Ўзбекистон | 20:37 / 12.10.2019
24352
2 дақиқада ўқилади

«Юзлаб мактаб ўқувчиларини заҳарлаб қўйган тадбиркор озгина жарима билан қутулиб кетяпти» – Соғлиқни сақлаш вазири

«Биз шундай мақсадга эришамизки, ҳар бир фуқаромиз умумий овқатланиш жойида ҳам, мактаб-боғчада ҳам қўрқмасдан овқатлана оладиган бўлади».

Овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари камайиши учун бунга йўл қўйган шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилиши лозим, деб ҳисоблайди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вазир Сенатнинг 23-ялпи мажлисида шу ҳақда фикр билдирган.

«Яна бир муҳим масала – тадбиркорнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш. Биз икки йил давомида тадбиркорлар устидан текширувни чекладик. Ва бунинг натижасидаги рақамлар:

2017 йилда 607 киши жабрланган, 6 киши ўлган;
2018 йилда 583 киши жабрланган, 3 киши ўлган,
2019 йилнинг 9 ойида 358 киши жабрланиб, 2 киши вафот этган.

Энди савол туғилади: биз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳуқуқини биринчи ўринга қўйишимиз керакми ёки истеъмолчининг ҳуқуқини, халқнинг саломатлигиними?

Тадбиркор қонундан ҳам, худодан ҳам қўрқсин. Ҳозир иккаласидан ҳам қўрқмаяпти. Чунки юзлаб мактаб ўқувчиларини заҳарлаб қўйиб, озгина маъмурий жарима билан қутулиб кетяпти. Албатта, бундан кейин яна бемалол ишини давом эттиряпти», – дейди Алишер Шодмонов.

Унинг қайд этишича, санитар-эпидемиологик назоратни кучайтириш бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳ қонунчиликка киритиладиган тегишли ўзгаришлар бўйича таклифларни келаётган ҳафтанинг бошида бош вазирга киритади.

«Биз шундай мақсадга эришамизки, ҳар бир фуқаромиз умумий овқатланиш жойида ҳам, мактаб-боғчада ҳам қўрқмасдан овқатлана оладиган бўлади», деб қўшимча қилди Соғлиқни сақлаш вазири.

Алишер Шодмонов овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари тез-тез кузатилаётганига сабаблар сифатида – тегишли бино ва овқат тайёрлаш жиҳозларининг талабга жавоб бермаслиги, овқатни тайёрлашда ишлатиладиган маҳсулотларнинг сифатсизлиги, ошхонада ишловчи кадрларнинг салоҳияти йўқлиги каби омилларни санаб ўтди.

Мавзуга оид