Жаҳон | 18:50 / 29.08.2025
6932
2 дақиқада ўқилади

Туркия Исроил самолётлари учун ҳаво сарҳадларини ёпди ва савдо алоқаларини узди

Ҳоқон Фиданнинг таъкидлашича, турк кемалари Исроил портларига ва Исроил самолётлари Туркия ҳаво сарҳадларига киритилмайди. Reuters’га кўра, ҳаво ҳудудига доир тақиқ «Исроил ҳукуматининг расмий парвозлари ва Исроилга қурол ёки ўқ-дори олиб бораётган парвозларга” тааллуқли. Транзит тижорий парвозлар бундан мустасно.

Фото: Anadolu Agency

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан мамлакат Исроил билан иқтисодий алоқаларни тўхтатганини маълум қилди.

“Исроил икки йилдан буён бутун дунё кўз ўнгида асосий инсон қадриятларига кўз юмиб, Ғазо секторида геноцид жиноятларини содир этмоқда. Биз фаластинликларни Ғазодан қувувчи режага қаршимиз. Қандай режа таклиф этилмасин, бу биз учун амал қилмайди”, деди у Туркия Буюк миллат мажлисида қилган чиқишида.

Фиданнинг таъкидлашича, "Агар Исроилнинг Фаластинга, айниқса Ғазога телбавор ҳужумлар қилишига имкон бериладиган бўлса, бу нафақат фаластинликлар орасида, балки бутун дунёда ёнғин келиб чиқишига олиб келади”.

“Биз Исроил билан савдони бутунлай тўхтатдик. Турк кемалари Исроил портларига киришига изн бермаймиз. Исроил самолётлари бизнинг ҳаво сарҳадларимизга киришига рухсат бермаймиз”, деб таъкидлади Туркия ташқи ишлар вазири.

Аввалроқ Туркиянинг барча 81 вилоятида эҳтимолий уруш вақтида сақланиш учун бомбапаноҳлар қуриш бошлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид