Ўзбекистон | 17:02 / 20.11.2022
17229
6 дақиқада ўқилади

Тўловдан қочаётган айёр Автойўл, пулини ундиролмаётган аёл тадбиркор ва яна “ер чизаётган” МИБ

Автомобил йўллари қўмитаси 4 йилдирки тадбиркорнинг ҳақини бермай келади. Суд қарорлари МИБнинг столида сарғайиб ётибди. Тадбиркор аёл ўрнатган 3та лифтнинг энг камида биттасидан қўмитанинг 21 йиллик раиси Абдураҳмон Абдувалиев фойдаланади.

“Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Интизор Абдалниёзованинг айтишича, у 2018 йил апрелда Автомобил йўллари қўмитасига қарашли “Yangiyo‘lqurilish” УК томонидан эълон қилинган, Автомобил йўллари Давлат қўмитасининг бино-иншоотларини капитал таъмирлаш бўйича очиқ тендерда қатнашиб, 3 та лотда ғолибликни қўлга киритган.

 – Тендерга 20 дан ортиқ қурилиш объектлари қўйилган эди. Мен Автойўл қўмитасига лифт ва эшик-ромларини ўрнатиш бўйича 3 та лотни ютиб олдим ва ўрнатиб бердим.

Шартномада белгиланган барча ишларни кўрсатилган талаблар асосида бажариб, буюртмачиларга топширдим. Давлат ташкилотлари билан ишлаш учун олдиндан тўловнинг 30 фоизи тўланади. Қолгани иш якунлангач берилиши керак эди. Мен “Yangiyo‘lqurilish” УКга, Автомобил йўллари қўмитасига ишониб, барча ишни бажардим. Мана 4,5 йилдирки, қолган пулимни ололмасдан сарсонман.

Автойўл қўмитаси пулни бугун берамиз, эрта берамиз, пандемиядан кейин берамиз деб ортга сураверишди. Барчасини сабр билан кутдим. Охири судга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Туман ва шаҳар судларида ютиб чиқдик. “Yangiyo‘lqurilish” УК билан бир йил-у уч ой ишлаган бўлсам, шу вақт оралиғида 9 марта раҳбар алмашди. Бир раҳбарга тушунтириб, ишни топшираман десангиз, ўрнига бошқаси қўйилади.

Аслини олганда, тендерда лотни ютгандан кейин унинг нархини кесишга ёки пасайтиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 950 миллион олишим керак бўлган суммани 470 миллионга туширишди. Касод бўлмаслик учун ярмини олишга ҳам рози бўлдим. Шунга мажбур бўлдим. Сабаби ҳар бир келган янги раҳбар 6 ой текширув ўтказади. Ўз ишим қолиб, неча йиллардан бери шулар билан овора бўлиб қолдим.

Интизор Абдалниёзова, “Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари Фото: Kun.uz

Тадбиркорнинг таъкидлашича, барча ишлар ҳам тендер шартномаларига мувофиқ амалга оширилган. У “Yangiyo‘lqurilish” УКда ҳар сафар раҳбар ўзгарганда турли баҳоналар билан пулини тўлаб бермаётганини айтади.

Баҳоналардан тоқати тоқ бўлган тадбиркор судга мурожаат қилади. Тошкент туманлараро иқтисодий суди унинг даъвосини қисман қаноатлантириб, жавобгар “Yangiyo‘lqurilish” УК ҳисобидан даъвогар “Doston Akfa Plus” МЧЖ ҳисобига 417 мон 339 минг сўм асосий қарз, 15 млн сўм пеня ундириш ҳақида қарор чиқаради.

Ушбу низо Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилади. Бироқ шундан кейин ҳам тадбиркорга пули тўлаб берилмайди.

Тадбиркор Kun.uz’га берган интервьюсида МИБнинг Нурафшон шаҳар бўлими ва Тошкент вилоят бошқармаларига қилган мурожаатлари самарасиз кетгани, вилоят бошқармасига 6 ой қатнаганидан сўнг ҳужжатлари МИБнинг бош идорасида экани маълум қилинади.

Ҳасан Кабиржонов, МИБ директори Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

МИБ марказий офисига ҳар бир борганимда регистрация қилдирганман. Шу кунгача 47 бор мурожаат қилган эканман. 13 ҳафта деганда Республика МИБ раҳбари қабул қилди. У ҳам қўлидан ҳеч нарса келмаслиги, бориб ўзлари билан муроса қилишим кераклигини айтди. Бу вақт оралиғида 7-8 та давлат органларига мурожаат қилиб, 200 млн пулни ундириб олдим. Айни пайтда 270 млн қарздорлик қолган.

Ўша пайтда оёғимда муаммо бўлиб, даволанишим керак эди. Директорга сарсон қилмасдан, ёрдам бера олиши ёки бера олмаслигини аниқ айтишини сўрадим. У Автойўл ташкилотнинг 211 млрд, “Янгийўл унитар корхонаси”нинг эса 5 млрд қарзи борлигини айтди”, дейди тадбиркор.

Тадбиркорга кўра, шу пайтгача у бир неча марта Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиевнинг қабулига киришга уринган. Бироқ раиснинг ёрдамчилари бунга йўл қўймаган. Масъуллар шартномани ким билан қилган бўлса, шулар билан гаплашишни тавсия қилган.

Абдураҳмон Абдувалиев, Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Фото: ЎзАвтойўл расмий сайти

– Мени унинг ёнига киритишмаяпти. Йўқса бир неча марта ёрдамчиларига бориб учрашдим, бошқа масъуллар билан гаплашдим. Шартномани ким билан тузган бўлсангиз, ўша билан гаплашинг дейишди. Мен шартнома тузган одам ишдан кетгандан кейин 9 та раҳбар алмашди.

Ушбу муаммо юзасидан Бош прокурор қабулига ҳам киролмаяпман. Шу пайтгача Бош прокуратурага МИБ суд қарорларини ижрога қаратмаётгани, бу масалада ёрдам зарурлигини айтиб, уч марта мурожаат қилдим, аммо ҳалигача натижа йўқ, дея ёзғиради Интизор Абдалниёзова.

Автомобиль йўллари қўмитасининг бир неча йилдан буён қурилаётган биноси Фото: ЎзАвтойўл расмий сайти

Тадбиркорнинг айтишича, Автойўл қўмитасидан куйганлар талайгина. У МИБ директори қабулига кириш учун қатнаб юрганида 4 та ана шундай жабрдийда билан танишиб қолган. Улар ҳам бу ташкилот билан ишлаб, барака топишмаган.

“МИБ директорининг ўзи бу ташкилотнинг катта қарзи борлигини айтгач, улар билан муроса қилиб пулимни ундиришга ҳам уриниб кўрдим. Аммо бу уринишлардан фойда бўлмади, дейди тадбиркор аёл.

Интервьюни тўлиқ Kun.uz’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид