Ўзбекистон | 20:05 / 05.07.2023
19129
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Алифбомизни такомиллаштириш бўйича ишларни якунига етказишимиз зарур

Фото: ЎзЛиДеП матбуот хизмати

Бугун, 5 июл куни тошкентлик сайловчилар билан учрашган Шавкат Мирзиёев лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш ишлари охиригача етказилиши кераклигини айтди.

“Мана, кейинги пайтда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш бўйича катта ишларни амалга оширяпмиз.

Айни пайтда олдимизда янги, янада муҳим вазифалар турибди. Жумладан, зиёлиларимиз, кенг жамоатчилигимиз билан бамаслаҳат, лотин ёзувига асосланган алифбомизни такомиллаштириш бўйича ишларни якунига етказишимиз зарур”, – дея президентликка номзоднинг сўзларини келтирди блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябрда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўзбек тилшунос олимларининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича якуний ва ҳал қилувчи йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Унда мутахассислар қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани сабаб алифбодаги o‘, g‘, sh, ch, ng ҳарфларини битта белги билан ифодалаш керак деган қарорга келган ва шу қарор асосидаги ҳужжат лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритиладиган бўлганди. Лекин бу таклиф борасидаги кейинги амалий қадамлар ташланмади.

Алифбони такомиллаштириш бўйича якуний таклифлар

Шунингдек, ўша йили Вазирлар Маҳкамаси лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган эди.

Унда белгиланган қатор вазифалар, хусусан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш топшириғи ижроси юзасидан айни пайтгача маълумот берилмади.

Мавзуга оид