Ўзбекистон | 23:19 / 14.06.2019
12110
2 дақиқада ўқилади

5 ойда 417 мансабдор шахс коррупцияда айбланди – етказилган зарар миқдори 35,5 млрд сўмдан ортиқ

2019 йилнинг беш ойида турли лавозимлардаги 417 мансабдор шахсга 420та жиноий иш қўзғатилган. 206та жиноят иши бўйича 284 мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Қолганлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида шундай баёнот берди. 

Kun.uz мухбирининг Эркин Йўлдошевга таянган ҳолда маълум қилишича, жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 5 нафари республика, 17 нафари вилоят ва 262 мулозим туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 35 млрд 652 млн 726 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 25 млрд 160 млн 870 минг сўми ёки 70,5 фоизи ундирилган. 

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдорларнинг 150 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 35 нафари солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш, 21 нафари пора олиш, 19 нафари фирибгарлик, 11 нафари пора бериш, 7 нафари мансабни суиистеъмол қилиш, 4 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 3 нафари мансабга совуққонлик, 1 нафари мансаб сохтакорлиги ва 33 нафари бошқа жиноятлари учун жавобгар бўлган.

2018 йилда ички ишлар, соғлиқни сақлаш ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги мансабдор шахслари томонидан содир этилган жиноятлар таҳлил қилиниб, 2019 йилда ушбу вазирликларга 3 та тақдимнома киритилган.

Бундан ташқари, Эркин Йўлдошевнинг билдиришича, прокуратура тизимида ҳам нопок ходимлардан тозалаш ишларига эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2018 йилда прокуратуранинг 61 нафар ходими тамагирлик туфайли ишдан олинган.

Шундан 9 нафари прокурор, 3 нафари департамент, 49 нафари эса МИБ ходимларидир. 

Мавзуга оид