Ўзбекистон | 11:46 / 14.01.2019
14992
4 дақиқада ўқилади

Пахта ва бошоқли дон маҳсулотлари етиштириш учун минерал ўғитлар ҳамда ёқилғи мойлаш маҳсулотлари нархи чекланган даражаси белгиланади

Фото: Alamy

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019 йилда пахта ва бошоқли дон маҳсулотлари етиштириш учун талаб қилинадиган минерал ўғитлар ҳамда ёқилғи мойлаш маҳсулотлари нархини чекланган даражасини белгилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан минерал ўғитларни биржа савдоларидаги нархини ҳамда охирги истеъмолчи бўлган пахта ва бошоқли дон маҳсулотлари етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига сотиладиган чакана нархини чекланган даражаси бўйича берган таклифлари тасдиқланиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича, 2019 йилнинг 1 январидан 31 декабригача минерал ўғитларни биржа савдоларидаги нархи ҳамда охирги истеъмолчи бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга сотиладиган чакана нархи мазкур қарор иловасида белгиланган чекланган даражасидан оширилишига йўл қўйилмайди. Ушбу талабни бузган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров, А.С.Султонов, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда:

2019 йил 1 январдан бошлаб минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи ва уларни якуний истеъмолчига етказиб берувчи корхоналарнинг харажатларини белгиланган меъёрларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигига етказиб бериладиган минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи корхоналар нархлари ва “Агрокимёхимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятларининг устамаларини нархларни тартибга солувчи органда декларация қилинишини;

келтирилган нархларнинг чекланган даражасига декларация қилинган нархлар асосида тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.С.Султонов, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни тўлиқ қувват билан ишлашини, улар томонидан ишлаб чиқариш харажатларини, биржа савдоларига қўйиладиган бошланғич нархларини ҳамда “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятлари харажатларини ва улар томонидан минерал ўғитларни якуний истеъмолчига етказиб бериладиган чекланган чакана нархларини сунъий равишда ошириб юбормаслик чораларини кўради.

 

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик жамияти 2019 йил якунига қадар давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга дизель ёнилғисини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан белгиланган чакана нархларда етказиб берилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб қувватлаш Жамғармаси, “Агробанк” АТБ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга талаб қилинадиган моддий ресурслар учун зарур бўладиган маблағларни тўлиқ ажратилишини ҳамда фермер хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларга ўз вақтида тўловларни амалга оширилишини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 28 февралдаги 149-сон қарори 3-бандининг иккинчи хатбоши ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва А.С. Султонов, Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосари Р.Н. Раҳматов ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири Б.Т.Юсупов зиммасига юкланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид