Ўзбекистон | 14:40 / 01.03.2020
38374
13 дақиқада ўқилади

Лидер аёллар қатлами қандай яратилади? Азиза Умарова билан суҳбат

Kun.uz жамиятда ўз ўрнини топган, фаол фуқаролик позициясига эга, ўз соҳасининг етакчиларидан бўлган аёллар билан фикрлашув манзили − «Ўзбекойим» рукнини бошламоқда.

Жамиятнинг фаол аёллар қатламини танитиб борувчи «Ўзбекойим»нинг илк меҳмони − Азиза Умарова.

Азиза Умарова Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Буюк Британиянинг Сент-Эндрюс университетида таҳсил олган. Давлат бошқарувида ислоҳотлар ва модернизация, электрон ҳукумат, гендер масалалари бўйича мутахассис. Ҳозирда Сингапурнинг SmartGov.consulting компанияси ижрочи директори. #Aziza Umar kundaligi телеграм каналида турли масалалар бўйича ўзининг фаол фуқаролик муносабатини билдириб боради.

Азиза опа, сизни раҳбар, жамиятда ўзининг фаол фуқаролик позициясига эга, ҳар қандай масалада ўз фикрини илгари сура оладиган кучли аёл сифатида биламиз. Шунингдек, оила бекаси ва онасиз. Буларнинг барчасига қандай улгурасиз?

− Менимча, ҳар бир ишни ўзининг керакли вақтида қилганман. Таълим олиш керак бўлган пайтда ўқидим, каръера қилиш керак бўлган пайтда ишладим. Ҳозир асосий ишимдан, улғайиб қолган фарзандларим тарбиясидан ортиб, янги Ўзбекистон қурилишида фаол қатнаша оламан.

2016 йилдан бошлаб ҳақиқатан ҳам катта ўзгаришлар бошланганини тан олиш керак. Олдимда танлов бор эди: бу ўзгаришларнинг бир қисми бўлишни истайманми ёки бир четда қолиб кетишни хоҳлайманми? Мен аёллар ҳам бу жараёнда иштирок этиши керак, деган қарорга келдим. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқларда фаол ёза бошладим, ўз фикримни билдира бошладим.

− Муайян бир мақсадга эришиш учун, истаймизми-йўқми, аёл эркакка қараганда икки ҳисса кўпроқ машаққат чекиши керак. Оила, фарзанд тарбияси бор. Аёллик вазифалари ижодий фаолиятда давом этишда тўсқинлик қилган вақтлар ҳам бўлганми? Бундай ҳолатда қандай йўл тутгансиз?

− Бунақа ҳолатлар кўп бўлади. Аммо ҳаётдаги ҳар бир бундай эпизод − синов, инсоннинг тўхтагиси келиши, фақат оилам билан, болаларим билан шуғулланишим керак, деган кечинма бўлиши мумкин. Бунда кўп имкониятларни қўлдан бой берасиз.

Оиламнинг қўллаб-қувватлаши билан ўтган 16 йиллик турмушим давомида оилавий ҳаётни, карьерани ва шахсий изланишни баравар олиб бора олдим. Ўзбекистонда оилалар – бунда нафақат ота-она, балки турмуш ўртоқ, қайнона-қайнота ҳам қизларни қўллаб-қувватлашганида эди, илғор қизлар сони кўпроқ бўларди.

Оилада қизга сен буни уддалай олмайсан, бу сенга керак эмас, буни қилма, демаслик керак. Қиз боланинг ўзига берадиган баҳоси, курашиш учун куч топа олиши айнан шунга боғлиқ.

− Ўзбекистонда аёлларнинг жамиятдаги роли ва ўрнига 10 баллик тизимда неча балл бера оласиз?

− 3 ёки 4 балл холос. Чунки айнан ҳозир аёлларнинг роли жуда суст. Бунда бир қанча омиллар бор. 90-йилларда мамлакатда аҳвол жуда ҳам оғир эди, натижада кўплаб аёллар ўз касбларидан кетишга, қандайдир бизнес билан бўлса ҳам шуғулланиб, фарзандларининг қорнини тўйдириш ҳақида ўйлашга мажбур бўлишган. Собиқ иттифоқ давлатларининг барчасида, шунингдек, бизда ҳам вазият жуда оғир бўлган. Кўплаб профессионаллар ўз соҳасидан кетди. Карьера билан, жамиятга дахлдор ишлар билан шуғулланишдан тўхташди.

Янги авлод улғайиб кела бошлаган даврда миллий қадриятларга жуда катта эътибор йўналтирилган, бу баъзида таълимнинг зарари ҳисобига амалга ошган. Қизларнинг таълим олиши зарурати ҳақида мутлақо унутдик. Рақамларга қарайдиган бўлсак, олий таълимда таҳсил оладиган қизлар жуда ҳам кам.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, яқин пайтгача Ўзбекистонда олий таълим оладиганлар кўрсаткичи атиги 10 фоизни ташкил этган. Улар орасида қизлар янада кам. Агар биз қизларни тарбияламасак, уларга олий таълим бермасак, улардан ўз соҳасини ривожлантира оладиган мутахассислар чиқмаса, биз излаётган лидер аёллар қаердан пайдо бўлади?

Изоҳ: Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозирда олий таълим олаётган 440,959 нафар талабанинг 45,9 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Менимча, бугун қизлар учун шоу-бизнесдаги аёллар намуна бўляпти. Инстаграмда обуна бўлишади, кўринишини, кийинишига тақлид қилишади. Аммо бир замонлар биз исмларини номма-ном билган илмли аёллар қани? Совет тизими тайёрлаган аёллар қани? Илм доирасида бор фаол аёлларнинг ҳаммасини совет тизими тайёрлади. 1990-2000 йилларда тайёрланган авлод қани? Улар йўқ. Шунинг учун мен фақатгина 4 балл қўя оламан.

Қачон бизда улар кўпаяди? Қачонки, кўчада дуч келган одамдан нечта фаол аёлни биласиз, деб сўрасангиз ва сизга сиёсатчи, олим, дирижёр, инженер, бастакор, рассом аёлларни санаб бера олишса, шундагина 10 балл бериш мумкин бўлади.

− Ўтган йилдан бошлаб гендер тенглиги масаласига жиддий эътибор қарата бошланди. Қонун қабул қилинди, комиссиялар тузилди. Лекин ҳали халқ гендер тенглигининг моҳиятини тўла тушуниб етганича йўқ. Сизнингча, Ўзбекистон чиндан гендер тенглигига эришиш учун қандай йўлдан бориши керак?

− Гендер тенглиги ҳақида сўз кетганда, аввало, имкониятлар тенглиги тушунилиши керак. Оиладаги оддий мисол. Икки ўғил ва икки қиз бўлса, нега сиз икки ўғлингизга таълим берасиз, лекин икки қизингизга икки комплект мебел олиб бериб, турмушга бериб юборасиз?

Бу ҳақда яхши бир шарқ мақоли ҳам бор: ўғлингни ўқитиб, эркакни тарбиялайсан, қизингни ўқитиб, бутун миллатни тарбиялайсан. Шароитлар болаликданоқ бир хил бўлиши керак.

Ишга олишда суткасига 24 соат ишлай олгани учун йигитни олиб, турмушга чиқиб, фарзандли бўлиши мумкинлиги учун қиз болани олмайдиган бўлсак, бу нотўғри. Уларга мутахассислиги нуқтайи назаридан қараш керак. Улардан қайси бири профессионал сифатида билимлироқ? Агар бу қиз бўлса, ишга уни олиш керак.

Энг ёмони нимада, биласизми? Агар оилавий турмуши ўхшамаса, ажрашса, қизлар аҳолининг энг камбағал қатламига айланиб қолади. Шунинг учун болаликнинг илк давридан қиз ҳам, ўғил ҳам бирдек яхши таълим олса, қиз болага қанақа бўлса ҳам ҳунар ўрганиши кераклиги уқтирилса, бу жамият учун фойдали бўлади. Бу жараённи 60-70 йилларда кўп мамлакатлар босиб ўтди. Урушдан кейин Европада, Исроилда, Японияда, Кореяда ҳам илгари аёллар уйда ўтиришган, ишлашмаган. Кейинчалик улар иқтисодиётга аралаша бошлагач, миллатлар бойий бошлади.

Ҳукумат ҳар бир масалани кўриб чиқишда гендер призмаси орқали ёндашиши лозим. Мисол учун, Молия вазирлиги. Давлат бюджети қабул қилинаётганда, у ҳам аёллар, ҳам эркаклар манфаатини қанчалик ифодалаётганини таҳлил қилиш керак. Бюджетдан ажратиладиган пулнинг қанчаси оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун йўналтирилади? Инвестиция дастурларининг қанчаси аёллар учун иш ўринларини яратади?

Агар ҳамма пул энергетика-ёқилғи соҳасига тикиладиган бўлса, у ерда аёллар учун мутлақо иш йўқ. Агар текстил соҳасига ҳам пул тикилса, аёллар учун иш ўрни яратилади. Ҳаммаси мана шундай базавий примитив даражада кўриб чиқилиши керак.

Ёки Адлия вазирлиги ҳужжатни қабул қилишдан аввал қонунни гендер таҳлилидан ўтказиши керак. Қонунда эркак ва аёлнинг манфаатлари қанчалик назарда тутилган? Уларнинг ҳар иккисининг ҳам манфаатлари ҳисобга олинганми? Ҳар қандай қарорга шу асосда ёндашиш лозим.

Фикримча, бизда аёллар масаласи секинлик билан кўтарила бошланди. Бу яхши силжиш. Аммо етарли эмас.

− Аёлларнинг турли муаммоларга дуч келишига кўп ҳолларда улардаги ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги сабаб бўлмасмикан?

− Бу таълим масаласига бориб тақалади. Давлат узоқ вақт шундай қилдики, олий таълим олиш дабдаба эди. Таълим олиш имкониятининг йўқлиги катта вакуумни ҳосил қилди.

Агар аёлларимиз биз истаётган даражага чиқишини истасак, вилоятларда университетлар очилиши учун барча ҳаракатни қилишимиз керак. Уларга аёллар ҳам, эркаклар ҳам, қизлар ҳам, йигитлар ҳам кира олиши керак.

Мен қачондир бизда қишлоқ қизлари учун стипендия дастури пайдо бўлишини орзу қиламан. Ўқишга пули бўлмаган қизлар яшаб турган жойида ҳам таълим учун грант ола билиши керак. Улар нима учун бу имкониятдан маҳрум? Давлат уларни қидириб топиши, имтиҳон ва олимпиадалар орқали кашф этиб, улардан янги интеллектуал элитани ҳосил қилишга қизиқиш билдириши керак. Эртага нимагадир эришишга қодир бўлган инсонларни тайёрлаши керак.

− Ўз тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда, шахсий ривожланиш учун қандай адабиётларни тавсия қиласиз?

Ўзимда катта таассурот қолдирган китоблар бу Чингиз Айтматовнинг барча асарлари. Уларнинг деярли барчаси ўзбек тилига таржима қилинган.

Шунингдек, Орхон Памуқ ижоди ёқади. «Музей невинности» («Маъсумият музейи») китоби. Бу китоб одамлар ўртасидаги муносабатларни тушунишга ёрдам беради. Курт Воннегут асарларини ҳам тавсия қилган бўлардим. Менимча, ўзбек тилида таржимаси йўқ, рус таржимаси бор. «Бойня номер пять» («Бешинчи рақамли кушхона»), «Колыбель для кошки» («Мушук беланчаги») ва бошқа қизиқарли китоблари бор.

Фикримча, юзаки асарларни камроқ ўқиш керак. Ички оламни ўзгартиришга ёрдам берадиган китобларнигина топиб мутолаа қилиш керак.

− Ҳаётдаги шиорингиз нима?

Шиорим... Менимча, инсон шунчаки ўзига ишониши керак. Атрофдаги оғир вазиятларга эътибор бермаслик керак. Агар одамлар таслим бўлишса, улар ортиқ ҳаракат қила олишмайди.

Бу ўринда яқин инсонларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам жуда муҳим, ҳаммаслаклар бўлиши керак. Шу билан бирга, доим ички тикланиш учун куч топа олиш керак. Қандайдир зарба келиб тушганда қийин бўлади, фақат қайта куч топиб, ҳаракатда давом эта билиш керак. Бу жуда ҳам муҳим хусусият. Ҳаммага ички куч, захирага эга бўлишни тилайман.

− Сиёсий ричаглар сизнинг қўлингизда бўлганида, Ўзбекистонда биринчи галда нимани ўзгартирган бўлардингиз?

Прописка тизимини бекор қилган бўлардим. Менимча, давлат аҳолига ё турмуш учун барча шароитларни қилиб бериши керак – регионларда ҳам ҳамма шароитлар бўлиши, одамларда иссиқлик, газ, ичимлик суви билан муаммолар бўлмаслиги керак. Ёки одамларга ўзлари учун қаер қулай бўлса, ўша ерга кўчиб келиш имконини бериш лозим.

− Ўзингиз фаолиятидан қониқадиган ва қониқмайдиган давлат ташкилоти қайси?

Ўзимга фаолияти ёқадиган ташкилотларни айтаман, лекин ёқмайдиганларни айта олмайман.

Антимонополия қўмитаси фаолияти ёқади. Улар яқинда ташкил этилди, ваколатлари ҳали кам. Аммо улар тўғри йўлда иш олиб бормоқда.

Туризм қўмитасининг фаолияти ҳам ёқади. Нега? Чунки илгари қўмита активларни бошқарар эди. Унинг ўз автобуслари, меҳмонхоналари бор эди. У бозор иштирокчилари билан рақобатлашишга ҳаракат қиларди. Кейин қўмита ҳаммасидан босқичма-босқич чекинди. Ўз активларини берди, хусусий сектор билан рақобатлашишни тўхтатди. Шу билан бирга, хусусий секторга бу бўшлиқларни тўлдириш имкониятини берди. Бу жуда катта ўзгариш бўлди.

− Қайси ўзбек сиёсатчиларининг фаолиятини эътироф эта оласиз?

− Танзила Камоловна Норбоева жуда ҳам ёқади, у ўз янги вазифасига жуда фаоллик билан киришди.

Эркаклар орасидан эса худди шу Сенатдан Содиқ Сафоевни кўрсатган бўлардим. У жуда ҳам ўқимишли. Чет тилларида эркин гаплашади, ҳар доим гапирганда концептуал тушунчалар ҳақида гапиради. Менимча, у жуда кўп йигит-қизлар учун мисол бўла олади. Ажойиб нотиқ, кенг дунёқарашга эга донишманд, ўз фикрини яхши етказиб бера оладиган инсон, ҳақиқий давлат арбоби.

− Сизнингча, ўзбек халқининг камчилиги нимада?

Бизда бир-бирини қўллаб-қувватлай олмасликдек ёмон одат бор. Ҳар доим бирга бўлиш, бирдамликни ўрганишимиз керак. Шундагина биз миллат сифатида кучлироқ бўламиз. Ҳамжиҳатлик етишмайди бизга. Олдинга ҳаракат қилиш, ривожланиш учун ҳамжиҳатлик жуда ҳам муҳим.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.

Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид