Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркиянинг барча ҳудудларида бомбапаноҳлар қуриш бошланди – ОАВ
Туркия Миллий разведкаси «Исроил ва Эроннинг 12 кунлик уруши»га оид тайёрлаган ҳисоботида ҳукуматга – эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этиш ва яхши жиҳозланган бомбапаноҳлар қуришни тавсия қилганди. Маҳаллий ОАВларга кўра, эҳтимолий уруш ёки таҳдидлар фонида аллақачон бункерларни қуриш бошланган.
Анқара / Фото: ABBPhoto
Туркиянинг барча 81 вилоятида эҳтимолий уруш вақтида сақланиш учун бомбапаноҳлар қуриш бошланди. Бу ҳақда расмий Анқаранинг режалари билан таниш манбасига таяниб Middle East Eye нашри хабар бермоқда.
Нашр манбасига кўра, президент Ражаб Тоййиб Эрдўған бу лойиҳани июн ойида ўтказилган ҳукумат йиғилишида маъқуллаган. Ўша пайтда Эрон ва Исроил 12 кунлик уруш ҳолатида бўлиб, Исроил Эронга ҳаво ҳужумлари уюштирган, Теҳрон эса бунга баллистик ракеталар билан жавоб қайтарган эди.
Туркия Уй-жой қурилиш бошқармасига бункерларни қуриш вазифаси юклатилган. Маълум қилинишича, Туркия Миллий разведка академияси тайёрлаган «Исроилнинг Эронга қарши 12 кунлик уруши»га оид ҳисоботда – ҳукуматга эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этиш ва яхши жиҳозланган бомбапаноҳлар қуриш тавсия қилинган.
Ҳисоботда, шунингдек, йирик шаҳарлардаги метро станцияларидан фойдаланиш ва минтақавий можаро юз берган тақдирда тинч аҳоли орасида талафотларни минималлаштириш чораларини қўллаш таклифлари мавжуд.
Нашрнинг ёзишича, турк расмийларида Исроилнинг йирик шаҳарларда барпо этилган кенг қамровли ҳаво ҳужумидан сақланиш бинолари тармоғи катта таассурот қолдирган. Ушбу бомбапаноҳлар бомбардимонлар вақтида тинч аҳолига бошпана бўлиш имконини берди.
Сешанба куни Туркиянинг NTV телеканали ушбу ташаббуснинг мақсади «мумкин бўлган урушлар ёки офатлар, жумладан, ядро таҳдидларида тинч аҳолининг ҳимояланиши мумкин бўлган хавфсиз ҳудудлар яратиш» экани ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда Туркияда етарли даражада паноҳгоҳ инфратузилмаси мавжуд эмас ва мавжуд объектлар ҳам асосий талабларга жавоб бермайди. Хусусан, 1987 йилда қабул қилинган «Туркиядаги бомбапаноҳларни ташкил қилиш»га доир низом муайян ҳажмдаги биноларда паноҳгоҳ бўлишини талаб қилади. Бироқ амалда бу талаб кўп ҳолларда эътиборсиз қолдирилган: бомбапаноҳ сифатида белгиланган ҳудудлар кўпинча автотураргоҳ ёки омбор сифатида ишлатилган.
Қурилиш учун масъул ташкилотлар бомбапаноҳларни қуришда Япония ва Швейцария каби халқаро тажрибалар ўрганилганини билдирган. NTVʼнинг қўшимча қилишича, қурилиш аллақачон айрим шаҳарларда, жумладан, пойтахт Анқарада бошланган.
Мавзуга оид
07:35 / 06.12.2025
Ракета ўрнига нур: Исроил дунёдаги биринчи жанговар лазерни жойлаштириш арафасида
14:45 / 05.12.2025
Самарқанд электр тармоқлари Туркия компаниясига операцион бошқарувга берилади
13:42 / 05.12.2025
Исроил «Евровидение-2026»да қатнашади, қатор давлатлар танловни бойкот қилади
15:51 / 02.12.2025