Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Душанбеда ёнган стадион, қулаган Навоий ҳайкали ва шифокорларга порани қонунийлаштириш – МО ҳафта ичида
Қирғизистонда шифокорларга пора беришни қонунийлаштириш таклиф этилди. Қозоғистон Марказий Осиё давлатларини сувдан оқилона фойдаланишга чақирди. Афғонистонда Алишер Навоий ёдгорлиги вайрон этилиб, кейин қайтадан қурилиши бошланди. Тожикистонда ҳали қурилиши тугалланмаган, бироқ энг катта бўлиши кутилган стадион ёниб кетди. Туркманистонда Озарбойжон ва Ўзбекистон президентлари билан саммит ўтказилди
Қирғизистонда шифокорларга пора беришни қонунийлаштириш таклиф этилди
Қирғизистонда шифокорларга пора беришни қонунийлаштириш масаласи муҳокама қилинмоқда. Фақат порани чойчақа сўзи билан юмшоқроқ акс эттиришяпти. Маълум бўлишича, Қирғизистон адлия вазири – Аяз Баетов шифокорларга чойчақа беришни қонунийлаштириш ҳақида таклиф берган. Вазир ўз таклифини ресторанда официантларга чойчақа бериш нормал-у, шифокорларга бериш аксинчалиги билан оқлашга уринган.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, вазир Баетов давлат тизимини бюрократиядан холи қилиш мажлисида шу таклифини айтиб ўтган. Ҳукумат аъзосининг фикрича, шифокорларга бериладиган бу чойчақани фақат касса орқали амалга ошириш керак, пуллар рақамли назоратда бўлиши лозим. Беморларнинг бу миннатдорчилик тўловини эса ихтиёрий ҳамкорлик тўлови сифатида қабул қилиш керак, деган адлия вазири.
“Таклиф тиббиёт муассасаларида шифокорлар етишмаслиги, шунингдек, мажбурий ҳамкорлик тўловининг стандарт жараёнлари доирасидаги бюрократик қийинчиликлар билан боғлиқ, дея қўшимча қилади у.
Маҳаллий матбуотга кўра, тиббиёт ходимларига бундай поранинг берилишини қонунийлаштириш таклифи – вазирнинг шахсий фикри холос, Қирғизистон вазирлар маҳкамаси расмий позицияси ҳисобланмайди. Маҳкаманинг билдиришича, давлат аксинча, шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг меҳнатига муносиб ҳақ тўлашга интилади ва шу йўл билан пора олди-бердисидан қутулмоқчи.
“Шифокор ва ҳамшира ҳар дақиқада оиласини боқишни ўйламасдан, халқига хизмат қила олиши нуқтайи назаридан муносиб. Албатта, официантга бериладиган чой пули билан таққослаш ҳар қандай тиббиёт ходими учун ҳақоратли. Бундай тўловларни қандайдир легаллаштириш уринишлари эса ўтган йиллардан қолган инсериядир...
Бизда хусусий тиббиёт бор. Бугун шифокорларда ҳам, беморларда ҳам танлаш имконияти мавжуд. Келгуси йилларда халқ саломатлиги бўйича давлат мажбуриятларини амалга ошириш сиёсати босқичма-босқич ривожлантирилади. Бу вақт масаласи. Президент томонидан олдимизга шундай вазифа қўйилган. Биз аввалги ҳокимиятнинг “пулинг йўқ бўлса, ўз ишинг” тамойилидан воз кечдик, дея таъкидлади вазирлар маҳкамаси вакили.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда шифокорларнинг ўртача маоши – 22-23 минг сомни ташкил этади. Бу эса 252-236 доллар дегани. Бу ҳақида соғлиқни сақлаш вазири Эркин Чечейбаев июн ойида маълум қилганди. У инсултдан кейинги оғир беморлар даволанадиган Миллий госпиталнинг неврология бўлимини мисол қилиб келтирган.
40 йиллик тажрибага эга бир шифокор 23 минг сом, яъни 263 доллар маош олади. Ҳақиқий вазият шундай, мамлакат бўйлаб эса фақат 1-2 шифокоргина тахминан 1,100 доллар маош олади. Вазирга кўра, бундай шифокорлар деярли шу касалхоналарда яшайди, доимий навбатчилик олади ва юқори юклама билан ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон вазириникига ўхшаш таклифни 2023 йилда собиқ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрулло Иноятов ҳам берганди. Ўшанда у агар шифокорлар чин юракдан даволаса, беморлар рози бўлиб, баракасини бериб кетишини айтганди. Вазирнинг бу гапи эса худди порани қонунийлаштиришдек нарса эди. Иноятов шифокорларнинг маоши камлигини айтиб, буни бирдан оширишга Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари етмаслиги, лекин тиббиёт ходимларига беморлар бергани билан аҳвол яхшироқ бўлишига шама қилганди. Албатта, буни жамоатчилик икки хил тушунди. Шифокор ўлароқ айтилган сўзлар вазирга ярашмаслиги кўпроқ янграганди ўшанда.
Афғонистонда Навоий ҳайкали бузиб ташланди
Афғонистон билан боғлиқ ҳафта давомидаги асосий хабарлардан бири шубҳасиз вайрон бўлган Алишер Навоийнинг қабри. Биласиз, шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоийнинг қабри – Кобул шаҳрида қолган. Ўтган ҳафта «Толибон» ушбу қабрни бутунлай бузиб ташлади, бу эса афғон ва ўзбек нашрларида саволларни кўпайтирди. Даставвал, толиблар қабрни вайрон этгани айтилган бўлса, орадан озгина ўтгач бу реконструкция ишлари экани эълон қилинди.
Қабр бузилгач туғилган саволлар ортидан турк миллатига мансуб ўқитувчи ва сиёсатчиларнинг ғазаби қўзиган эди. Толиблар нафақат бошқа этник гуруҳларнинг маънавий қадриятлари ва инсониятнинг тарихий ютуқларига эътибор бермаяпти, балки мамлакатнинг маданий ва тарихий ўзига хослигини йўқ қилиш ва камситиш билан ҳам шуғулланмоқда, деганди улар. Даставвал, муваққат ҳукумат бу ишига изоҳ бермади.
Алишер Навоий ҳайкали тахминан 17 йил олдин Мозори Шариф шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрнатилган эди.
Ўзбекистон ҳам бундан хабар топиб, «Толибон» ҳукумати билан боғланди. ТИВ баёнотига кўра, Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига муносиб эмаслиги учун олиб ташланган. Бироқ толиблар бу ишни кенг жамоатчилик билан келишмай қилгани боис пушаймон эканини ҳам алоҳида билдирган.
Кейинроқ хабар берилишича, янги Мозори Шариф шаҳрида Навоий ёдгорлигини қайта тиклаш ва ободонлаштириш учун тамал тоши қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда «Толибон» Афғонистоннинг Балх вилоятида ўрнатилган Алишер Навоий ёдгорлигини ҳам бузиб ташлаганди.
Қозоғистон Марказий Осиё давлатларини сувни адолатли тақсимлашга чақирди
Маҳаллий қозоқ нашрининг ёзишича, бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси йиғилишида бу фикрни айтиб ўтган. Ушбу комиссия трансчегаравий сув ресурсларини бошқарувчи минтақавий асосий орган ҳисобланади.
“Бу шунчаки рақамлар эмас, балки сув таъминоти учун ҳақиқий хавфдир. Афсуски, комиссия доирасида қабул қилинган қарорлар тўлиқ бажарилмаяпти”, деди Қозоғистон вакили.
У минтақа давлатлари фақат баёнотлар билан чекланиб қолмасдан, амалий ҳаракатларга ўтиши зарурлигини айтди.
Маълумот учун, Қирғизистон ва Ўзбекистон жанубдаги суғориш тақчиллигини бартараф этиш учун Қозоғистонга 600 миллион куб метр сув юборишни режалаган. Қозоғистон бош вазири ўринбосарига кўра, бутун Марказий Осиё учун бу йил қурғоқчилик йили бўлди. Туркистон ва Қизилўрда вилоятларини сув билан таъминловчи Сирдарёнинг асосий ўзанига одатдагидан 30–40 фоиз кам сув келмоқда. Аномал иссиқлик туфайли деҳқончилик эҳтиёжлари ортган, аммо мавжуд сув ҳажми афсуски, етарли эмас.
Душанбеда ҳали қурилиши тугамаган стадион ёниб кетди
Тожикистонда 20 август куни давлатдаги энг катта бўлиши кутилаётган, бироқ қурилиши тугалланмаган стадион ёниб кетди. Маҳаллий нашр, Asia Plus Tajikistanʼнинг ёзишича, чоршанба куни эрталабдан стадион тепасида қора тутун кўринган. Бу эса шаҳарнинг турли нуқталаридан яққол кўрина бошлаган. Нашр журналистлари олган видеоларда кўринишича, стадионнинг пастки қаватларидан олов тепага қараб кучайган.
Воқеа жойига ўт ўчириш хизматлари етиб келиб, тушлик 12:20 ларда ёнғин ўчирилгани айтилади.
Ҳукумат стадиондаги ёнғин борасида расмий изоҳ бермаган, етказилган зарар миқдори эда ҳисоблаб чиқилмоқда.
Марказий стадион қурувчилардан бирининг Asia Plusʼга маълум қилишича, ёнғин пайвандлаш машъалининг мой солинган идишга тушиши натижасида бошланган. Бинода қўриқчи бўлиб ишлаётган яна бир гувоҳнинг сўзларига кўра машъал овқат тайёрлаш учун ишлатиладиган ўтин устига тушиб кетган ва бу ёнғинга сабаб бўлган.
Душанбедаги янги стадион 9,5 гектар майдонни эгаллайди ва 30 000 томошабинга мўлжалланган. Бу Тожикистонга халқаро мусобақаларни ўтказиш имконини беради ва мамлакатда футбол ва спорт ҳаётини ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим маданият марказига айланиши керак эди.
Лойиҳа 2019 йилда бошланган бўлиб, қурилишни якунлаш 2026 йилга мўлжалланган ва Тожикистон мустақиллигининг 35 йиллигига тўғри келади. Қурилишни яна Хитой компанияси бўйнига олган, молиялаштириш эса ФИФА лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш доирасида амалга оширилмоқда. Стадион ҳудудида Тожикистон футбол федерацияси раиси, президентнинг ўғли – Рустам Имомали ташаббуси билан тожик футболи тарихи музейи очилиши айтилган.
Ўтган июн ойида президент Имомали Раҳмон ва Душанбе мэри Рустам Имомали миллий стадиондаги қурилиш ишларини кўздан кечирган эди. Қурилишга 720 дан ортиқ мутахассис ва ишчилар жалб этилган.
Бироқ 20 августдаги ёнғиндан кейин стадионнинг ҳозирги аҳволи мана шундай.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти ҳам ўтган ҳафта Олимпия шаҳарчасидаги спорт мажмуалари билан танишди, миллий футбол марказини бориб кўрди.
Бундан ташқари эса ҳафта давомида Тошкент шаҳар, Олмазор туманида қурилиши якунланишига озгина қолган Ислом цивилизацияси марказида ёнғин чиқди. Воқеа жойига ҳукумат раҳбари – бош вазир Арипов ҳам етиб борди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғинда қурилиш материаллари ёниб кетганини хабар қилди.
2019 йилда ҳам бу ерда ёнғин чиқиб, бино ертўласи ёнган эди. Турли гап-сўзларга кўра, марказ қурилиши яқин ойларда тугаши керак бўлган.
Туркманистон Ўзбекистон ва Озарбойжон билан уч томонлама саммит ўтказди
Бу курорт зона – Авазадаги шу ой бўлаётган иккинчи катта тадбир. Туркманистон томонидан президентнинг отаси Гурбангули музокараларда қатнашди, ташаббус ҳам уники.
Уч томонлама саммит Туркманистон нейтралитетининг 30 йиллиги ҳамда Озарбойжоннинг Россия билан ўзаро сиёсий зўриққан алоқалари даврига тўғри келмоқда. Бироқ бу саммитнинг аҳамияти кўпроқ – иқтисод ва транспорт алоқалари билан боғлиқ бўлиши кутилган. Чунки Туркманистон ва Озарбойжон Каспийнинг икки томонидаги эгачи давлатлар.
Маҳаллий туркман нашрларида саммит юзасидан аниқ таҳлилга кўзимиз тушмади. Расмий манбаларда келишича, уч давлат вакиллари ҳам яккама-якка, ҳам биргаликда музокаралар ўтказди.
Каспий денгизининг туркман соҳилидаги Аваза шаҳридаги саммит кун тартибидан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ўрин олган. Саммит якунлари бўйича қатор қўшма ҳужжатлар имзоланди, деб ёзди Тurkmenportal.
Мавзуга оид
13:06 / 30.11.2025
Собиқ президентнинг қамоқдаги ўғли, қуриб кетган сув омборлари ва Қозоғистонда яна референдум – МО ҳафта ичида
13:06 / 23.11.2025
25 йиллик жиноят, расмга олишга тақиқ ва Ҳиндистонга қатнаётган «Толибон» вазирлари – Марказий Осиё ҳафта ичида
12:30 / 09.11.2025
Минтақа лидерлари Оқ уйда йиғилди – Марказий Осиё ҳафта ичида
14:50 / 02.11.2025