Ўзбекистон | 18:50 / 06.07.2021
3618
2 дақиқада ўқилади

Наманганда қиймати 27 миллион долларга тенг цемент заводи ишга тушади

Наманганда қиймати 27,8 миллион AҚШ долларига тенг цемент заводи ишга тушади. У йилига 300 минг тонна цемент ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Фото: Ўзқурилишматериаллари

Наманган вилоятининг Поп туманида «Поп цемент» МЧЖ томонидан янги цемент заводи ишга туширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзқурилишматериаллари»  уюшмаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарларга кўра, Наманганнинг Поп туманида йилига 300 минг тонна цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод барпо этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 27,8 млн долларни ташкил этиб, уни қуриш ишларига 21 млн долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинган.

«Лойиҳани амалга ошириш учун қурилиш ишлари 2018 йилнинг март ойида бошланган, ҳозирги кунга қадар цемент заводининг барча ускуналари тўлиқ олиб келиниб, ўрнатилган. Заводда сўнгги монтаж ишлари олиб борилмоқда. Технологик ускуналар Хитой давлатидаги ҳамкори «Nanjing s-hope cement engineering group» томонидан таъминланган. Aйни кунга қадар 21 млн AҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Жамият ўзининг хомашё базаси, яъни конларига эга. Янги қувватни ишга тушириш билан 300 нафар поплик ёшлар иш билан таъминланади. Ҳозирда ускуналарни ишлаб чиқаришга тайёрлаш, синов жараёнлари амалга оширилмоқда. Тез кунда Наманган вилоятида янги цемент заводи фойдаланишга топширилади»,- дейилади расмий хабарда.

Aввалроқ, «Ўзқурилишматериаллари» уюшмаси 2021 йилда 11та цемент заводи ишга туширилиши ҳақида хабар берганди. Жорий йилда цемент ишлаб чиқариш 16,4 млн тоннага етиши прогноз қилинган эди.

2021 йилнинг дастлабки тўрт ойида эса 1 миллион тонна цемент импорт қилинган. Ўзбекистонда йилнинг биринчи чорагида 2,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилди.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид