Ўзбекистон | 12:59 / 23.07.2023
58187
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда туманлар ўртасида постлар пайдо бўлди: масъуллар нима дейди?

Сурхондарё вилоятида туманлар орасида яна ЙПХ постлари пайдо бўлган. Kun.uz мухбири вилоят ҳудуди бўйлаб бундай постларнинг камида еттитаси ишлаётганини тасдиқлаган.

Вилоятлар орасидаги ЙПХ мунтазам постлари ниҳоятда кўплиги танқид қилингач, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги №377-сонли қарорига кўра, Сурхондарё вилоятида иккита — «Мангузар» ва «Дарбанд» мунтазам ЙПХ масканлари қолдирилган эди.

Ҳукуматнинг шу қарорида фаолияти тугатиладиган йўл-патрул хизмати стационар постлари ва патрул-пост хизмати постлари рўйхати ҳам келтирилган.

Ҳукумат қарори билан Сурхондарёда 5 йил аввал тугатилган постлар рўйхати.

Ана шу кейинги рўйхатдаги постларнинг ҳам айримлари яна фаолият бошлаган, постларда ДЙҲХХ автомашиналари ва ЙПХ инспекторлари турибди.

Денов туманидаги Хайробод аҳоли пунктидаги пост / Kun.uz

Вазиятдан хабардор ҳайдовчиларнинг айтишича, бу постлар июн ойи бошида ғалла мавсумида ҳосил ортган юк машиналари ҳаракатини тартибга солиш учун фаолият кўрсата бошлаган, ғалла мавсуми тугаса-да, олиб ташланмаган.

Ҳозирча ҳеч бир ҳайдовчидан бу борада таҳририятга шикоят келиб тушгани йўқ ёки ижтимоий тармоқларда бирор норозилик билдирилмади. Лекин эски постлар расмий хабар берилмасдан тиклангани ажабланарли.

Шўрчи шаҳрига кираверишдаги пост / Kun.uz

Сурхондарё вилоят ИИБ ЖХД ва ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Элнур Абраевнинг тушунтиришича, буларнинг барчаси ҳайдовчилар хавфсизлигини ўйлаб қилинмоқда.

«Ёз фаслида кундуз куни кунлар қизиб кетиши сабабли, вилоятимиздаги ҳайдовчилар узоқ манзилларга асосан тунги салқинда йўлга чиқишмоқда.

Очиғи, ёзда ҳайдовчи ухлаб қолиб автоҳалокат содир этиши каби ҳодисалар бирмунча кўпайганидан сўнг шундай постларни вақтинчалик чора сифатида қўллашга мажбур бўлмоқдамиз.

Қумқўрғон шаҳрига кираверишдаги пост / Kun.uz

Бу постларда кундуз куни кузатув олиб борилмайди, тунги соат 20:00 дан бошлаб эрталаб 8:00 гача смена асосида хизмат олиб борилмоқда. Бироқ, йўлларда хавфсизликни таъминлаш учун вақтинчалик чора сифатида бундан фойдаланишга мажбурмиз.

ЙПХ ходимлари шубҳали кўринган ҳайдовчилар чарчаган-чарчамагани, ҳужжатлари жойида эканига амин бўлиб, йўлга кузатишади.

Менинг ўзим ҳам Дарбанд постида узоқдан келаётган, чарчоқ аломати бўлган ҳайдовчиларни тўхтатиб, уларга ёмон кўринсам ҳам «ичганга ўхшаяпсиз, кўзларингиз қизарган, аптечкангиз борми?» каби, ҳайдовчининг ғашига тегадиган саволларни бериб, уларни «уйғотаман». Мақсад — ҳайдовчини мудроқдан халос этиб, йўлнинг қолган қисмида тетик кетишига сабабчи бўлиш.

Шеробод шаҳридан чиқаверишдаги, М-39 трассасидаги пост / Kun.uz

Ушбу постларда спиртли ичимлик ичиб рулга ўтирган, ўзига тегишли бўлмаган автотранспорт воситасини ҳужжатларсиз бошқариб келаётган кўплаб ҳайдовчилар ушланмоқда. Ҳаттоки наркотик моддалар ҳам топилмоқда.

Айримлар «ЙПХ ходимлари томонидан бундай постларда тамагирлик қилинади», деган асоссиз важларни илгари суришмоқда. Энди у замонлар ўтиб кетди. Ҳозир ЙПХ ходимларининг ҳар бирида боди-камера бор. Ундаги ёзувлар уч ойгача сақланади. Агар ЙПХ ходими бирор ҳайдовчига асоссиз талаб қўйса ёки қўполлик қилиб, унинг ҳуқуқини бузса — мурожаат қилишсин, биз ёзувларни кўтариб, ходим ноҳақ бўлса унга чора кўрамиз.

Туманлар орасидаги ушбу постлар уч ойлик ёз фаслида — вақтинчалик фаолият кўрсатади, сўнгра олиб ташланади», — деди Элнур Абраев.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид