Ўзбекистон | 20:03 / 22.11.2024
3970
4 дақиқада ўқилади

Газ қазиб олишнинг қисқариши 2 млрд кубга яқинлашди, нефт ва бензин ишлаб чиқариш ҳам камайиб боряпти

Жорий йилнинг 10 ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш 4,8 фоизга, нефт қазиб олиш эса 7,2 фоизга қисқарди. Ички қазиб олиш кўрсаткичининг ёмонлашиб бораётганига қарамай, газ сотиш ҳажми ошиб боряпти. Хусусан, йил бошидан бери газ экспорти қарийб 18 фоизга кўпайиб, 540 млн долларга етди.

Фото: Epsilon

Статистика агентлиги 2024 йилнинг январ-октябр ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки 10 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 37,09 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,87 млрд куб ёки 4,8 фоизга қисқарган.

2024 йилнинг январ-октябр ойларидаги газ қазиб олиш кўрсаткичлари:

  • Январ – 3,99 млрд куб (ўтган йилнинг мос даврида – 4,31 млрд куб);
  • Феврал – 3,71 млрд куб (3,85 млрд куб);
  • Март – 3,89 млрд куб (4,16 млрд куб);
  • Апрел – 3,7 млрд куб (3,94 млрд куб);
  • Май – 3,52 млрд куб (3,6 млрд куб);
  • Июн – 3,54 млрд куб (3,7 млрд куб);
  •  Июл – 3,78 млрд куб (3,9 млрд куб);
  • Август – 3,78 млрд куб (3,9 млрд куб);
  • Сентябр – 3,55 млрд куб (3,7 млрд куб);
  • Октябр – 3,6 млрд куб (3,78 млрд куб)

Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,67 млрд куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда эса 51,67 млрддан 46,71 млрд куб метргача ёки 9,6 фоизга қисқарганди.

2018-2023 йиллар оралиғида табиий газ қазиб олиш динамикаси қуйидагича бўлган:

  • 2018 йил – 61,59 млрд куб метр;
  • 2019 йил – 60,71 млрд куб метр;
  • 2020 йил – 49,77 млрд куб метр;
  • 2021 йил – 53,8 млрд куб метр;
  • 2022 йил – 51,67 млрд куб метр;
  • 2023 йил – 46,71 млрд куб метр.

Статистик рақамларга қарайдиган бўлсак, охирги 6 йилда газ қазиб олиш 24 фоизга ёки 14,88 млрд куб метрга камайган. Қисқариш 2024 йилда янада тезлашган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида табиий газ қазиб олиш ҳажмини йилига 62 млрд кубга етказиш вазифаси қўйилганди. Бу – ишлаб чиқариш ҳажми 7 йил ичида 33 фоизга ошиши кераклигини англатади. 

Газ қазиб олишнинг қисқариб бориши фонида импорт ҳажми ошиб боряпти. Хусусан, январ-октябр ойларида хориждан 1 млрд 365 млн долларлик газ сотиб олинган, бу 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда 2,4 баробарга кўп. 

 Ўз навбатида умумий давр учун газ экспорти 17,9 фоизга ёки 540,4 млн долларгача ошган. Айниқса, охирги ойларда газ сотиш ҳажми кескин кўпайди.

Аввалроқ, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов хориждан газ импорт қилиш 2030 йилга бориб 10-11 млрд куб метрга етиши мумкинлигини айтиб ўтганди.

Дастлабки 10 ойликда кўмир қазиб олиш 6 млн 344 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ошган.

Шунингдек, ҳисобот даврида нефт қазиб олиш 684 минг тоннадан 602 минг тоннага (-7,2 фоиз) камайган бўлса, газ конденсати ишлаб чиқариш 994 минг тоннадан 1014 минг тоннага ошган.

Январ-октябр ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,6 фоизга ёки 2,97 млрд kWhʼга кўпайган. Хусусан, 2023 йилнинг 10 ойида 63,66 мрлд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 66,63 млрд kWhʼгача ошган.

Ҳисобот даврида дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 854 минг тоннадан 859 минг тоннага ошган бўлса, бензин ишлаб чиқариш 1 млн 106 минг тоннадан 1 млн 90 минг тоннага камайган.  

Мавзуга оид