Жаҳон | 08:43 / 14.03.2018
46183
5 дақиқада ўқилади

Коррупциясиз: нега саудиялик миллиардерлар Forbes рўйхатига киритилмади?

Фото: Dado Ruvic / Reuters

Саудия ҳукумати коррупция билан курашга киришганидан сўнг, Forbes ўз рўйхатини маҳаллий миллиардерлар ҳисобидан сийраклаштирди. Энди улар рейтингда умуман йўқ.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд томонидан бошланган коррупцияга қарши кураш кампанияси миллиардлаб долларларни давлат хазинасига қайтариш бўйича жуда тез ва шафқатсиз усулга айланди. Шаҳзода мамлакатнинг энг бой одамларини ўз пулларини давлатга ўтказиб беришга мажбурлади.

Ўтган йилнинг охирида 32 ёшли валиаҳд шаҳзода саудиялик бир неча миллиардерлар ва бошқа тадбиркорларни Ар-Риёддаги «Ритц-Карлтон» меҳмонхонасига ҳибс қилдирди. Улардан баъзилари тахт ворисининг қариндошлари ҳам эди, масалан, 62 ёшли шаҳзода ал-Волид бин Талал Ол Сауд, Ғарбда Саудия Арабистонидан бўлган энг машҳур тадбиркор.

Forbes’нинг ўтган йилги энг бой одамлар рўйхатига кирган яна камида уч бошқа миллиардер ҳибсга олингани хабар қилинди. Саудия ҳукумати қўлга олинганларнинг расмий рўйхатини эълон қилмади. Саудия Арабистонининг АҚШ пойтахти Вашингтондаги элчихонаси матбуот атташеси эса Саудияда амалда бўлган шахсий ҳаёт дахлсизлиги тўғрисидаги қонунлар туфайли, элчихона аниқ шахслар ҳақида маълумот тақдим эта олмаслигини билдирди.

Якунда Волид бин Талал ва бошқа кўплаб шахслар озод этилди, бироқ «Ритц-Карлтон» меҳмонхонасидан чиқиш уларга миллиардлаб долларга тушди. Шунингдек, манбаларнинг Forbes’га билдиришича, шаҳзода ал-Волидга энди матбуотга интервью бериш тақиқланди. Хабар қилинишича, Саудия Арабистони ҳукуматининг мақсади 100 млрд доллар йиғиб олиш бўлган, бу узоқ йиллар давомида нефтга паст нархлар туфайли бюджетда юзага келган тешикни ёпиш учун керак бўлган. «Ритц-Карлтон» меҳмонхонасида ўша кунлар давомида нималар юз бергани ҳақида эса минглаб миш-мишлар чиқди. Шунинг учун ким, қачон, кимга ва қанча берганини аниқ билиш имконсиз. Forbes’нинг аниқлашича, ўшанда ҳибсга олинмаган камида бир нефть магнати ўз активларини мамлакат ҳукуматига топширган. Шу жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда, жорий йилда Саудия Арабистонидан бўлган барча ўн нафар долларли миллиардер машҳур рўйхатга кирилмади. Улардан бирортаси ҳам бунга изоҳ бера олмайди. Бироқ, бу борадаги вазият бироз ойдинлашса, улардан баъзилари рейтингга қайтиши ҳам мумкин.

Forbes жорий йилда дунёдаги энг бой одамлар рўйхатига Саудия Арабистонидан бўлган қуйидаги миллиардерларни киритмади (тадбиркорнинг бойлиги бўйича ҳисоб-китоб ўтган йил бўйича келтирилади):

Шаҳзода ал-Волид бин Талал

Фото: AFP 2018 / Fayez Nureldine

$18,7 млрд

Шаҳзода Lyft такси сервиси, Twitter ижтимоий тармоғи, Citigroup молиявий конгломерати ва Four Seasons меҳмонхоналар тармоғига маблағ йўналтирувчи Kingdom Holding компанияси раиси саналади.

Муҳаммад Ҳусайн ал-Амудий

Фото: AFP

$8,1 млрд

Шайх Швециянинг нефть ўтказиш завод, Саудия Арабистонидаги АЁҚШ тармоғи ва олтин қазиб олиш, қурилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи Эфиопия конгломерати акциядори ҳисобланади.

Шаҳзода Султон бин Муҳаммад бин Сауд ал-Кабир Ол Сауд

Фото: Reuters

$3,8 млрд

У томонидан асос солинган ҳамда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Almarai компанияси Яқин Шарқдаги энг йириклардан бири ҳисобланади.

Муҳаммад ал-Иссо

Фото: motorsport.com

$2,6 млрд

Унинг Assila Investments компанияси меҳмонхоналар тармоғи, банк ва ошхона техникаси ишлаб чиқариш бўйича ўз улушига эга.

Солиҳ Абдуллоҳ Комил

Фото: ЕРА

$2,3 млрд

Тадбиркор - Dallah Al-Baraka конгломерати асосчиси. У кўчмас мулк, озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

Абдуллоҳ ал-Ражҳий

Фото: AP Photo/ Haraz N. Ghanbari

$1,9 млрд

У ўз ака-укалари билан биргаликда Al Rajhi Bank’ни ташкил этган. У эса дунёдаги энг йирик ислом банкларидан бири саналади.

Абдул Мажид ал-Ҳокайр, Салмон ал-Ҳокайр ва Фаваз ал-Ҳокайр

Ҳар бирида $1,2 млрд.дан

Уч ака-ука томонидан қурилган кўчмас мулк империясига 19та савдо маркази киради.

Муҳаммад Серафий

$1,1 млрд

Тадбиркор кўчмас мулкка сармоя киритиш билан шуғулланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид