Солиқ кодексида назарда тутилган молиявий санкциялар миқдорлари камайтирилади
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган қонун билан Солиқ кодексига фискал ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланадиган молиявий санкциялар камайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланадиган молиявий жарима миқдори қарийб 98 фоизга қисқартирилади.
Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2271-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, киритилаётган ўзгартиришга кўра, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жавобгарлик янада либераллаштирилмоқда. Хусусан, мазкур қонун билан Солиқ кодексига фискал ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланадиган молиявий санкциялар камайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартиб-қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда жарима миқдори охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг икки фоизини ташкил этади.
Мазкур ҳуқуқбузарлик молиявий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдори йигирма фоизни ташкил этиши белгиланмоқда.
Аввал тадбиркорлар ушбу қонунбузилиш ҳолати учун охирги ҳисобот чорагида эга бўлган соф тушумни жарима шаклида тўлашга мажбур бўлаётган эди. Эндиликда фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланадиган молиявий жарима миқдори қарийб 98 фоизга қисқартирилмоқда.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
14:02 / 16.11.2024
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
18:17 / 08.11.2024
АҚШ ортидан Британия ҳам Ўзбекистоннинг Uzstanex компаниясига қарши санкция киритди
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
22:23 / 30.10.2024