Ўзбекистон | 10:17
667
2 дақиқада ўқилади

Саудиянинг янги рақамли платформаси Ўзбекистонда ҳам татбиқ этилиши мумкин

Ар-Риёдда ўтган Ўзбекистон–Саудия консуллик маслаҳатлашувларининг биринчи даврасида хорижий фуқаролар учун режалаштирилаётган янги рақамли платформани Ўзбекистонда ҳам татбиқ этиш масаласида келишувга эришилди. Томонлар, шунингдек, миграция ва консуллик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор йўналишларни муҳокама қилди.

Фото: ТИВ

2025 йил 23 декабр куни Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олим Абдуллаев бошчилигидаги делегация Саудия Арабистони подшоҳлиги ташқи ишлар вазирининг консуллик масалалари бўйича ўринбосари Иҳаб бин Муҳаммад Ал-Нажжар билан консуллик маслаҳатлашувларининг биринчи даврасини ўтказди.

Музокаралар давомида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ушлаб туриш, вақтинча сақлаш ҳамда депортация қилиш ҳолатларида ўзаро хабардор этиш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳужжатларни ўзаро тан олиш ва апостил тизими, миграция ҳамда консуллик хизматларини рақамлаштириш йўналишларида тажриба алмашиш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Қайд этилишича, Саудия Арабистонида хорижий мамлакатлар фуқаролари учун жорий этилиши режалаштирилаётган янги рақамли платформани Ўзбекистонда ҳам татбиқ этиш юзасидан келишувга эришилган. Мазкур тизим хорижий фуқароларнинг Саудияда бўлиши давомида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни олдиндан аниқлаш ва самарали ҳал этишга хизмат қилади.

Мулоқот якунида консуллик маслаҳатлашувларининг иккинчи даврасини Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид