платформа яратилади. Бу платформа у ёки бу давлат идорасининг сайтида эмас, алоҳида бўлади.
Ҳар қандай фуқаро унга кириб, қайси амалдор ва қайси давлат хизматчисининг қанақа мулки борлиги, қанча даромад топаётганини кўриш имкониятига эга, очиқ платформани яратишни режалаштирганмиз”, – деди Акмал Бурҳонов 9 июл кунги матбуот анжуманида.

Яқинда имзоланган президент фармонига кўра, келгуси йилдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.
Аксилкоррупция агентлиги директори мажбурий декларация топширувчилар доираси торлиги ҳақидаги жамоатчилик эътирозларига жавобан, келгусида бу тоифалар рўйхати кенгайиши мумкинлигини айтди.
Бурҳоновга кўра, давлат амалдорлари билан бирга фақатгина уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва активлари декларация қилинадиган давлатлар ҳам бор. Бироқ бу – Ўзбекистон ҳам ана шу тоифалар билан чекланиб қолади, дегани эмас.
“Бу масала ишчи гуруҳда катта муҳокама бўлди. Ака-укалари, қайнота-қайноналаригача киритиш масаласи кўтарилди. Бу ҳали ҳам кун тартибида. Бироқ техник масалалар ва инсон ҳуқуқлари масаласи турибди.
Лекин бизнинг режамизда босқичма-босқич, худди Европа каби барча фуқаролар декларация тўлдириш тизимига ўтмас эканмиз, коррупцияни тўлалигича бартараф қила олмаймиз.
Кейинги йилдан бу тизимни жорий қилганимизда рўйхатга фақатгина вояга етмаган фарзандларини киритиш самара бермаса, бошқа яқин қариндошларини ҳам мажбурий декларация топширувчилар қаторига киритиш масаласини ҳам ўйлаб кўрамиз. Бу масала ҳали ҳам очиқ, тўхтаб қолгани йўқ.
Буни қонунда ҳам кўрсатиб кетмоқчимиз, яъни кейинчалик, қайсидир даврда бошқа яқин қариндошлари ҳам мажбурий декларация тўлдиради, деган нормани киритишни режалаштирганмиз”, – деди Акмал Бурҳонов.
Эслатиб ўтамиз, фармон асосида “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 6 сентябрга қадар масъул идоралар томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Парадга тайёргарлик, қозоқ олтин визаси ва чегарада отилган жангарилар
Жаҳон | 12:42
-
«Барса» амаллади, «Бавария»нинг чемпионлиги кечиктирилди. Кун ўйинлари
Спорт | 12:27
-
“Ҳаракатим кўп, шунинг учун соғломман” – 75 ёшли боғбон ая
Жамият | 11:00
-
Муддатли тўлов бозорини тартибга солиш бошланади
Иқтисодиёт | 10:11
Мавзуга оид

15:26 / 29.04.2025
Давлат хизматчиларининг мол-мулкини декларациялаш бўйича қонун лойиҳаси май ойида тайёр бўлиши керак

21:57 / 26.04.2025
2024 йилнинг энг очиқ ва энг ёпиқ давлат ташкилотлари маълум қилинди

17:44 / 22.04.2025
Хитойда коррупцияга қарши курашишга масъул амалдор пора олишда айбланмоқда

17:03 / 22.04.2025