Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тинчлик кенгаши Ҳамасдан тез орада қуролсизланишни талаб қилмоқда
Трамп тузган кенгашнинг ушбу талаби – Ҳамас деярли барча қуролларидан воз кечиши ва ўзининг ерости туннеллари харитасини тақдим этишини талаб қилади.
АҚШ президенти Доналд Трамп тузган Тинчлик кенгаши Ҳамасдан шу ҳафта охиригача Ғазода қуролсизланиш бўйича келишувни якунлашни талаб қилмоқда. Бу билан Фаластиндаги қуролли гуруҳни ҳокимиятдан воз кечишга мажбурлаш учун босим кучайтирилмоқда, деб ёзмоқда New York Times музокаралардан хабардор дипломатларга таяниб.
Ғазода 2025 йил октябр ойида кучга кирган ўт очишни тўхтатиш тартибини назорат қилиш учун халқаро орган — Тинчлик кенгаши тузилган эди. Кенгашнинг ушбу талаби Ҳамасдан пировардида деярли барча қуролларидан воз кечишни ва ўзининг ерости туннеллари тармоғи хариталарини тақдим этишни талаб қилади.
Белгиланган муддат, ҳатто АҚШ ва Исроилнинг диққат-эътибори Эрон билан янги урушга қаратилган бир пайтда ҳам Ҳамасга нисбатан тобора ортиб бораётган тоқатсизликни акс эттиради. Дипломатларнинг айтишича, Тинчлик кенгаши ва Ҳамас вакиллари сешанба куни Қоҳирада учрашиб, ҳафта охиригача қуролсизланишга доир битимни имзолаши кутилмоқда. Шу билан бирга бу муддат ўзгариши ҳам мумкин.
New York Times нашри қўлга киритган Тинчлик кенгашининг ички ҳужжатига кўра, агар Ғазо қуролсизлантирилса, Исроил кучлари секторнинг катта қисмидан ёки бутунлай чиқиб кетади. Ҳужжатда айтилишича, Исроилнинг ҳаётий муҳим товарларни ҳудудга олиб кириш бўйича узоқ йиллик чекловлари бекор қилинади. Шунингдек, Ҳамас аъзоларига амнистия ва вақтинчалик уй-жойлар учун карвонлар етказиб берилиши айтилган.
Нашр ушбу маълумотларни Тинчлик кенгашининг ички ҳужжатлари ва исмлари сир қолиши шарти билан гапирган музокаралардан хабардор амалдорларнинг сўзлари билан тасдиқлаган.
Кенгаш ва Исроил томонидан босим
Кенгашнинг Ғазо бўйича юқори мартабали мулозими Николай Младенов ўтган ойда Ҳамас етакчиларига қуролсизланиш таклифини етказган эди. Младенов 3 апрел куни агар Ҳамас Ғазони қуролсизлантиришдан бош тортса, оғир оқибатларга дуч келишига ишора қилгандек бўлди.
«Дарёни кесиб ўтмаган киши денгизда ғарқ бўлади», деб ёзди у.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса, агар Ҳамас қуролларини топширишдан бош тортса, уни куч билан қуролсизлантиришини бир неча маротаба айтган.
NYTʼнинг ёзишича, Исроил жорий йил охиридаги миллий сайловларга яқинлашар экан, Нетаняҳу Ғазода янги ҳарбий кампания бошлашга мойил бўлиши мумкин. Айниқса секторда Ҳамас назоратни сақлаб қолса. Бундан ташқари, Нетаняҳунинг баъзи тарафдорлари Ҳамасни куч билан ҳокимиятдан четлатишга ундамоқда.
Ҳамас Ғазодаги энг қудратли куч бўлиб қолмоқда. Агар Ҳамас қуролсизланишга рози бўлса, бу икки йиллик уруш давомида катта қисми вайрон бўлган Ғазони қайта тиклаш учун замин яратиши мумкин. АҚШ ва Исроил қайта қуриш ишларини Ҳамаснинг ўз арсеналидан воз кечиши билан шартлаган.
Ҳамас нега қуролсизланишга рози бўлмаяпти?
Ҳамаснинг кўплаб аъзолари қуроллардан воз кечишни таслим бўлиш билан баробар деб ҳисоблайди. Хусусан, Ҳамас қуролли қаноти вакили Абу Убайда Исроил жанг майдонида қўлга кирита олмаган ён босишларни – музокаралар столида бериб қўйишга қарши эканини айтди. У гуруҳнинг қуролсизлантириш бўйича Кенгаш режасига салбий муносабатни билдирди.
«Қурол-яроғ масаласига бундай қўпол тарзда ёндашиш — босқинчи кучларнинг халқимиз ҳисобидан қотиллик ва қирғинни давом эттиришга қаратилган шармандали уринишидир», деди у якшанба куни. Абу Убайданинг сўзларига кўра, Исроил – қуролсизланиш ҳақида баҳслар бошланишидан олдин Ғазодаги сулҳ келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажариши керак.
Ўтган ҳафтада Қоҳирада бўлиб ўтган учрашувларда ҳам Ҳамас етакчилари Тинчлик кенгаши вакилларига Исроил октябрдаги келишувга амал қилмаётгани бўйича норозилик билдирган.
Хусусан, Исроил Ғазога инсонпарварлик ёрдами ва тижорат товарларини ташийдиган юк машиналарининг етарли миқдорда киришига рухсат бермаган. Бундан ташқари, Исроил Ғазода ҳужумларни давом эттирмоқда. Исроил сулҳ кучга кирган 6 ойдан бери Ғазода камида 700 кишини ўлдирди, жумладан, Ҳамас аъзолари ва тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлди.
Эронга ҳужуми бошланганда Исроил Ғазога кириш чегара пунктларини ёпиб қўйди. Кейинчалик улар қайта очилган бўлса-да, ёрдам ва тижорат товарлари оқими октябрдаги келишувида белгиланган – ҳафтасига 4200 та юк машинасидан доимий равишда кам бўлиб қолмоқда. Фаластинда АҚШ ҳарбийлари бошчилигидаги мувофиқлаштириш маркази томонидан тўпланган маълумотларга кўра, март ойининг илк ҳафтасида ҳудудга тахминан 1000 та юк машинаси кирган.
NYT манбаларига кўра, Тинчлик кенгаши расмийлари учрашувда Исроилдан сулҳ мажбуриятларини бажаришни талаб қилишини айтган. Хусусан, Кенгаш Исроилга душанба куни камида 600 та юк машинаси киришига рухсат бериш учун босим ўтказган.
Ҳамас мулозимлари эса дам олиш кунлари Истанбулда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашиб, навбатдаги қадамларини муҳокама қилди. Нашрнинг араб мулозимларига таяниб ёзишича, араб ва турк воситачилари Ҳамасни қуролсизлантириш режаси бўйича конструктив мулоқотга чорламоқда.