Таълим | 09:44 / 26.11.2025
3728
1 дақиқада ўқилади

Абитуриентлар учун хорижий ва нодавлат ОТМдаги давлат грантларига қўшимча танлов ўтказилади

Давлат комиссияси қарорига мувофиқ, 2025-2026 ўқув йили учун хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига ажратилган 1 320 та давлат гранти ўринларидан вакант қолган қисми бўйича абитуриентлар учун қўшимча танлов эълон қилинди. Рўйхатдан ўтиш 25 ноябрдан 4 декабргача онлайн тарзда амалга оширилади.

Фото: Kun.uz

Давлат комиссияси баёнига кўра, 2025-2026 ўқув йили учун республика ҳудудида фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат гранти асосида ажратилган 1 320 та ўриндан вакант қолган ўринлар учун абитуриентлар ўртасида қўшимча танлов ўтказилади.

Шунга мувофиқ, 2025 йил 25 ноябрдан 4 декабрга қадар (шу куни ҳам) муайян хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган ёшлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz платформасида онлайн рўйхатдан ўтади.

Рўйхатдан ўтган абитуриентлар учун 2025 йил 11 декабрга қадар тест синовлари ўтказилади. Тест синовлари ўтказиш санаси, вақти ва манзили ҳақидаги маълумотлар абитуриентнинг шахсий кабинети орқали эълон қилинади.

Талабгорлар имтиҳонда иштирок этиш учун рухсатномани ҳам Билимни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz сайтидаги шахсий кабинетидан юклаб олиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид