Жамият | 13:18 / 31.05.2020
35615
8 дақиқада ўқилади

«Таълим ва тиббиёт сифати сабабли шу ерни танладим» — Канадада ишлаётган ўзбек шифокори

Ўзбекистонлик шифокорлар дунёнинг турли нуқталарида фаолият юритадилар. Кимдир малака ошириш илинжида, кимдир хорижни кашф қилиш учун, яна кимдир ўз юртида қадр топмаганидан ўксиб, олисга йўл олгани ҳеч кимга сир эмас.

Навбатдаги суҳбатдошимиз – Канадада фаолият юритаётган шифокор, фалсафа фанлари доктори Шарафиддинхўжа Дадахўжаев.

Шарафиддинхўжага ҳам туркум суҳбатларимиздаги умумий саволлар билан билан мурожаат қилдик.

Шарафиддинхўжа Дадахўжаев

– Шарафиддинхўжа, нега айнан шу давлатни танлагансиз ва қанча вақтдан буён у ерда фаолият юритасиз?

– Ўзбекистонда Тошкент Тиббиёт академиясини тамомлаганман. Кейин академиянинг неврология йўналишида магистратурада ўқидим.

2004 йилда Жанубий Кореяга бориб, 2009 йилгача магистратура ва докторантурада таълим олдим. Медицина магистри MMed (Master of Medicine) ва фалсафа фанлари доктори (Philosophy Doctor in Science) даражаларни олиб, докторлик диссертацияси ҳимоясидан кейин Ёнсе университетининг Северанс касалхонасига қарашли тиббий-клиник марказда ишладим.

Карьерамни 2011 йилда Канадага келиб, Жанубий Альберта Саратонни тадқиқ этиш институти (SACRI – Southern Alberta Cancer Research Institute) давом эттирдим. Кейинчалик Брайн Хотчкисс, Камминг тиббиёт мактаби, Кальгари университетида ҳам илмий ходим сифатида фаолият юритдим.

Бу орада Маунт-Ройал университетида тиббиётга оид турли курсларда ҳам ўқидим. Футхилс тиббиёт маркази, Rockyview General Hospital, Peter Lougheed Center ва турли тиббий марказларда амалиёт ўтадим. Жанубий Кореяда 7 йил, Канадада эса 9 йил фаолият юритдим.

Канадани танлашимдан мақсад – ўқитиш тизими ва тиббиётнинг ривожлангани бўлган.

Яна бир сабаб – инглиз тилидан асосий тил сифатида фойдаланилиши эди. Болалигимдан медицина билан боғлиқ фанларни яхши кўрганман ва янги илмий топилмаларни ўрганишга қизиққанман. Шунинг учун ҳам инглиз тилини болалигимдан яхши ўрганганман.

– Ўзбекистон ва Канада тиббиёти ўртасидаги тафовутлар ёки ўхшаш жиҳатлар қандай?

– Ўзбекистон ва Канада медицинаси орасида катта фарқ бор. Канадада аввал бирорта университетда камида 4 йил ўқиб, кўп ҳолларда ҳамшираликни тамомлаб, кейин медицина факультетига ҳужжат ва тиббиёт коллежига кириш имтиҳонларини топшириб, камида 3 йил ўқиш керак. Ўзбекистонда эса тиббиёт институтларига мактабни битириб, имтиҳон асосида кирилади.

Канадада ўқишни битирган ҳар бир доктор имтиҳон топшириб, ундан ўтгач, ишлашга рухсат берувчи тиббий лицензияни қўлга киритади.

Врачларнинг ишлаш даражасини бошқарувчи орган – Канада қироллик врачлари ва жарроҳлари коллежи ҳисобланади. Мана шу ташкилот врачларнинг ҳужжатларидан тортиб, врачлар малакасини ошириш ва судланиш вақтида уларнинг ҳимояси билан ҳам шуғулланади. Мазкур ташкилот врачларнинг ойлиги уларнинг яшашига етарли бўлиши учун давлат ва нодавлат ташкилотлар билан музокаралар олиб боради.

Ўзбекистонда тиббиёт институтини тамомлаб, диплом билан тўғридан тўғри ишлаш мумкин. Аммо билишимча, 2004 йилларда врачларни бошқарувчи ташкилот мавжуд эмас эди. Балки ҳозир мавжуддир.

Кўп касалхоналар ҳар иккала давлатда ҳам давлат томонидан солиқ тушумлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бу ерда хусусий клиникалар кўп эмас. Бу жиҳатдан АҚШ ёки Жанубий Кореядан фарқ қилади.

– Сир бўлмаса, ойига қанча даромад қиласиз ва унинг қанчаси харажатларга кетади?

– Ойлик маош миқдори турли навбатчиликлар, парвариш қилинган беморлар сони, бажарилган ишлар миқдори ва ҳ.к.ларга боғлиқ.

Канадада маош соатбай тўланади. Агар соатига 100 доллар олсангиз, бир навбатчилик давомида саккиз соат ишласангиз, шу вақт давомида 800 доллар ишлаб топасиз.

Ойига 20 марта навбатчилик қилсангиз, демак, 16 минг доллар маош оласиз.

Врачлар соатига ўртача 120-150 доллар миқдорида пул олишади. Бундан ташқари, берган консультацияларингиз, ўқиган маърузаларингиз, олиб бораётган илмий ишларингизга учун ҳам қўшимча ҳақ оласиз.

Тор доирадаги мутахассисларнинг маошлари жуда юқори. Масалан, нейрожарроҳлар йилига 400 минг долларгача маош олишлари мумкин. Давлат ойлик маош даражаларига мос равишда солиқ тўлашни ҳам йўлга қўйган. Маоши миқдори кўп бўлганлар солиқни ҳам кўпроқ тўлайди.

Мен илмий ходим сифатида ишлаётган вақтимда йилига 45-60 минг доллар атрофида ва ҳамшир сифатида ишлаб, йилига 90-100 минг атрофида ойлик олганман. Ҳозир ҳам шу миқдорда маош оламан.

– Ўзбекистонга қайтишдан сизни нима тўсиб турибди?

– Канадада жанубий кореялик қизга уйланганман. 5 ва 6 ёшли икки нафар ўғилларим бор. Катта ўғлим аутизм билан касалланган, канадалик бўлгани учун махсус мактабда ўқийди ва ҳар йили давлат томонидан турли даволаш дастурларида қатнашади. Фарзандларим менга жуда ўрганишган. Мени бир кун кўришмаса, ўзларини яхши тутишмайди.

Шунинг учун оилам билан Канадада узоқ вақт мобайнида яшашга келишганмиз. Фарзандларим 4-5 йилда улғайиб, ўзларини эплаб қолишади деган умиддаман. Келажакда Ўзбекистонга бориб, илмий ва тиббий салоҳиятни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ниятим бор. Ҳозирча шу ерда қолиб, оиламга тегишли турли муаммоларни ҳал этишни ният қилганман.

– Коронавирус шароитида Канада тиббиёти қандай ишламоқда? Умуман, давлат бу синовга тайёрмиди? Сиз ўзингиз бу касалликка қарши курашга жалб қилиндингизми?

– Икки ойдан бери коронавирусга қарши курашувчи жамоада ишламоқдаман. Яъни Covid-19 билан касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш жамоаси аъзосиман. Ушбу жамоада ишлашни ўз хоҳишим билан танладим. Аллоҳга шукр, шунча вақтдан бери касаллар билан ишласам-да, Covid-19`ни аниқлаш бўйича таҳлил натижаларим манфий бўлиб чиқяпти. Менда бу касаллик белгилари ҳеч кузатилмади.

Канада – совуқ давлат ва ҳар йили деярли ҳамма гриппга қарши эмланади. Кўпчилик грипп билан касалланади ҳам. Ҳар йили қиш ойларида йўталиш, бурун оқиши, бош оғриқлари бўлиб туради. Шунинг учун эҳтимол одамлар ўша вақтда Covid-19 тарқала бошлаганини сезмай қолган бўлиши мумкин.

Хитойда коронавирус тарқалиб, изоляция ишлари бошланган вақтдаёқ Канаданинг Альберта провинцияси тайёргарликни бошлаб юборган. Масалан, сунъий нафас олдириш аппаратларини сотиб олиш, турли бўлимларда Covid-19 билан касалланганлар учун жойлар ажратиш ва ҳ.к. Қисқаси, бизнинг провинциямиз Covid-19`га қарши курашишга тайёр бўлган. Ҳозир ҳам иш жараёни жадал олиб борилмоқда.

– Бу давлатдаги фаолиятингизга доир ва Ўзбекистон учун ноодатий бўлган бирор қизиқ воқеани сўзлаб берсангиз.

– Коронавирусга қарши курашувчи жамоа аъзоси сифатида кунлик навбатчиликда эдим. Канадада навбатчиликлар учга: кунлик (соат 07:00дан 15:15гача), кечқурунги (соат 15:00дан 23:15гача) ва тунги (23:00дан 07:15гача) бўлган навбатчиликларга бўлинади.

Шундай навбатчиликлардан бирида бир киши оддий жинси шим ва футболкада фойдаланилган шахсий ҳимояланиш кийимларини тўплаб, бўлимимиздан ташқарига ташиётганига гувоҳ бўлдим. Кўзларимга ишона олмай қолдим: у директоримиз эди.

У кишига қараб: «Салом, ишларингиз яхшими?» дедим. У жилмайган ҳолда: «Сизларнинг оғирингизни енгил қилишга келдим», деб жавоб берди. Яна бизга қаҳва, ширинликлар ҳам олиб келган экан.

Креслода ўтирган бошлиқ «санитарка»нинг ишини бажариши ақлга сиғмайдиган ҳолат, албатта. Аммо шунақаси ҳам бўлар экан!

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид